Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Элга хизмат қилсангиз

Элга хизмат қилсангиз

Халққа, одамларга нафингиз теккан онларингиз, шубҳасиз, бахтли кунларингизга айланади. Ҳазрати инсонга беминнат хизмат этишу унинг хурсандчилигига шерик бўлишдан кўра ҳаяжонли лаҳзалар бўлмаса керак. Баъзан бундай кишиларнинг юзида миннатдорлик ифодасини кўрар экансиз, умрингиз бесамар ўтмаётанлигини ҳам тушунасиз.

Президентимизнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари моҳиятан ана шу эзгу мақсад — инсонга, одамларга хизмат қилиш вазифасини ўз зиммасига олган. Аниқроғи, соҳага доир амалдаги қонунларимиз ижроси доирасида фуқаролар ҳамда корхона ва ташкилотлар томонидан қилинаётган мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этиш, келиб тушган ва тегишлилиги бўйича давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилгани мурожаатлар устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириб келмоқда. Олиб борилган ишлар натижасида жорий йилда биргина Шўрчи туманида мурожаатлар қарийб 40 фоизга камайди.

Аниқ мисолларга мурожаат қилсак. Тумандаги “Тамаддун” маҳалласида яшовчи Шаҳноза Собирова “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурига кўра, имтиёзли кредит олиш учун икки ойдан буён сарсон бўлаётгани ҳақида бизга мурожаат этганди. Ушбу мурожаат ўрганилганда, фуқаро Ш.Собировага туман ҳокимлиги томонидан мурожаати қаноатлантирилгани ҳақида жавоб хати юборилгани маълум бўлди. Халқ қабулхонаси аралашуви билан 10 кунлик муддатда Ш.Собировага 27 миллион сўм миқдорида 7 фоизли кредит маблағи ажратилиши таъминланди. Ҳозирда Шаҳноза олинган кредит маблағини мақсадли ишлатиб, беш дона тикув машинаси сотиб олди ва яна 4 нафар қишлоқ қизларини иш билан банд қилди. “Ойнакўл” маҳалласида яшовчи П.Эшмўминов Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, туман давлат солиқ инспекцияси томонидан ер ва мулк солиғи тўлови учун пластик картасидан 28500 сўм ўрнига янглишиб 285 000 сўм ечиб олинганлиги, ортиқча олинган пулни қайтариб ололмаётганини билдирди. Халқ қабулхонасининг аралашуви билан бу муаммо бир кунда ҳал этилди.

Ишсизликдан ҳимояланиш ва муносиб меҳнат шароитларида ишлаш ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари саналади. Шу мақсадда бизга мурожаат этаётган фуқаролар бандлигини таъминлашга ҳам устувор вазифа сифатида қараб келмоқдамиз. Фуқаро И. Ҳайитов икки нафар меҳнатга лаёқатли фарзандининг ишсизлиги тўғрисида бизга мурожаат этганди. Қисқа фурсатда фуқаро И. Ҳайитовнинг бир ўғли туман йўлдан фойдаланиш корхонасига, иккинчиси “Шўрчи пахта тозалаш заводи”га ишга жойлаштирилди. Шунингдек, фуқаро Рисолат Тўрахонова Халқ қабулхонаси аралашуви билан тумандаги 65-умумтаълим мактабига ўқитувчи вазифасига ишга қабул қилинди.

Фуқаро Холмўмин Мухитов, Анорхол Раззоқоваларнинг мурожаатида хонадони газ тармоғидан узилганлигига қарамасдан асоссиз равишда қарздорлик ҳисоблангани, Жуманазар Соатов, Абдихолиқ Шерматовларга эса электр тўловларини ортиқча тўланганлиги инобатга олинмасдан қарздорлиги тўғрисида огоҳлантирилганлиги ҳақида мурожаат этганди. Ушбу ҳолатлар ўрганиб чиқилди ва қайта ҳисоб-китобларга кўра, фуқароларнинг қарздорлиги йўқлиги аниқланиб, мурожаатлари тўлиқ қаноатлантирилди.

Райимберди ХЎЖАҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Шўрчи тумани Халқ қабулхонаси мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мен тадбиркор бўлмоқчиман

Тадбиркорлик қилиш учун яратилган шарт-шароит халқимизга берилган катта имтиёз бўлди. Тадбиркорликнинг қайси соҳасига қўл урманг, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan