Бош саҳифа / Жамият / Экологик қонун такомиллашуви

Экологик қонун такомиллашуви

Инсон ҳаёти ва фаолияти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг мусаффолиги ва экологик меъёрларга мослигини таъминлаш бугунги куннинг ниҳоятда долзарб экологик вазифаларидан биридир.

Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши табиий ва антропоген манбалардан ифлослантирувчи моддаларнинг чиқиши ҳамда ҳудуднинг физик-географик ва иқлимий шароитлари билан аниқланади. Кўп ҳолларда атмосфера ҳавоси ҳолатига салбий таъсир инсоннинг антропоген фаолияти билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни 1996 йил 27 декабрда қабул қилинди ҳамда табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини ривожлантирувчи ва асосини ташкил этувчи қонунлардан бири сифатида намоён бўлди. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, унинг табиий таркибини сақлаш каби муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган муҳим мақсад ва вазифалар қонун билан аниқлаб берилди.

Бу борада Экоҳаракат депутатлар гуруҳи ва Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан жойларда “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни моддаларининг ижро этилиши назорат-таҳлил шаклида ўрганилди. Жумладан, Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида ҳамда вазирлик ва идораларда назорат-таҳлил ўтказилди. Якуний йиғилишларда депутатлар, олимлар, вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимликларининг тегишли тармоқлари масъул мутахассислари атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилигини такомиллаштириш бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини беришди. Бундан ташқари, экологик хавфсизликка, айниқса, атмосфера ҳавосига таҳдидлардан бири бу трансчегаравий ифлослантириш ҳисобланади.  Қайд этиб ўтилган муаммолар йиғиндиси атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш зарурлигини талаб қилади.

Шу ўрганишлар ва берилган таклиф-мулоҳазалар асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлар гуруҳи томонидан  қонунчилик ташаббускорлиги асосида “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги  Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасида ёқилғини ёқиш, транспорт воситалари ва бошқа қатнов воситалари ҳамда қурилмаларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида, кимёвий моддаларни ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаси, уларнинг ўсишини тезлаштирувчи омил, минерал ўғит ва бошқа препаратлар сифатида ишлатишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича норматив ҳужжатларга талаблар аниқлаштирилган.

Атмосфера ҳавосининг трансчегаравий ифлосланиши, озон қаватига салбий таъсир кўрсатишни бартараф этиш, халқаро даражада қўлланувчи атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатмайдиган маҳсулотларни ишлатиш ва ишлаб чиқаришни иқтисодий қўллаб-қувватлашни амалга оширишга  доир янги нормалар қонун лойиҳасига киритилган.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши атмосфера ҳавосига чиқарилаётган чиқиндилар миқдорини камайтириши шу орқали атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлашга, шунинг- дек, инсон ҳаёти, соғлиғи ва генофондини асраб-авайлашга, экологик  барқарорликни  сақлашга хизмат қилади.

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Даврон ТАНГИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan