Бош саҳифа / Жамият / Эҳтиёжманд оила фарзандлари учун ягона болалар нафақаси жорий этилади

Эҳтиёжманд оила фарзандлари учун ягона болалар нафақаси жорий этилади

“Бола пули”ни олиш учун қанчадан-қанча одамлар маҳаллани эшигида сарғайганию, тағин нафақа тайинлангандан кейин ҳам бир ойлик нафақа пулини кимнингдир чўнтагини қаппайтириш учун беришга мажбур бўлган фуқаролар мурожаатларидан тутун чиқарди. Ҳатто, нафақа пулини тайинлаш маҳалла ихтиёридан олиниб, молия тузилмасига берилгандан кейин ҳам барибир ҳужжатлар маҳалланинг “қўлидан” ўтгач, бу ҳол такрорланишини қўймади. Бу ҳақида гапирмаган оммавий ахборот воситаси, ижтимоий тармоқ фаоллари қолмади. Ниҳоят, ушбу муаммонинг ҳам ечими топилди.

Давлатимиз раҳбари «Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Фармон билан Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш тартиби ўзгарди.

Энди фармон билан 1 сентябрдан амалдаги 14 ёшгача болалар учун нафақа ва 2 ёшгача болани парвариш қилиш нафақаси ўрнига ягона болалар нафақаси жорий этилади.
Унга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:
14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси жорий этилади. Бунда, болалар нафақасини тайинлашда:
• инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилади;
• тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилади;
• унинг миқдорини оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгилаш тартиби қўлланади.

Албатта, бу ўз навбатида, сансалорлик, адолатсизликларнинг олдини олади. Қолаверса, 14 ёшга етган бола ҳали ўзини эплайдиган, бирор ишда ишлаб, ўзини боқар даражада бўлмайди. Нафақа пулининг 18 ёшгача тайинланиши бола учун ҳам, унинг оиласи учун ҳам яхши қўллаб-қувватлов бўлади.

Савол туғилади: “Хўш якка-ёлғиз бўлган фуқаролар ёки фарзанди 18 ёшдан катта бўлган эҳтиёжманд оилаларчи? Улар ҳам эътиборсиз қолдирилмайди, албатта. Бундай фуқаролар ва оилалар учун ҳам моддий ёрдам тайинланади. Унинг миқдорлари эса 2021 йил 1 сентябрдан қуйидаги белгиланади:
а) болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
• 250 000 сўм – 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун,
• 325 000 сўм – ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;
• 150 000 сўм – оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;
• 100 000 сўмдан – оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;
б) кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 380 000 сўм.

Бунда, 2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тўлаш муддатлари тугагунига қадар, мазкур турдаги нафақалар ва моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинади.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор вазирлик ва идораларга “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилади. Табиийки, бунда «инсон омили» бўлмагач, “олди-берди”лар ўз-ўзидан йўқолади.


Ботир Мардаев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ишончли вакил журналистлар учун брифинг ўтказди

Хабарингиз бор, 20 сентябрдан Президентликка номзодларнинг сайловолди тарғиботига рухсат берилди. Шу муносабат билан ЎзЛиДеП Сурхондарё …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan