Бош саҳифа / Жамият / Эдуард Чернухиннинг Сурхон соғинчлари

Эдуард Чернухиннинг Сурхон соғинчлари

Соғинч – инсонга ато этилган муқаддас туйғу. Туғилган макони, яқинлари, дўст-биродарлари дийдорини қўмсаш ҳиссиёти кимнинг қалбини ўртамайди, ким унинг домида бўлмайди, дейсиз.

Айниқса, Ватандан йироқ-йироқларга узоқ муддат ҳижрат қилганда, юракни сим-сим ўртовчи соғинч туйғуси уни бошидан ўтказган одамларга нақадар таниш. Хориж юртларга чиқиб кетган ва узоқ йилларки, ўша ёқларда турғун бўлиб қолган аксар ватандошлар қалбидаги ана шундай ҳис-туйғуларни кузатиш бугунги кун ва келажак авлод учун бағоят эъзозли, ўзимиз яшаб турган шу азиз тупроқ учун чин фахр ва ғурур туйғусини уйғотадиган, оддий қилиб айтганда, ҳар жиҳатдан фойдали, хуш ва мароқли юмуш.

Ватан сурати қандай чизилади, деган саволни кўндаланг қўйсалар, бунга ягона жавобни тополмайсиз, менимча. Унинг тайёр, қолипли андозаси йўқ, яъни, бу суратни ҳар ким ўзи, ўз билганича, ўз тушунчаси ва тасаввури доирасида яратади, холос. Бунга мисолни шоирнинг қуйидаги ташбеҳларидан топарсиз, деган умидим бор: қуёшнинг куйдирувчи нурлари одамнинг бутун баданида нақшу суратлар чизса, олчаранг либосли тоғлар осмонга чўмилса, дуторнинг майин торлари сеҳрли нола қилса, чинор япроқлари аро қадим садолар кезиб юрса, кўрпачанинг майин ипаги жилға билан суҳбат қурса, қизғалдоқлар тепаликлар оша баҳорий ўйинга тушса, тераклар шеър китобини шитирлатганимиз каби афсунгарлик қилса, нафис ўрилган қиз сочлари мажнунтолнинг ариқда эгилган ғамгин новдаларига гўё муччи бераётганидек муҳаббат қўшиғини куйласа, биллурдек ярқироқ юлдузлар ой билан сирлашса, саҳро сароби Шарқнинг азалий куйи сифат айланиб юрса ва ҳамки, кекса донишманд юрт манзарасини хотирангга қўрғошиндек қуйгани бежизга эмас, дея, хаёл қилади шоир.

Бу мисраларни тизган шоир ким? Уни Эдуард Чернухин дейдилар. 1953 йили Узун туманида туғилган, Денов ва Термиз шаҳарларида яшаган, мактабларида ўқиган, Термиз олийгоҳини битирган. Тақдир йўриғига кўра, АҚШга қўчиб кетган ва Нью Йорк шаҳрида яшаб қолган.

Минг йилларки, дейдилар,
Инсон асли жумбоқдир,
Энди қўмсаб излаганим
Йўқотилган жаннатдир.

Чернухин учун йўқотилган жаннат бу унинг Сурхони, тепаликлар аро ястанган ўтлоқлар, ҳудудсиз пахта далалари, гуллаган ва мевалари тўлиб тошган боғлар, иссиқ ва чанг-ғуборли, аммо очиқ, кўзга қувончли самимий замин, вақтнинг сирли пардаси ортидан қатор-қатор кўринадиган қадрдон чеҳралар, ер юзининг бирор бир жойида учрамайдиган меҳмондўст, улуғ ва камтар оддий одамлар!

Шоирнинг кўз олдида ҳудди кино тасмалари каби болалик, ўсмирлик ва йигитлик хотиралари жонланади ва улар унга азоб бера бошлайдилар.

Термиз десам,  кўзларимга ёш келар,
Соғинганда, ҳисларим  бебош келар,
Тушларимда кўрарман  сени ҳар дам
Қайтмас ёшлик,  бебошлигим, сен Ватан!

— Болалигим, ўсмирлигим ва ёшлигимни Сурхондарёмга мерос қилиб қолдирганман, дейди шоир. — Чунки бунда мен меҳр–муҳаббат бағрида исиндим ва ўша меҳр-муҳаббатнинг тоза тафтини йилларки, сақлаб келмоқдаман, соғинчимнинг асл сири мана шунда! Қалбим, руҳиятим абадул абад Шарқ билан тўйинган. Ким ҳам бунга шубҳа қила олади! Бир оила каби яшадик бунда. Нима десангиз денг, аммо бизлар, барибир, ўзбеклармиз!

Ҳадсиз йўллар юрган биз,
Кўп жойларга қойилмиз,
Рисоладек бизда рўз,
Аммо Ватан қайдадир
Десам, доим сенда кўз!

Агар қалбимни ғамгинлик қамраб, унга қамалган хотиралар уйғониб қолса, мен хаёлан Термиз бўйлаб сайр этаман, юзига мўйқалам тортиб, ҳорғин хотирамни кучлайман ва йиллар туманида тарқалиб кетмаган таниш ва унутилмас жойларда кезиб юраман. Баъзан менга айтадиларки, бу йўқликка кетди-ку? Бор-йўғи бир шаҳарча бўлса, нима бўлибди! Шунда мен уларга айтаман: бу шаҳарнинг кўркам жозибасини тасвирлаш учун бирорта ҳам шоирнинг сўзлари етмайди. Эҳ, Термиз, Термиз, ёдингсиз ҳеч ҳам яшолмайман, ҳамон менинг қалбимдасан, эй, зебо шаҳар Термизим!

Ифтихор-ла айтгайман,  ўз юртимдир бу макон,
Ўсмир-ёшлик ёди Термиз,  туққан Сурхон–онажон!

Дўстлар, кўриниб турибдики Сурхон диёрида туғилиб, ўсиб-улғайиб, яшаб, ўқиб, ишлаб, сўнг хорижга кетган Эдуард Чернухин ўз шеърларида ифодалаган юрт, соғинч ҳисси ҳар бир инсоннинг шахсий соғинчи сингари ноёб. Эҳтимол, соғинч ҳиссининг тадқиқотчилари ҳақдирлар, уни муҳаббат билан тенглаштириш мумкин, ҳамма ҳис қилади, лекин ҳар ким ўзича изоҳлайди.

Хулосамиз шундаки, Ватанда яшаётганлар бахтига бутун дунё, жумлаи жаҳон ҳавас қилаверсин, биз эса гўзал юртни чарчамай, ҳормай-толмай обод этаверайлик.

Абдулла ХОЛМИРЗАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE