Бош саҳифа / Жамият / Эл фарзанди

Эл фарзанди

Орамизда шундай кишилар борки, қилган эзгу иши, одамийлиги билан кўпчиликнинг кўнглидан жой олади. Ана шундай инсонлардан бири Қумқўрғон туманидаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Бозор Ҳакимовдир.

Б. Ҳакимов 1958 йил 25 майда Қумқўрғонда таваллуд топди. Қишлоқдаги 4-ўрта мактабда таҳсил олди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлагач, 1976-1978 йилларда Россиянинг Хабаровск ўлкасида ҳарбий хизматни ўтади. Бозор Ҳакимов мактабда ҳам, аскарлик даврида ҳам санъатга ҳавасманд эди. Шу боис, у 1980-1983 йилларда Тошкент маданий оқартув техникумининг халқ чолғу асбоблари бўлимида таҳсил олди.

1984 йили Қумқўрғон туман маданият бўлимида услубчи вазифасида иш фаолиятини бошлади. 1985-1994 йилларда туман ММУда директор лавозимида ишлаш баробарида 1985-1990 йиллари Тошкент давлат маданият институтининг сиртқи бўлимида ўқиди.

1994 йилдан 2012 йилгача тумандаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида аввал котиб, кейин раис лавозимида фаолият юритди. Маҳалла 19 миллат вакилларидан иборат. Уларнинг иноқ яшашида, маҳалла ўсмирлар футбол жамоаси “Футболимиз келажаги” республика турнирида қатнашиб, 4 маротаба ғолибликни қўлга киритишида ҳам Б. Ҳакимов алоҳида ташаббус кўрсатди.

2003 йили “Ибратли маҳалла оқсоқоли” республика танловида у фахрли 2-ўринни қўлга киритди. 2012 йилдан то шу кунгача тумандаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактаби директори лавозимида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Ҳозир санъат мактабида 210 нафар иқтидорли ўқувчи таълим олмоқда. Б.Ҳакимов қаерда ва қайси вазифада ишлашидан қатъий назар билимли ва талабчан, кези келганда дилкаш раҳбарлик салоҳиятига эга. Буни мактаб ўқувчиларининг қўлга киритган қатор ютуқларида ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, 2015 йил Россия Федерацияси Суздаль шаҳрида бўлган “Новые имена” номли XXIII халқаро ёзги фестивалда мактаб ўқувчиси Нодирбек Қулмаматов иштирок этиб, диплом билан тақдирланди.

2016 йил май ойида эса мактаб ўқитувчиси Мамасоли Жўраев “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика танловида фаол қатнашиб, фахрли 2-ўринга лойиқ топилди. Жорий йил апрель ойида санъат мактаби халқ чолғулари ансамбли Тошкент шаҳрида ўтказилган “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ансамбллари” республика кўрик-танловида иштирок этиб, фахрли 2-ўринни олди.

Б. Ҳакимов умр йўлдоши Раънохон билан 5 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди.

Олтмишинчи баҳорни қаршилаётган Бозор Ҳакимовнинг айни куч-ғайратга тўлиб, ижоди камолга етган вақти. У юқорида санаб ўтилган ютуқларни юксак марра деб билмайди. Аҳил мактаб жамоаси билан юртимиз маданияти ва санъатини янада равнақ топтириш, кўрик-танловларда юқори натижаларга эришишдек эзгу ниятлар билан яшамоқда.

Ҳаловатдан кечиб, ўз соҳаси жонкуярига айланган эл фарзанди — Б.Ҳакимовга, аввало, оилавий бахт, мустаҳкам соғлиқ, ёшлар тарбиясидаги сермашаққат ва завқли ишларида янада улкан зафарлар тилаймиз!

Ўрал АБРАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE