Бош саҳифа / Жамият / Элга хизмат – бурчимиз

Элга хизмат – бурчимиз

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан одамларнинг дарду ташвишлари ва ҳаётий муаммоларини ҳал этиш юзасидан янгича тизим яратилгани ўз самарасини бераяпти. Бу тизим эса ўз навбатида ҳар бир раҳбар зиммасига халқнинг дарди билан яшаш масъулиятини юклайди. Ислоҳотлар касаба уюшмалари фаолиятида ҳам янгича мазмун касб этаётир.

Вилоятимиздаги мулкчилик шаклидан қатъий назар, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланиши, соғломлаштирилиши, уларга қулай иш шароити яратилишида касаба уюшмаларининг ўз ўрни бор. Жумладан, тузилган 12 мингдан зиёд жамоа шартномалари асосида жами 294,3 минг нафар ишловчининг манфаатлари қамраб олинган. Жамоа шартномаларига ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирувчи меъёрлар, иш ҳақи миқдорини босқичма-босқич ошириб боришни назарда тутувчи бандлар, иш ва дам олиш соҳасида қўшимча имтиёзлар, ижтимоий ҳимояни кучайтириш чоралари киритилган.

Касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар иш шароитларини яхшилаш, ҳақ-ҳуқуқлари, меҳнат муҳофазасини таъминлаш каби кенг қамровли фаолиятида инсон манфаатлари бош омил ҳисобланади. Айниқса, бугунги кунда касаба уюшмалари одамлар ҳаётига дахлдор вазифаларни ҳал этишда сезиларли юмушларни бажараётганини таъкидлаш жоиз. Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, бу борада юзлаб далилларни келтириш мумкин. Масалан, Сариосиё туманидаги “Жаннатмакон” маҳалласида яшовчи Замира Турсунова ташкилотимизга турмуш ўртоғи иш жойида соғлигига етказилган зарар учун товон пулини 10 йилдан бери ололмай саргардон бўлгани юзасидан мурожаат қилганди. Касаба уюшма фаоллари аралашуви билан “Шарғун кўмир” АЖдан мурожаатчининг турмуш ўртоғига 74,2 миллион сўм товон пули ундириб берилди. Термиз шаҳридаги “Паттакесар” маҳалласида яшовчи Наргиза Муқимова ва Норой Хоноваларнинг хонадони касаба уюшма аъзолари кўмагида таъмирдан чиқарилди.

Бирлашмамиз фаоллари бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда хонадонма-хонадон кириб, муаммоларни ўрганиб, жойида ижобий ҳал этишмоқда. Шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Айниқса, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга кўрсатилаётган беғараз ёрдамлар кўнгил яраларига малҳам бўлаётир. Ўтган йили 3010 та хонадонга қарийб 3 миллиард сўмлик газ плита ва маиший баллонлар, чангютгич, кир ювиш машиналари туҳфа қилинди. 244 миллион сўм маблағ эвазига 490 та оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилди. Касаба уюшмалари кўмагида 65 та кам таъминланган, ночор оилалар янги уй-жойга эга бўлишди. Шу билан бирга 168 нафар беморнинг соғлигини тиклаш учун 640 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

Касаба уюшма ходимларининг уйма-уй юриб шакллантирган рўйхатига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 октябрдаги тегишли қарори билан тикувчилик, иссиқхона, паррандачилик, чорвачилик йўналишларини ривожлантириш учун 964 та оилага 9,1 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, хайрли ва эзгу ишларга ҳам бош-қош бўлинди. Хусусан, 46 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи, 355 нафар боланинг суннат тўйларини ўтказишга 1,1 миллиард сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Бундан ташқари, ногиронлиги бор 20 нафар фуқарога умумий қиймати 31,5 миллион сўмлик тикув машиналари олиб берилиб, уларнинг доимий ишли бўлишига эришилди.

Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашда ҳам касаба уюшмалари бирлашмаси томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Жумладан, ўтган йил давомида 7981 нафар хотин-қизга бир миллиард 28 миллион сўмлик ижтимоий ёрдам берилди. Шунингдек, Термиз шаҳрида яшовчи кам даромадли, ногиронлиги бор 19 нафар аёлга умумий нархи 28,5 миллион сўм бўлган замонавий “Ямата” русумли тикув машиналари олиб берилиб, уларнинг касаначилик билан шуғулланиши учун шароит яратилди.

Ўзбекнинг аёллари матонатли, меҳнаткаш, сабр-бардошли. Тонг саҳардан фарзандим, рўзғорим дея уйқудан уйғонади. Қишлоқларимиздаги аёллар орасида, рўзғорим, бола-чақам деб ёниб яшаб, уйининг остонасидан нарини кўрмаганлари жуда кўп. Шуни ҳисобга олиб, айнан шундай аёллар учун мамлакатимизнинг йирик шаҳарлари ва табаррук қадамжоларига саёҳатлар уюштирилди. Йил давомида 568 нафар ишчи-ходимнинг Самарқанд, Бухоро, Навоий, Душанбе шаҳарларига саёҳатлари ташкил этилди.

Хотин-қизларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш касаба уюшмалари фаолиятида алоҳида ўрин эгаллайди ва уларнинг мурожаатлари вақтида ҳал этилаётир. Масалан, Жарқўрғон туманидаги “Ўрикли” маҳалласида яшовчи Ҳафиза Қурбоналиева ишдан ноқонуний бўшатилгани бўйича мурожаат қилганди. Ходимларимиз томонидан мурожаат атрофлича ўрганилди ва ҳақиқат қарор топди. Бугунги кунда Ҳ. Қурбоналиева жамоасида ўз фаолиятини давом эттираётир. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Аёнки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун!” деган ғоя мужассам. Президентимиз томонидан ана шу ғоя асосида қабул қилинаётган фармон ва қарорлар касаба уюшмаларининг фаолият майдонини кенгайтирмоқда, касаба уюшма вакилларининг халқ ичига чуқур кириб бориш ва муаммоларни ҳал этишга кўмаклашишга даъват этаётир. Бир сўз билан айтганда, элнинг корига камарбасталик инсоний бурчимиздир.

А. АҲМЕДОВ,
вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари
бирлашмаси Кенгаши раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE