Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Элдан кам бўлмайсиз

Элдан кам бўлмайсиз

Ангор туманидаги “Қорабоғ” маҳалла аҳли ҳам деҳқончиликдан яхши даромад топиб, фаровон турмуш кечирмоқда.

Иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилинаётганлиги қувонарли, албатта. Шу маҳаллада яшовчи Расул Ўтаганов яқингача оиласи бағридан узоқда, хорижда меҳнат қиларди. Оиладагиларнинг маслаҳати билан хориж сафарларини қўйиб, ўз томорқасида иссиқхона қурди. Деҳқончилиги баракали бўлди.

— Доимо яқинларимдан узоқда бўлиш, Ватан соғинчи қалбимни ўртарди,— дейди Расул Ўтаганов. — Қишлоғимизда деҳқончилик орқасидан яхши яшаётганларни кўриб, уйга қайтдим. Аввалига турмуш ўртоғим билан 5 сотих ерда иссиқхона қурдик. Даромадимиз ҳисобига келгуси мавсумда уни яна 5 сотихга кенгайтирдик. Мана, олти йилдирки, иссиқхонада помидор ва бодринг экамиз. Бундан ташқари, лимон ҳам етиштирамиз. Даромадимиз йилига 25-30 миллион сўмдан кам бўлмаяпти. Амин бўлдимки, ҳалол меҳнат билан ўз ерингда ҳам фаровон яшаш мумкин экан.

Қувонарлиси шундаки, Ўтагановлар оиласининг бошқа вакиллари ҳам Расул акадан ўрнак олиб, деҳқончилик билан шуғулланиб келишмоқда.

— Укамнинг маслаҳатига кўра, мен ҳам 8 сотихли иссиқхона ташкил қилдим,— дейди Тоштемир Алланазаров. — Помидор ва бодрингни қачон экиш, уни қандай парвариш қилиш кераклигини укам Расулжон доим ўргатиб боради. Бу йил биринчи ҳосилни йиғиб олаяпмиз. Даромадимиз анча яхши. Оиламизнинг ҳамма аъзоси иш билан банд. Фаолиятимизни янада кенгайтирмоқчимиз.

Албатта, меҳнат қилган роҳатини ҳам кўради. Ака-ука Ўтагановлар оиласи баҳамжиҳат бўлиб, халқимиз дастурхонига ноз-неъматлар етиштириб бермоқда. Даромадлари эвазига тўйлар қилиб, янги автомашиналар ҳам олишаяпти. Демак, хорижда сарсон бўлиб юргандан кўра, томорқасида чин дилдан меҳнат қилган элдан кам бўлмас экан.

Гавҳар ЖУМАЕВА,

 журналист

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Деҳқонларга қўшимча даромад

Бу йил ғаллакорларимиз юқори ҳосил етиштириб, давлатга дон сотиш режасини ошириб бажаргани кўпчиликка маълум. Яхши …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE