Бош саҳифа / Жамият / Эл ўз шоир-ёзувчисини танисин

Эл ўз шоир-ёзувчисини танисин

—   Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида лавозимга киришишнинг илк кунлариданоқ китобхонлик ва мутолаа масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бу борада қатор қарор ва фармойишлар қабул қилиниб, давлат дастурлари амалга оширилмоқда. Мутолаанинг, китобхонликнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилишига сабаб нимада деб ўйлайсиз?

—   Маълумки, одамзот азал-азалдан доимо эзгуликни улуғлаб келади. “Авесто” китобининг олтин қоидаси — ўзак ғояси “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал”, деган сўзлар ҳам дунёда эзгулик тантанасига бўлган ишончнинг яққол кўриниши десак, тўғри бўлади. Ёки туркий адабиётнинг буюк намояндаси Юсуф Хос Ҳожибнинг саодатга, эзгуликка элтадиган йўл, деган маънони англатадиган “Қутадғу билиг” номли асарида адолатга эришиш масаласини бутун бир маърифий дастур сифатида ёритиб бергани ҳам бор гап.

Ижодда, илму фанда буюк аждодлар эришган муваффақиятлар билан фахрланиш жуда яхши. Бироқ фахрланишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу ютуқларни мунтазам равишда янгилари билан бойитиб, муттасил ривожлантириб бормайдиган бўлсак, кўп нарсани бой берамиз, миллатнинг қаноти қайрилиб қолади. Шунинг учун ҳам китоб мутолаасига эътибор қаратиш бениҳоя зарур.

Президентимизнинг китобхонлик маданиятини ғоят долзарб, кечиктириб бўлмайдиган давлат сиёсати даражасидаги масала сифатида кун тартибига қўйганлиги ҳам айни олижаноб мақсад, муддаолар билан дунёни эзгулик рангида кўриб яшашга даъват, десам муболаға бўлмайди.

—  Бугунги глобаллашув жараёнида халқимиз миллий қиёфаси, ички маънавий бутлигини асраб қолишда адабиёт ва санъатнинг куч ва имкониятини қандай изоҳлайсиз?

—    Жаҳоннинг машҳур адибларидан бири адабиётнинг инсон камолоти ва жамият равнақидаги ўрнига мана бундай баҳо берган эди: “Математика, физика, кимё сингари аниқ фанлар илмнинг улкан намояндаларини етиштириши мумкин. Лекин ҳақиқий ватанпарварни адабиёт ва санъат тарбиялайди”. Дарҳақиқат, адабиёт ва санъат инсоннинг маънавий-руҳий оламини, миллат ҳаётини ўзида бадиий акс эттирадиган ойна. Бу ойнада наинки, муайян миллатнинг, умуман, инсон зотининг латофатию қабоҳати, фазилатларию нуқсонлари бор мураккаблиги билан намоён бўлади. Агар бошқа илмлар одамнинг ақлу тафаккурини чархласа, адабиёт ва санъат ақлу тафаккурни ўткирлаштириши баробарида, туйғуларни ҳам тарбия лайди. Бу жиҳатдан айниқса, адабиётга тенг келадиган куч йўқ. Барча замонда инсоният адабиёт ва санъатга кучли эҳтиёж сезиши сабаби шунда.

—  Сизнинг ҳаётингизда мутолаанинг ўрни қандай? Ўзингиз илк бора бадиий китоб билан дуч келган кунингизни қандай хотирлайсиз? Сиз ўқиган биринчи китоб қайси китоб эди?

—     Эсимда, эндигина ўқишни ўрганган чоғларимда мени кўпроқ халқ эртаклари, ҳикмат ва маталларидаги донолик ҳайратга со-ларди. Болалигимдан эшитиб юрган мақол-маталларим, бетакрор эртаклар зеҳнимни чархлаган, гўёки улар болалик дамларимга зийнат бағишлагандай. Албатта, илк бора эртак китобларни ўқиганман. Эртаклар таъсирида ҳаётга муҳаббат, оилага, ота-онага меҳр, дўсту ёрга садоқат, келажакка умид, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва адолат тантанасига ишонч туйғулари пайдо бўлган.

Вақт ўтиши билан улғайиб, ҳикоя ва асарларни ўқий бошлаганман. Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикоялар тўплами, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, “Сариқ девнинг ўлими” асарлари шулар жумласидандир. Шу ўринда истиқлол арафасида ва мустақиллигимизнинг дастлабки даврида айрим юртдошларимизда китобга, китобхонликка қизиқиш бир қадар сусайган вақтлар бўлганини эслайлик. Ҳозирги пайтда юртимизда китобхонлик, китобсеварлик фазилати яна юксалиб бормоқда. “Китоб жавони — ҳақиқий зиёлининг энг ардоқли давлати”, деган анъана қайтадан урф бўлмокда.

— Вилоятда китоб тарғиботи китобхонлик маданияти ва маънавий ислоҳотларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш   ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижросига алоҳида эътибор қаратилмокда, негаки, бу фармойиш халқимиз маънавиятини янада юксалтириш, ёш авлод қалбида китобга меҳр уйғотиш, комил инсонни тарбиялаш борасида жуда муҳим қадам бўлди.

Вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши томонидан вилоятнинг ўтмиши, муқаддас қадамжолари, воҳанинг шонли тарихидан дарак бериб турувчи тарихий обидалари, археологик ёдгорликлари, бугунги кундаги тараққиёт одимлари, такрори йўқ, беназир сўлим табиати, маданияти, урф-одатлари, қадрият ва анъаналарини ўзида акс эттирган бир сўз билан айтганда, қадим ва енгилмас маънавиятини намоён этувчи “Сурхондарё: буюк ўтмишдан, ёрқин келажак сари” номли китоб- альбомининг нашрдан чиқарилиши кенг жамоатчилик томонидан юксак эътироф билан қарши олинди.

— Китоб мутолааси деганда бадиий адабиёт тушунилади…

 — Тўғри,  бадиий  китоблар тар- ғиботи, шоир-ёзувчиларни элга таништириш учун боғчадан университетгача китоб мутолааси бўйича тизимли дастур ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Токи, фарзандларимиз қайси босқичда қандай китобларни ўқиб чиқиши зарурлиги ойнадек равшан бўлсин. Бунда тавсия этиладиган китоблар ўқувчининг ёш хусусиятига боғлиқ ҳолда тадрижий асосда берилиши айни муддаодир. Китоб мутолааси тизимининг мукаммал амалга оширилиши ҳар бир ўқитувчи ва мураббийнинг касбий бурчига, виждон амрига айлансагина, кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Қолаверса, оилавий китобхонликни анъанага айлантиришимиз керак. Бола, аввало, оиладан ўрнак олиши азалий ҳақиқат. Бугун реклама замони. Шу сабабли, китобхонлик тарғиботида ҳам рекламадан самарали фойдаланиш лозим. Давлатимиз раҳбарининг қарорида: “… адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп ва кўргазмали адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолиятини ривожлантириш” масаласига алоҳида эътибор қаратилгани замирида ҳам айни ҳақиқат мужассам. Шунга кўра, фақат тижорат ёки бизнес-шоу намуналари эмас, китоб рекламасига ҳам алоҳида эътибор қаратиш даври келди. Марказий кўчалардаги реклама лавҳаларида энг яхши бадиий, илмий ҳамда публицистик асарлар тарғиботи йўлга қўйилиши керак. Рекламанинг бу тури китоб муаллифига рағбат ва ўқувчига эслатма бўлади ва бир вақтнинг ўзида икки тарафлама самара бера олади.

Энг муҳими, жамиятда китоб ўқиган одам ўқимаганларга нисбатан имтиёзга эга бўлишига эришмоғимиз зарур. Токи, китобхон, ўқимишли, зиёли одамлар даражасига эришмоқ ёшларнинг орзусига айлансин. Бош- қача айтганда, зиёлининг, хусусан, ўқитувчининг жамиятдаги юксак мав- қеини янада мустаҳкамлашимиз керак. Япония Бош вазиридан мамлакатнинг технологик тараққиёти сири нимада эканини сўраганларида, унинг жавоби қуйидагича бўлган экан: “Биз ўқитувчиларга вазирларнинг маошини, дипломатларнинг дахлсизлигини ва императорнинг ҳурматини бердик”.

Бундан бир қанча йил муқаддам устоз адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов оламдаги етти мўъжизага ишора қилиб, китобни саккизинчи мўъжиза, деб атаган эди. Бу фикрни давом эттириб, китобни ҳамма мўъжизадан ҳам аввалги мўъжиза — мўъжизалар мўъжизаси деб атаган бўлар эдик. Модомики, биз келажакка катта умид ва ишонч билан боқар эканмиз, китобга, китобхонликка қайтмоғимиз шарт. Зеро, китоб йўли — одамзод учун ўзликка қайтиш ҳамда камолот, жамият учун эса чинакам юксалиш  йўлидир.

(“Китоб дунёси” газетасидан олинди)

Тоштемир ТУРДИЕВ
суҳбатлашди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan