Бош саҳифа / Жамият / Эҳтиёжмандларга саховат-барака калитидир

Эҳтиёжмандларга саховат-барака калитидир

Термиз туманидаги “Сурхон воҳаси” фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши депутати Рисолат Маматқулова “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига қўшилиб, учта маҳалладаги кам таъминланган ўттизта оилага зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди.

Фермерни термизликлар яхши билади. У нафақат маҳсулот етиштиришни чуқур эгаллаган деҳқон балки, саховатпеша аёл сифатида ҳам танилган. Борини маҳалладошлари билан баҳам кўришга одатланган. Ҳозирги синовли кунларда ҳам Р.Маматқулова ана шу фазилатларини кенг намоён этиб, Чегара, Мангузар ва Жўйжангал маҳаллаларида яшайдиган, карантин даврида озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжманд бўлиб қолган ўттизта оилага беминнат ёрдам қўлини чўзди.

– Кўзга кўринмас офат инсониятни жиддий синовдан ўтказмоқда, -­дейди Р. Маматқулова.­ – Бундай пайтда қийналиб қолган одамларга шунчаки эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Хўжалигимиз қаддини тиклаб олганидан буён ҳар йили кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган оилаларга ёрдам бериб келамиз. Турли байрамлар ва Рамазон, Қурбон ҳайитлари арафасида эҳтиёжмандларни йўқлаб, имкон даражасида кўнглини кўтаришга одатланганмиз. 

Бу йилги Рамазон ойида ҳам ҳеч ким бизга фалон кишидан хабар олинг, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беринг, деб айтгани йўқ. Ўз имкониятимиздан келиб чиқиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига қўшилдик. Муборак ой олдидан бу ташаббуснинг қанот ёзгани айни муддао бўлди. Аждодларимиз эҳтиёжмандларга саховат­ барака калитидир, деб бежиз айтмаган. Ерга ҳалол меҳнат қилиб, топганингизнинг бир қисмини муҳтожларга улашсангиз, ер ҳам саховатини сиздан аямайди. Бу ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқат.

Шу кунларда фермернинг даласида барча юмушлар карантин қоидаларига қатьий риоя этилган ҳолда илғор агротехник тадбирлар асосида олиб борилмоқда. 35 гектар майдондаги ғалла баравж ривожланиб, бошоқлаб қолди. Суғориш, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари қизғин давом этаётир. 18 гектар майдонга яхши ниятлар билан қадалган чигит бир текис ундириб олинди. Шу кунларда баравж ўсаётган ниҳоллар қатор орасига ишлов берилиб, озиқлантирилмоқда. Шунингдек, парваришлаётган 8 қути ипак қуртидан ҳам мўл ҳосил олишга пухта тараддуд кўраётир.

Саховатпеша фермернинг ер ҳайдаб, агат оладиган, ташийдиган техникалари етарли. Даласида 15 киши доимий иш билан таъминланган. Бугунги шароитдан келиб чиқиб, яна 25 нафар ишсиз аёллар ва ёшларнинг бандлиги таъминланди. Рисолат Маматқулованинг бу борада амалга ошираётган барча ишлари ҳудудда кўмакка муҳтож оилаларни аниқ, манзилли қўллаб-қувватлашга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат)

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan