Бош саҳифа / Жамият / Эл ташвишига шерик бўлайлик

Эл ташвишига шерик бўлайлик

Ҳақиқатни тан олиш керак, яқин-яқингача аксарият амалдорларнинг оёғи ердан узилган эди. Сиёсий партияларнинг фаолияти деярли сезилмасди. Кўпчилик депутатлар йиллар давомида ўз сайловчилари ҳузурига келмасди. Хуллас, халқ билан алоқа узилиб қолганди. Афсуски, бу гаплар биз журналистларга ҳам тааллуқли.

Халқ билан мулоқотни унутиб қўйган эдик. Тинчимизни ўйлаб, ўзимизни четга олиб юрардик. Одамларнинг ўй-ташвишлари, ҳаётий муаммолари бизни сира қизиқтирмасди. Кўриб-кўрмаганга, билиб-билмаганга олиб юраверардик.

Хайриятки, мамлакатимизда янгиланишлар даври бошланди. «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун»» деган олижаноб ғоя изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу борада айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида» ги фармони ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур фармон босиб ўтилган йўлни чуқур таҳлил этиш, билдирилган кўплаб таклиф-тафсияларни атрофлича ўрганиш ва умумлаштириш асосида ишлаб чиқилган. Унда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг бешта устувор йўналишлари белгилаб берилди. Бундан кўзланган мақсад олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланишини таъминлаш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир.
Ҳаракатлар стратегиясида жумладан, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ қилиш ва оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш назарда тутилган. Ушбу фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг шарҳлаб бориш, хусусан, давлат дастури доирасида белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши, уларнинг натижаси тўғрисида аҳолига холис ва тўлиқ маълумот етказиб бериш биз журналистларнинг бурчимиздир. Халқ билан мулоқот ўрнатиш давлат дастурининг асосий вазифаларидан бири. Бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ниҳоятда муҳимдир. Оммавий ахборот воситалари эса жамоатчилик назорати ўрнатишнинг энг самарали ва таъсирчан воситаси десак, хато бўлмайди. Газета ва журналлар, радио ва телевидение таъбир жоиз бўлса, халқ билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар орасида кўприк, минбар вазифасини ўташи лозим. Шу боис мансабдор шахсларнинг ҳисобот тарзидаги чиқишларини уюштириш билан чекланиб қолмаслик керак. Бунинг учун ОАВ да ранг-баранг усул ва журналистлик жанрлардан фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Балки журналист суриштируви ёки фельетон, «Бир хат изидан», «Фуқаро мурожаати» рукнлари остида танқидий-таҳлилий чиқишлар қилиш фурсати етгандир. Айтмоқчимизки, мақола ва кўрсатувларни қизиқарлироқ тайёрлаш ва аҳоли эътиборини жалб этиш йўлларини излашимиз лозим. Бир қолипдаги чиқишлар одамларнинг ҳафсаласини пир қилиши шубҳасиз.
Энди эскича яшаб бўлмайди. «Сен менга тегма, мен сенга тегмайман», қабилида иш тутишнинг вақти ўтди. Ҳамма нарсани ўз номи билан айтадиган замон келди. Оммавий ахборот воситалари ходимларидан Ҳаракатлар стратегияси киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш устидан мунтазам ҳамда самарали жамоатчилик назорати ўрнатилишида жонбозлик кўрсатиш талаб этилади. Токи фуқароларнинг фаоллиги ошсин, уларда олиб борилаётган ислоҳотларга қизиқиш, келажакка ишонч пайдо бўлсин. Одамларнинг орзу-умидлари рўёбга чиқсин.

Х.Тоғаймуродов

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan