Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Экспорт ҳажми ошади

Экспорт ҳажми ошади

Донишмандларнинг “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир”, деган фикри айнан Комилжон Сидиқовга ўхшаш тадбиркорлар шаънига айтилгандек. Комилжон нафақат ўзининг, оиласининг, балки кўпнинг дарди, ташвиши билан яшайди. У анчадан бери туманимиз аҳолисини қиш ойларида кўмир билан таъминлашга ҳисса қўшиб келаяпти. Қиш бошлангандан бери то ҳозиргача Комилжон Сидиқов раҳбарлик қилаётган “Сурхон кўмир етказувчи” унитар корхонаси жамоаси Термиз шаҳри, Ангор ва Термиз туманлари аҳолисига 3100 тонна кўмир етказиб беришди. Ангрен кўмир конидан келтирилаётган кўмир Учқизил темир йўл станциясидаги махсус жойга туширилгач, унитар корхона ишчилари томонидан сараланади, қопларга жойланади ва маҳаллаларга етказиб берилади.

Тадбиркор Комилжон Сидиқовнинг Термиз тумани, “Мустақиллик” маҳалласида жойлашган “Умаржон” кўп тармоқли хусусий корхонасида 21 нафар киши меҳнат қилаётир. Ишчиларнинг бир қисми пишиқ ғишт тайёрлаш билан банд. Ўтган йили ишт тайёрловчилар қишлоқларда қурилаётган намунавий уй-жойларга 800 минг дона пишиқ ғишт етказиб беришди. Жорий йилда жамоа 1 миллион дона сифатли қурилиш хом ашёси тайёрлаш учун ҳозирдан ишга киришганлар. Рустам Гуломов, Наби Раҳимов, Ҳотамбой Ҳолиқов каби уста ва ўт ёқувчилар ҳар бир ғиштнинг сифатли бўлишига ҳаракат қилишаяпти. Айни пайтда ўтган йили заҳира қилинган ғиштлар хумдонларда пиширилаяпти.

Хусусий корхона раҳбарининг ишбилармонлиги ва елиб-югуриши туфайли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тайёрлаш ва четга— валютага сотиш борасида ҳам сезиларли ютуққа эришилмоқда.

Хусусий тадбиркорлар 2016 йили аҳолидан бир неча тонна пиёз, саримсоқ пиёз, фермер хўжаликларидан мош харид қилиб, Афғонистон, Россия ва Украина мамлакатларига жами 50 минг АҚШ долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспортга жўнатишди.
—Маҳсулотни экспорт қилишимизда бизга асосан “Ҳамкорбанк” Термиз филиали жамоасининг амалий ёрдами катта бўлаяпти. Хамкорлар талаби бўйича сифатли маҳсулот жўнатиш учун бизни молиявий муассаса ўз вақтида қўллаб-қувватламоқда,—дейди тадбиркор Комилжон Сидиқов. —Маҳсулотни экспорт қилиш, чет эл валютасига сотиш нафақат корхона учун, балки туманимиз иқтисоди учун ҳам манфаатли. 2017 йили ҳам қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тайёрлаш ва экспортга жўнатиш бўйича хорижлик ишбилармонлар билан ҳозирдан алоқани мустаҳкамлаяпмиз. Бу йил насиб бўлса, 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспортга жўнатишни режалаштирганмиз…

Айтиш керакки, хусусий корхона ишбилармонлари бу йил экспортга жўнатиладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бир қисмини саримсоқ пиёз ташкил этади. Ҳамкорларга келишилган миқдордаги маҳсулотни етказиб бериш учун “Мустақиллик”, “Шарқ” маҳаллаларида яшовчи шахсий хўжаликлар билан шартнома тузилган. Бундан ташқари, “Умаржон” хусусий корхонаси тасарруфидаги 8,5 гектар майдонда ҳам саримсоқ пиёз парваришланаяпти.
—Бу йил камида 400 тонна саримсоқ пиёзни экспортга жўнатишни режалаштирганмиз,—дейди Комилжон Сидиқов.—Маҳсулотнинг асосий қисмини ўзимиз етиштирамиз. Ҳозирда Зуҳриддин Сидиқов бошлиқ деҳқонлар ўсимликни намунали парваришлашаяпти. Ҳар гектар майдондан 250 цент нердан саримсоқ пиёз ҳосили етиштирилганида ҳам шартномалашилган маҳсулотнинг тенг ярми ўз даламиздан чиқади. Қолганини аҳоли хонадонларидан йиғиб, хорижлик ҳамкорларимиз манзилига жўнатамиз…

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янгича тарғибот

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг тарғибот тадбирлари маърузабозликдан чекинган ҳолда, ноодатий тарзда ташкил этилаяпти. Ана шундай …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE