Бош саҳифа / Жамият / Эл ишончи оқланиши керак

Эл ишончи оқланиши керак

ёки Шўрчи туман шифохоналарида қачон тартиб бўлади?

Соғлик — инсон учун энг катта бойликдир. Танаси соғлом  одамгина оиласига, жамиятга наф келтиради. Айнан шунинг учун ҳам Президентимиз Ш. Мирзиёев фаолиятининг дастлабки кунларидан эл саломатлиги  йўлида хизмат қиладиган тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш учун қатор фармон ва қарорларга имзо чекди.

Бундан ташқари, ҳукумат миқёсидаги ҳар бир йиғилишда тиббиёт соҳасидаги камчиликларни бартараф этишни таъкидлаб, соҳа мутахассислари зиммасига вазифа юкламоқда. Афсуски,  шунга қарамай ҳамон тиббиёт ходимлари карахтликдан уйғонишмаяпти.

Беморлар дардига шифо излаб касалхоналарга борганда врачлар ва ҳамшираларнинг масъулиятсизлиги, бепарволигидан соатлаб кутишга мажбур бўлишаяпти. Айрим соҳа ходимларининг қўполлигидан, дори-дармонларнинг етишмаслигидан хаста киши  даво топиш ўрнига бошқа бир дардга чалинаяпти.

Гиппократ қасамини ичган врач ёки тиббиёт ҳамшираси бугун шароитдан нолишга, хаста кишидан бирор  нарса таъма қилишга ҳаққи йўқ. Чунки Президентимиз ва ҳукуматнинг беқиёс ғамхўрлиги туфайли энг олис қишлоқлардаги шифо масканларида ҳам беморга биринчи ёрдам кўрсатиш учун ҳамма қулайлик яратилмоқда.

Биргина Шўрчи туман тиббиёт бирлашмаси мисолида сўз юритадиган бўлсак, 2010 йилдан бери бажарилган ишлар кишининг ҳавасини орттиради. Бугунги кунга келиб Шўрчида эски шифохона ёки амбулаториянинг ўзи қолмади. Ўтган аср нинг эллигинчи-олтмишинчи йилларида барпо этилган барча иморатлар ўрнида янгиси қурилди. Хусусан, тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги марказий шифохона, унинг жарроҳлик, терапия, болалар, туғруқ, гинекология ва бошқа бўлимларини қайта қуриш ва реконструкция  қилиш учун 2010-2015 йиллардаги инвестиция дастурларига асосан 7 миллиард 125,5 миллион сўм маблағ сарфланди.

Пастқам, зах босиб ётган шифохоналар биноси ўрнида ҳамма қулайликка эга бўлган икки-уч қаватли замонавий бинолар қад ростлади. Юқумли касалликлар шифохонаси қайта қурилди. Қишлоқлардаги ҚВПлар ҳам янгиланди. Жумладан, биргина “Шалдироқ” маҳалласидаги қишлоқ врачлик маскани 343,2 миллион сўм ҳисобига барпо этилди.

Эътирофга лойиқ жиҳати шуки, “Саломатлик-2” лойиҳаси асосида шифохоналар энг сўнгги русумдаги ва хориждан келтирилган тиббиёт асбоб-анжомлари билан таъминланган. Бундан ташқари, ҳар йили маҳаллий бюджет ҳамда ҳомийлик маблағи ҳисобидан шифохоналар ҳамда ҚВПларга молиявий кўмак берилаяпти ва дори-дармон, озиқ-ов- қат, кийим-кечак таъминоти яхшиланиб бораяпти.

Шунингдек, врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ҳамда манфаатдорлигини ошириш йўлида қилинаётган ғамхўрликлар бошқа тармоқ ходимлариникидан устун бўлса устунки, кам эмас. Малакали, тажрибали врачларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун нафақага чиққан бўлсада, ишлаб турган врачларнинг пенсиясини тўлиқ бериш жорий қилинди. Шифохоналар ёш, билимдон мутахассислар билан тўлдирилмоқда. Қисқаси, дардига шифо топиш илинжида мурожаат қилган кишининг соғлиғини тиклаш учун тиббиёт соҳаси ходимлари масъулият билан ёндашишлари зарур.

Бироқ Шўрчи туман тиббиёт бирлашмасида аҳолининг тиббий хизматларидан кўнгли тўлмаяпти. Шифохонага келган бемор ҳар хил муаммоларга дуч келаётир. Масалан, хаста киши палатага ётқизиладиган бўлса, биринчи навбатда тоза уст-бош билан таъминланиши, ётадиган кровати матрас, одеял, чойшаб, кўрпа ва ёстиқ жилдларига эга бўлиши керак. Афсуски, тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари ҳамда бўлим врачларининг бепарволиги, ўз бурчларига нисбатан совуққонлиги сабабли беморлар палаталарда уйдан кийиб келган кийим билан ётишга мажбур. Беморларга махсус ки- йим-кечак берилмаган. Палаталар совуқ. Вилоят соғлиқни сақлаш бош- қармасидан олинган маълумотга кўра, Шўрчи тумани шифохоналарини қиш ойларида иситиш учун печкага ёқишга етарлича кўмир ажратилган. Аммо негадир хоналар иситилмаган. Хоналарни иситиш учун қозонхонага газ қувури тортиб келинмаган. Натижада беморлар уйидан қалин кийим-кечак ва электр қуввати билан ишлайдиган печ келтириб, жон сақлашга мажбур бўлишган. Болалар бўлимида пенцилин, бензопенцилиндан бошқа дориларни топиш амри маҳол. Оқибатда бемор болаларнинг ота-онаси, қариндошлари дори-дармонларни ўз ҳисобидан харид қилишга мажбур бўлаяпти. Жамоатчилик назорати гуруҳи ҳолатни ўрганганда туну кун ишлаши мажбур бўлган ижтимоий дорихоналар барвақт ёпилгани туфайли беморлар дори-дармон харид қилиш учун туни билан дорихона излаб, сарсон бўлишган. Қабул бўлимида касалларга биринчи ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган 32 турдаги дори-дармоннинг тенг ярми йўқ.

Жамоатчилик назорати гуруҳи аъзоларининг аралашуви билан 1200 метр жойдан газ қувури тортиб келиниб, касалхона палаталарини иситиш йўлга қўйилган. Шунингдек, туман молия бўлими томонидан шифохона зарур дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан таъминланган. Ҳолбуки, бу муаммоларни туман тиббиёт маркази бош врачи лавозимини эгаллаб турган Ўрол Сафаров ҳал этиши лозим эди. Қачонгача бировнинг турткисини кутиб яшаш керак? Айнан лоқайдлиги, вазифасига бепарволиги, бурчига нисбатан совуққонлиги, ишдаги хато-камчиликлари учун Ўрол Сафаров туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари вазифасидан четлатилди.

Президентимиз ва давлатимиз томонидан барча қулайликлар, имтиёзлар яратиб берилган. Бизу сиздан талаб қилинадиган нарса — вазифага масъулият, ҳалоллик ва сидқидилдан ёндашиб, эл эътиборини қозонишдир. Кимки шунга эришолмаса, демак у хўжакўрсинга ишлаган бўлади. Табиийки, тиббиёт бирлашмаси бош врачи лавозими бўш турмайди. Яна қайсидир бир мутахассис шу вазифага тайинланади. Хулоса шуки, Шўрчи тиббиёт бирлашмасига ким раҳбар бўлишидан қатъий назар шифохоналардаги тартибсизликларга ечим топмас экан, одамларнинг ишончини оқлаш қийин кечади.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE