Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Эга бўлмаса нега?..

Эга бўлмаса нега?..

ёхуд фермернинг йўлига кимлар ғов бўлмоқда?

Бу кўҳна дунёнинг чархпалаги айланаркан, у барчамиз учун кутилмаган совғалар ҳадя қилади. Ер юзида инсон зоти мавжуд экан, тараққиёт  асло бир жойда тўхтаб турмайди.

Рости, эртанги кун биз учун қандай “туҳфа”лар ҳозирлаб қўяётганлигини очиқ билмасак ҳам, юриш-туришимиз, хатти-ҳаракатимиз, билим даражамиз ҳамда ҳаётий тажрибаларимиз ва қолаверса, феъл-атворимиз, қилаётган амалларимизга қараб, ниманидир тахмин қилишимиз мумкин. Аммо бир аён ҳақиқат борки, ҳар ким ўз экканини ўради.  Ерга тариқ экиб, асло буғдой ҳосилини кутмайдилар.

Денов туманидаги А. Каримов СИУ, “Ойбарак”  МФЙ да яшовчи фуқаро, “Ойбарак” фермер хўжалиги раҳбари Равшан Норовнинг шикоят аризасини ўрганиш жараёнида шунга амин бўлдик. Р. Норов ўз шикоят хатида унга нисбатан адолатсизлик қилишаётганлиги, 2008 йилда А. Назаров фермер хўжалиги тугатилиши муносабати билан 3 гектарлик лалми ер майдони “Ойбарак” фермер хўжалигига берилганлигини, ташландиқ, қаровсиз ер ўрнида мевали боғ барпо этганлиги, оқибатда, ер майдони 08.04.2013 йилда туман ҳокими (собиқ) Б. Маматқуловнинг 174-сонли иккиламчи қарори билан “Кўкабулоқ” МФЙ да яшовчи фуқаро Акобир Самадовга (аниқроғи, унинг умр йўлдоши Н. Қаҳҳорова) га бериб юборилганлиги ҳақида ёзади.

03.04.2013 йилда туман ҳокими номига Н. Қаҳҳорова томонидан берилган аризада “… туман ҳокимлиги захира ер фондида турган 122-дала контурида жойлашган қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган чорва озуқаси манбаи учун шартнома асосида 2 гектар ер майдони ажратишингизни сўраймиз,” дейилади.

Аризадан келтирилган парчага эътиборингизни қаратишимиз бежизга эмас. “…қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони,” дея қайд этилган майдонда 2008 йилдаёқ ўша пайтда “Ойбарак” фермер хўжалиги раҳбари бўлиб ишлаган Маҳмалатиф Норов томонидан  2,85 гектар майдонда мевали боғ яратилганлигидан шундоққина боғнинг “тумшуғи”да яшайдиган Н. Қаҳҳорова (жумладан, А. Самадов) бехабар бўлишган десангиз, қаттиқ янглишасиз. Кун сайин гуркираб яшнаётган боққа кўнгли суст кетган А. Самадов умр йўлдоши Н. Қаҳҳорованинг номидан ариза ёзиб, натижада ҳокимнинг иккиламчи қарорини чиқартиришга эришганлиги коса тагида ҳам ним коса борлигидан дарак беради. Аслида ушбу ер майдони “Ойбарак” ф/х га қарашли эканлигини кадастрдаги валломат мутасаддилар жуда яхши билишса-да, ўз виждонларига қарши бориб, ҳудуд тегишли комиссия иштирокида жойига чиқиб ўрганилмасдан ҳоким жанобларининг қарорига асос бўлгувчи “хулоса”ни беришганлигини қандай баҳолаш мумкин?

Н. Қаҳҳорованинг аризасига кўра, 16.04.2015 йилда Денов туман ҳокимининг 175-сонли қарори асосида ер ажратиш ҳақидаги 174-сонли қарори бекор қилингандан кейин А. Самадовнинг “салб” юришлари бошланади. Орадан икки ой ўтар-ўтмас, А. Самадов хотини Н. Қаҳҳоранинг номидан Денов туман прокурорига норозилик хати йўллаган. Бунга асос бор эди. Негаки, ҳокимиятдаги йиғма жилдда Н. Қаҳҳорованинг ерни ҳокимликнинг захира фондига қайтариш ҳақидаги аризаси “сирли” тарзда йўқолган эди. Натижада, Денов туман прокурорининг 2015 йил 29 июлдаги 10-15 сонли протестида “Азизбек Орзу Чорва” чорвачилик бўрдоқичилик корхонаси раҳбари Н. Қаҳҳорованинг аризаси йиғма жилдда мавжуд бўлмаганлиги сабабли туман ҳокимининг ерни захирага олиш билан боғлиқ 2015 йил 16 апрелдаги 175-сонли қарори бекор қилинган ва ер майдони аслинча, “Азизбек Орзу Чорва” чорвачилик бўрдоқичилик корхонаси ихтиёрида қолдирилган.

2017 йил 17 март куни Денов туман ҳокими (собиқ) нинг “Кўкабулоқ” МФЙда яшовчи фуқаро А. Самадовнинг манфаатини кўзлаб (Ҳа, айнан А. Самадовнинг манфаатини кўзлаб* муаллиф изоҳи) фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига даъво аризаси киритганлигини очиғи қандай изоҳлашни ҳам билмадик. Ўринли савол туғилади. Суд  органи нега ҳокимият фуқаро манфаатини кўзлаб даъво қўзғатишга ҳақли эмаслиги юзасидан даъвони рад этмаган. Ёки бу оддий ҳақиқат — қонун талабларини судьялар билишмайдими? Ажаб!

Сурхондарё вилоят прокуратурасининг 2017 йил 15 июлдаги ХУСУСИЙ ПРОТЕСТида А. Самадовнинг хатти-ҳаракатлари оқлангани ҳолда, ҳақиқатда эса ҳалол меҳнат қилиб, машаққатли пешона тери эвазига қаровсиз ва ташландиқ ерда мевали боғ яратган М. Норов ҳамда ф/х боғбони У. Руҳуллоевларни “…улар кўрсатилган даврда “Ойбарак” ф/х да ҳақиқатда ишламаганликлари аниқланди,” деган хулосани беради. Хусусий протест (кассация тартиби) ида боғни барпо қилганларнинг машаққатли меҳнатлари, сарф-харажатлари ҳақида эса лом-мим дейилмайди. Боғни барпо қилган киму унга даъвогар чиқаётганлар кимлар? Афсуски, суд ва прокуратура органлари мутахассисларининг хулосалари масалани ечиш ўрнига, уни боши берк кўчага киритиб қўяётгандек. Бунга қўшимча равишда туман ер ресурслари ва давлат кадастри мутасаддиларининг турли йилларда тегишли идораларга берган маълумотномаларидаги сохтакорлик, чалкашликларини кўриб, ёқа ушлайсан.

Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонуннинг 5-моддасида: “Чорвачилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги камида 30 шартли бош чорва моли бўлган тақдирда ташкил этилади,дейилади. Журналистик текширувимиз давомида на Н. Қаҳҳорованинг, на А. Самадовнинг бир бошдан зиёд қора моли йўқлигига амин бўлдик.

Туман ҳокимлигининг даъво аризасида “…туман ҳокимлигининг захирасида бўлган қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган 122-контурдан 2 гектар ер майдони” ажратилиши кўрсатиб ўтилган. Даъво аризасининг қу- йироғида  эса М. Норов ҳамда У. Руҳуллоевлар томонидан ерни ноқонуний эгаллаб олиб, 2,85 гектар майдонда мевали боғ яратилганлиги айтилади. Даъво аризасида кўрсатилаётган ер аслида 2,85 гектарлиги айтилса-да, яна “Азизбек Орзу Чорва” корхонасига ажратилган ер майдони 2 гектар лалми ер эканлиги такрорланади. Қизиқ, контур 2,85 гектар бўлса, нега А. Самадовга ҳаммаси  эмас, айнан 2 гектари ажратилмоқда?

2001 йилда собиқ А. Назаров ф/х га ер майдони ажратилганда на ҳокимнинг қарорида, на ер майдонининг чизма харитасида контур рақами кўрсатилмаган. 2008 йилда ўша майдон мақбуллаштириш натижасида “Ойбарак” ф/х га қўшиб берилган.

Вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи А. Ғаниевнинг 03.08.2017 йилда Денов тумани ҳокими номига йўллаган 723-сонли хатида келтирилган маълумотларда мантиқийлик бор. ХатдаА. Ҳидоятов СИУ ҳудуди қишлоқ хўжалиги харитасининг 122-дала контурида жойлашган 2,85 гектар ер майдонини ўзлаштириб мевали боғзор ташкил этганлигини ва унинг мулки мавжудлигини ҳисобга олиб, ушбу ер майдонни “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонун талаблари асосида белгиланган тартибда расмийлаштириб беришингизни сўрайман,” дейилади. А. Ғаниевнинг хатида ҳеч ким тан олишни истамаётган ҳақиқат ниҳоят юзага чиқа бошлагани аён бўлади. Аммо, туман кадастр бўлимидагилар М. Норовнинг 122-контурни ўзбошимчалик билан олганлигини қайта ва қайта таъкидлаш баробарида, 16 апрел 2015 йилда Н. Қаҳҳорованинг аризаси асосида ер майдони ҳокимликнинг захира фондига олингани ҳақида ҳеч бир эслатма йўқ. 122-контур туман кадастри мутахассислари турли йилларда тақдим қилган хатларда 2, 2,85, 6 гектар тарзида турлича кўрсатилади. Н. Қаҳҳорованинг аризаси асосида ер захирага олингач, ўша куннинг ўзидаёқ фуқаро А. СамадовгаДаҳанақишлоғи ҳудудидан 0,35 гектар ер майдони ажратилган.

Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассиси А. Юсупов, фермерлар кенгаши  ҳуқуқшуноси М. Мардонақуловлар иштирокида “Ойбарак” ф/х қарашли низоли ҳудудда жами 836 туп кўчат парваришлангани, 2016-2017 йиллар ҳолатига ҳосил бера бошлагани, 4 километрдан полиэтелен қувур орқали сув олиб келгани эътироф этилади.

Аммо жиноят ишлари бўйича Денов туман суди М. Норовни боғ барпо қилгани учун энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жаримага  тортганлиги кулгили, албатта.

— Бугунги кунда қайсидир мутасаддиларнинг айби билан ишлаб боғ яратганимиз учун таъзиримизни еб юрибмиз. 100 га яқин кўчатларимизни синдириб кетишди. Акобир Самадов боғимизни “Нексия” автомашинасига алмаштиришни ҳам таклиф қилиб кўрди. Аммо биз алмашмадик,-дейди Р. Норов.

Шу ўринда А. Самадов ким ўзи, деган савол пайдо бўлади. А. Самадов билан Денов туман ҳокимлиги юристконсульти Б. Исмоиловнинг хонасида учрашдик. Шундан сўнг А. Самадовнинг фаолияти билан боғлиқ масалага эътибор қаратдик.

Туман статистика бўлимига “Азизбек Орзу Чорва” чорвачилик бўрдоқичилик корхонаси томонидан 2014 йилда тақдим қилинган 2013 йил якунлари бўйича ҳисоботида 40 та қорамоли мавжудлиги, 109,5 центнер сут ишлаб чиқарилганлиги акс этган. Шу муносабат билан А. Самадовдан чорва молларини кўрсатишини сўраганимизда: “Ким билади, сиз тўғримисиз, ўғримисиз, кўчадан келган одамсиз!” дея эътироз билдирди.

Ҳокимликнинг ҳуқуқшуноси берган маълумотга кўра, “Азизбек Орзу Чорва” чорвачилик бўрдоқичилик корхонаси раҳбари Н. Қаҳҳорованинг корхонани тугатиш бўйича аризаси туман ҳокимлигининг девонхонасидаги йиғма жилдда мавжуд эмас”, де- йилади.

30 ноябрда “Кўкабулоқ” МФЙ комиссия аъзолари билан А. Самадовнинг хонадонида бўлиб, А. Самадовнинг умр йўлдоши, “Азизбек Орзу Чорва” чорвачилик бўрдоқичилик корхонаси раҳбари Н. Қаҳҳорова билан учрашганимизда масала ойдинлашди. Н. Қаҳҳорова ўзи “раҳбарлик” қиладиган корхонанинг ҳаттоки номини ҳам айтиб бера олмади. Шунингдек, у қорамоллари йўқлиги, илгари ҳам бўлмаганлигини айтди.

Шуниси аёнки, “Азизбек Орзу Чорва” чорвачилик бўрдоқичилик корхонаси фаолият кўсатмаётганлиги боис бугунги кунда тугатиш жараёнида бўлиб, бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан қарздорлиги 8 миллион 380 900 сўмни ташкил этоқда.

Яна бир маълумот, 10 ноябрь 2008 йилда А. Назаров ф/х га қарашли 3 гектар майдон “Ойбарак” ф/х га қўшиш тўғрисидаги далолатномада дала контури кўрсатилмаган. Аммо, Шивар массиви, деб аниқ манзил кўрсатилган. Ўша ерлик аҳоли билан суҳбатлашганимизда боғ жойлашган ҳудуд Шивар массиви эканлигини айтишди.

Сўнгсўз ўрнида: қиссадан ҳисса, ҳокимият теварагидаги махсус комиссия аъзолариАзизбек Орзу Чорвачорвачилик бўрдоқичилик корхонасига ер ажратишдан аввал ҳудуд мутахассислар томонидан бориб ўрганилганда эди ҳозиргидек давомли низолар келиб чиқмаган бўларди. Ахир турли хил маълумотларда чорва корхонасига, жумладан, туман ҳокимининг 174-сонли қарорида ҳам қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ҳудуддан ер майдони ажратилиши кўрсатиб ўтилган.

“Азизбек Орзу Чорва” чорвачилик бўрдоқичилик корхонасига ер майдони 2013 йилда ажратилган бўлса-да, 2016 йил 14 ноябр- га келиб, ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқининг давлат рўйхатидан ўтгазилганлиги тўғрисида SU 0031 295-сонли                                     гувоҳнома берилганлиги ҳам биз учун сирлилигича қолди.

30 ноябрь куни  Денов туман “Кўкабулоқ” МФЙ дан қайтмасимиздан А. Самадов Президентнинг виртуал қабулхонасига бизнинг устимиздан ёлғон маълумот йўллаган экан. Албатта, ҳар бир фуқаро мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аммо бизни ажаблантиргани, “Азизбек Орзу Чорва” чорвачилик бўрдоқичилик корхонаси раҳбари Н. Қаҳҳорова бўлса, А. Самадовнинг корхона бошлиғи номидан шикоят қилиши ҳақиқатга қанчалик яқин?

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги”
мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE