Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Элга эш бўлган фермер

Элга эш бўлган фермер

Оиладаги фарзандлар ўғил бўладими, қиз бўладими, меҳнатга ўргангани афзал. Чунки меҳнатсевар киши ҳаётдаги машаққатларга чидамли, сабрли бўлади, рўзғор юки елкасига тушганда қийналиб қолмайди.

Оиласи билан собиқ “Қизил юлдуз” (ҳозирги М. Азизов номли СИУ) хўжалигида яшасада, кўп вақт  “Ангор” совхозига қатнаб бригадир, бўлим бошлиғи, товуқчилик фермаси мудири вазифаларида ишлаган Эшбўри Бекмуродовнинг фарзандлари бир этак эди. Ўғилларидан ўртанчиси Рустамни бригадир бобо (“Ангор” совхозидагилар Эшбўри акани шундай аташарди) кўзи очилсин, ҳаётнинг паст-баландини билсин, юрт кўрсин, тил ўргансин, бизнинг оиладан ҳам ўқимишли одам чиқсин, деган орзую ниятлар ила еттинчи синфни битиргач, Россиянинг Ленин- град (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрига ўқишга жўнатганди. Рустам олис ўлкадаги билим юртида уч йил таҳсил олиб ҳунар ўргандию, аммо Ленинграддаги институтга ўқишга киролмади.

Қишлоққа қайтиб томор- қаларида картошка, карам етиштирди, анор дарахтлари парвариши билан шуғулланди. Ишдан бўйин товламайдиган ўсмирнинг бўш пайтлари қўлидан китоб тушмасди. Интилиш эвазига кейинги йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабаси бўлди. Талабалик даврида ҳам, Ангордаги транспорт касб-ҳунар коллежида ўқитувчилик қилганда   ҳам оила томорқасининг ихтиёри Рустамга  топширилганди. Меҳнатсевар Рустам ўқитувчилик маошию томорқа маҳсулотлари даромадидан жам- ғарган сармоялари ҳисобига отасига оғирлик туширмай уйланди. Акалари оиласи хўжаликдан ижара шартномаси асосида 10 гектардан ер олиб, ишлаганда Рустам ҳам ўқитувчилик қилди, ҳам оиласи билан шу тартибда 10 гектар ер олиб, деҳқончилик билан шуғулланди.

Бу орада ширкат хўжалигининг экинзорлари фермер хўжаликларига тақсимлаб берилаётганда, Бекмуродовлар оиласи ҳам фермерликка даъвогар бўлди. Анча вақтдан бери ўзлари ижара асосида экин экиб келаётган 30 гектар замин “Эшбўри Бекмуродов” фермер хўжалигининг чекига тушди ва унга қўшимча 19 гектар ер бириктирилиб, умумий майдон 49 гектарга етказилди. Бошқаришнинг янгича усули. Энди  ширкат давридагидай таъминот йўқ. Агроном ҳам, ҳисобчи ҳам, таъминотчи ҳам, мироб ҳам фермернинг ўзи. Ўзинг югурасан, ўзинг топасан, ўзинг тақсимлайсан. Бириктирилган замин ҳайдовсиз эди. Ширкатдан фермер хўжалигига теккани эски бир трактор бўлди. Мард бўлиб ўртага чиқдингми, бажариш шарт. Оила аъзолари бирлашиб, ер ҳайдашга имкон ҳам, трактор ҳам топишди. Синов йилги мавсум муваффақиятли якунланди. Ҳар гектар пахтазордан 30 центнердан хирмон кўтардилар. Бу орада вазифасини уддалай олмаган қўшни фермерларнинг ерини қўшиб беришди. Умумий майдон 102,9 гектарга етди. Бу эса қўшимча ташвишлар туғдирди. Даромадни бошқа мақсадларга сарфламай техникани кўпайтириш чорасини изладилар. Лизинг шартларида “Алтай”, ТТЗ-80, Т-38 тракторлари харид қилинди.

— Орада бир-икки йил ерларни шудгорлашда анча қийналдик, ҳар йилги даромадимизнинг бир қисми четдан жалб қилинадиган ҳайдов тракторлари харажатларига кетиб қоларди, — дейди Рустам анча ишбилармон иқтисодчи бўлиб қолганини кўрсатиб. — 2015 йил “Арион” русумли тракторни 300 миллион сўмга лизингга олдик. Техника ўзимизники бўлгандан кейин ғўзадан, ғалладан ва бошқа экинлардан бўшаган майдонларни эмин-эркин ва сифатли шудгорлаяпмиз.

Боз устига йил давомида қўшниларга кўмаклашиб, қўшимча пул топиб, лизинг идорасига тўлаб қарзимизни ёпаяпмиз. Яна  бир-икки йилдан кейин трактор доимий ўзимизники бўлиб қолади…

Хўжаликда ҳосилдорлик ошиб, маблағ қанча кўпаймасин, Рустам фермер биринчи галда аъзоларини рағбатлантириш ҳақида қайғуради. Фермернинг аёли ерга  чигит экишдан тортиб, то шудгор якунлангунича ҳамиша аъзоларга иссиқ овқат пишириш билан овора. Терим пайти, ўрим даври, шудгор вақти аъзоларга икки марта қозон осади. Шунинг учун Холбой Холиёров, Бойқобил Эшқувватов, Жума Тилявов, Сафар Чориев каби тажрибали сувчилар хўжалик ташкил этилганидан бери аъзо. Аввалги йили туман раҳбарлари Рустам фермерга жамоангиздан бировни ҳукумат орденларига тавсия қилайлик, деб маслаҳат солишганда раҳбар ўзини ортга тортди. Узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган тажрибали сувчиси Жума Тилявовнинг номзодини тавсия қилди. Ҳозирда Жума Тилявов “Шуҳрат” медали соҳиби.

—Даладаги барча юмушларни шу одамлар бажаради, — дейди иш бошқарувчи Қилич Бекмуродов. — Раҳбаримиз қаердан бўлмасин ойма-ой 500 минг сўмдан нақд беради. Ғалла ўрими якунлангач, ҳар бир аъзога 600 килограммдан буғдой текин улашилади, яна аъзоларнинг хоҳишига қараб 1,5-2 тоннадан буғдой натура ҳисобида берилади. Бундан ташқари, аъзоларнинг ҳар бири хонадонига икки тележкадан ғўзапоя, сомон элтиб тўкилади. Томорқасини, ғалладан бўшайдиган ердан такрорий экин учун ажратиладиган майдонни фермер техникаси билан бепул ҳайдаб беради.

Албатта, рағбат кўрган одамнинг товони қизиб ишлайди. Ҳозир вилоятдаги кўпгина фермер хўжаликларида нари борса 4-5 нафар аъзоси бор, уларнинг ҳам асосий қисми ёшлар. Биз сўз юритаётган  жамоада меҳнат қилаётган 17 нафар ишчининг ҳаммаси тажрибали. Айримлари ёши нафақага етган бўлса ҳам жамоадан кетгиси йўқ. Чунки меҳнатларига яраша ҳақ олишади, энг муҳими, аҳиллик ҳукмрон. Аъзоларнинг бир мақсад, яъни ердан унумли фойдаланиб, мўл ҳосил етиштириш ва даромадни  кўпайтириш йўлида ҳамжиҳатлик билан ишлаётганликлари туфайли пахта, ғалла ҳосилдорлиги ортиб, режалар мудом бажарилмоқда. Ўтган йили 51 гектар ерга “Гром” навли буғдой уруғини қадаган деҳқонлар ўсимлик парваришига меҳр билан ёндашганликлари боис ҳар гектар ғаллазордан 63 центнердан сара дон йиғиб олишди. Ялпи ҳосилнинг 205 тоннаси давлат омборларига топширилган бўлса, 116 тоннаси жамоа ихтиёрида  қолдирилди.

Хўжаликнинг анча йилдан бери Ангор  туманида  илғорлигини ҳисобга олиб, эплайди деган ишонч билан ўтган йил  39 гектар майдонда ингичка толали ғўзанинг “Иолатан” навини ўстириш режалаштирилди. Худди шу фермер хўжалигида бор имконият, шароит қўшни хўжаликларда бўлса ҳам бошқалар бу навдан паст ҳосил олдилар. “Эшбўри Бекмуродов” фермер хўжалигида ҳар  гектар пахтазордан 34 центнердан хирмон кўтарилди. Ҳосилнинг 70 тоннаси уруғликка қабул қилинди. Бу ҳам жамоага қўшимча даромад. Ишчиларнинг руҳи баланд, боши осмонда. Чунки улар ил- ғорликларию миришкорликлари билан фахрланишга ва мақтанишга лойиқ.

— Рости, ютуқларимизнинг ҳаммаси техника билан боғлиқ. Тракторларимиз яп-янги, уларни Саид Худоёров, Шерали Аннамирзаев, Холмурод Номозов, Азамат Эргашев каби тажрибали механизаторлар бош- қаришади. Техникамиз етарли бўлгани туфайли ҳар бир агротехник тадбир ўз фурсатида бажарилади.  Бу эса далаларда мўл ва сифатли ҳосил яратишга асос бўлаяпти, — дейди фермер Рустам Бекмуродов.

Айни пайтда далалар тиним даврида. Лекин деҳқонлар тинмаяпти. 50 гектар майдонда парваришланаётган ғалла ҳолати кўзни қувонтиради. Иккинчи марта озиқлангани учун майсалар бўлиқ. Чигит экишга мўлжалланган дала текисланиб, пушта олиниб, суғоришга тайёрланаяпти. Аъзолар ҳар куни гўнг  тўплаш, сув йўлларини тозалаш билан банд. Механизаторлар техникаларни баҳорги экиш мавсумга шайлашаяпти.

Рустам Бекмуродов фермерлик ташвишидан бўшаган пайтлари ўзи яшайдиган “Таллашқон” маҳалласига ҳам оралаб туради. Маҳалла фаоллари таклифи билан ёзда чанг, қишда лой бўлиб ётадиган кўчаларга тош ётқизилди. Ҳашар уюштирдилар. Техника ва ёнилғини фермер ажратди. Ишловчиларга бош бўлди. Иссиқ овқатини ташкил этди. Қарабсизки, кўчалар анча тартибга келиб қолди.

Ширкат даврида қурилган ва орада қаровсиз қолган клубни Бекмуродовлар олиб таъмирлашди. Эл эҳтиёжини ҳисобга олиб бу жойда қассобхона, сартарошхона, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган дўконлар, тикув цехи ташкил қилинди. Рус- там Бекмуродов фермер бўлса ҳам маҳалла аҳли эҳтиёжини яхши ўрганган. Қишлоқда тўй-маърака тез-тез ўтказилади. Нон тўй дастурхонига ҳам, хонадонларга ҳам керак. Одамлар иссиқ нон олиш учун Ангор бозорига боришга  мажбур  эди. Шуни ҳисобга олиб Рустам фермер қишлоқ марказида новвойхона очди. Деновнинг “Сина” қишлоғидан Нажмиддин нонпазни бошлаб келди, ундан ижара ҳақи сўрамайди, нон керак бўлса пулига олади. Ишқилиб, қишлоқда нон пишиб турса бас. Ҳар куни эл новвойхонадан иссиқ нон оларкан, нов- вой билан бир қаторда Рустам фермерни ҳам дуо қилишади. Кўпнинг дуоси ижобат бўлиб, фермернинг деҳқончилиги бароридан келмоқда, обрўси ортиб бораяпти. Жамоа пешқадамлиги учун яқинда хўжалик раҳбари Президентимиз қўлидан “Дўстлик” орденини олиб қайтди.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE