Бош саҳифа / Жамият / Ечимсиз муаммо бўлмайди

Ечимсиз муаммо бўлмайди

Президентимизнинг “Биз миллий тикланишдан — миллий юксалишга эришишни ўз олдимизга энг муҳим ва устувор вазифа қилиб қўйдик”, деган даъватлари замирида халқимизнинг юксак турмуш маданияти, миллий маънавияти ҳамда тафаккури, эл маъмурлиги, юрт фаровонлиги, келажак авлодга бўлган ишонч ва қатъий эътибор ётганлигини ҳар бир фуқаро чуқур англаб етиши олдимизга қўйган юксак мақсадларга эришишимизда мустаҳкам замин бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари А. Усманов томонидан Шеробод туман фуқаролари билан ўтказилган сайёр қабулга келган юртдошларимиз нигоҳида бу қатъият ва ишонч балқиб турганлигини кўриш қувонарли эди. Ўтган вақт давомида сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимлиги, Президентимизнинг вилоят халқ қабулхонаси ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан уйма-уй юрилиб, аҳолининг турмуш шароити, ижтимоий аҳволи ўрганилишига қарамасдан, ҳали муаммолар бир талай эканлиги сайёр қабул давомида маълум бўлди. Шеробод туман фуқароларидан уй-жой масаласида 34 та, иш билан таъминлаш учун 38 та, ичимлик суви бўйича 18 та, қишлоқ йўлларининг аҳволи ҳақида 22 та, таълим ва мактабгача таълим борасида 13 та, кадастр соҳасида 16 та, соғлиқни сақлаш масаласида 8 та мурожаат келиб тушди. Кун давомида 238 нафар фуқаронинг шикоят ва аризалари қабул қилиниб, уларнинг 117 таси ёки 42,7 фоизи жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар эса қатъий назоратга олиниб, тегишли тартибда ҳал қилиш учун ўн кун муддат белгиланди.

Тумандаги “Чағатой” маҳалласидан Бозор Норбўтаев, “Пошхурт” маҳалласидан Амон Бозоров, “Чўмичли” маҳалласидан Хуррам Жумаев, “Хўжақия” маҳалласидан Зубайда Ибрагимова каби бир қатор фуқароларга соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан эшитиш мосламалари берилди. Шунингдек, давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси 42 нафар фуқарога шу ернинг ўзида тегишли хизмат кўрсатиб, муаммоларни ҳал этишди. 30 нафар жисмоний шахснинг ИНН (стир) олиш бўйича мурожаатлари сайёр қабул куни ижобий ҳал этилди.

— Мен Юртбошимиз томонидан юборилган вакилга Пошхурт қишлоғида хотин-қизлар банд лигини таъминлаш мақсадида тикувчилик цехини очиш бўйича мурожаат қилдим. Таклифим қаноатлантириладиган бўлди. Қишлоғимизда тикувчилик цехи қуриш бўйича тегишли ташкилотларга аниқ кўрсатмалар берилди. Бундан нафақат мен, барча пошхуртликларнинг бошлари осмонга етди, — дейди шу қишлоқда яшовчи Ойнахол Раҳмонова.

Зиёратгоҳлар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳам халқимизнинг азалий миллий қадриятларидан бири ҳисобланади. Туманнинг “Чорбоғ” маҳалласида яшовчи Абсахат Бозоровнинг “Ғоз ота” қабристонида зиёратчилар учун айвон қуриш юзасидан қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Сайёр қабулда Сабоҳат Зиёеванинг мурожаати ўрганилиб, соғ лигини тиклаш учун тегишли жойга ордер ажратиладиган бўлди. Энг муҳими, Шеробод туманида ўтказилган сайёр қабулдан фуқаролар қатъий ишонч ва эзгу ният билан уйларига қайтишди.

Юртбошимиз ташаббуси билан жорий этилган янги тизим — халқ билан мулоқот давлат ва халқ ўртасидаги энг ишончли, мустаҳкам олтин кўприк эканлигини бугун нафақат юртимиз аҳолиси, балки дунёдаги энг ривожланган давлатлар раҳбарлари, сиёсий арбоблари, халқаро экспертлар ва таниқли мутахассислар эътироф этиб, тан олишмоқда. Халқимиз вакиллари чорак аср давомида ўзларини қийнаб келаётган муаммолар бартараф этилаётганлигини, мурожаатлар қоғозда эмас, амалда ўз ижобатини топаётганлигини дилдан ҳис этишмоқда.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тийин сўмни тежайди

“Пулни ҳеч ким ердан супуриб олмайди”. Халқ орасида тез-тез тилга олинадиган бу иборада жон бор. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE