Бош саҳифа / Жамият / Эл қурган иморат

Эл қурган иморат

Якунланаётган йил тоғлик аҳоли учун унутилмас йил бўлди. Дарбанд дарасидан ўтувчи йўлга асфальт ётқизилди. Кўприклар қайта қурилди. Энг муҳими, хўжаликдаги Хўжадияк, Газа, Товушқонли, Қизилнавр, Кентала қишлоқларигача бўлган йўллар таъмирланди, тош-шағал ётқизилди.

Қуйи Мачайнинг Мозоришоҳ массивида газ қуйиш станцияси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, профилактика инспектори учун турар-жой ва иш жойи сифатида замонавий бино бунёд этилди.

— Дарё оралиғида жойлашган қишлоқ аҳолиси баланд тепаликларга чиқиб, “Перфектум” телефонлари билан алоқага чиқа оларди. Эндиликда юқоридаги тоғли қишлоқларнинг исталган жойидан мобиль алоқа ишламоқда. Бунинг боиси мобиль алоқа станциялари барпо этилди. Радио ва телеэшиттиришлар бир неча каналлардан оладиган бўлди. Ярим асрда бўлмаган янгилик қишлоғимизда жорий йилда амалга оширилди, — дейди халқ депутатлари Бойсун туман Кенгаши  депутати Назар Турдибоев. — Бундай янгиликларнинг санаб адоғига етиш қийин. Буларнинг барчаси учун қишлоқ аҳли Президентимиздан, вилоят ва туман ҳокимлигидан миннатдор бўлишмоқда.

Юқори Мачай қишлоқ аҳли янги йилга яна бир туҳфа ҳозирлашди. Маҳалла раиси Мелимамат Аҳмедовнинг ташаббуси билан ҳашар уюштирилди. Бир пайтларда қурилган деворлари ёрилиб, абгор ҳолдаги маҳалла идораси бир хонадан иборат эди. Оқсоқолнинг гапи кўпчиликка маъқул тушди. Буни тумандаги масъул кишилар ҳам қўллаб-қувватлашди.

Эски идора ўрнига мажлислар зали ва беш хонадан иборат замонавий маҳалла идораси бунёд этилди. Бунда маҳалла раиси 8 миллион, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими 6 миллион, қишлоқдаги тадбиркорлар, фермерлар, ҳатто нафақахўр қариялар ҳам ўз жамғармаларидан ҳисса қўшишди. Энг муҳими, барча қурилиш материаллари, акфа эшик-ромлар, шифер, ёғоч ҳам ҳомийлик маблағлари ҳисобидан харид қилинди. Конституциямизнинг 25 йиллиги байрами кунида ҳашар ва ҳомийлар ҳисобидан бунёд этилган маҳалла янги биносининг очилиш маросими ўтказилди. Унда “Юқори Мачай” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мелимамат Аҳмедов ўз ҳисобидан ош берди. Тадбирда йиғилганлар ҳомийларга, ташкилотчиларга, қурувчи усталарга ўз миннатдорчилигини билдиришди. Сўзга чиққанлар халқ бирлашса, ҳар қандай мушкулотни бартараф этиш мумкин эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Сафар АЛИ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan