Бош саҳифа / Жамият / Ҳеч ким эътибордан четда эмас…

Ҳеч ким эътибордан четда эмас…

ёки жорий йил 18 майдаги сел туфайли Қумқўрғон
туманидаги маҳаллаларга етказилган табиий зарарнинг
қандай бартараф этилаётганлиги хусусида

Ҳаётда турли хил воқеа-ҳодисалар юз беради. Аммо инсон қачон, қандай тасодифга дуч келишини олдиндан айтиб бўлмайди.

Ўша куни кучли ёғингарчилик оқибатида Қумқўрғон туманидаги айрим ҳудудларга сел келди. Ушбу табиий офатдан тумандаги 10 та маҳалла аҳолиси жабр кўрган бўлса, шундан энг кўп талафот асосан, “Азларсой”, “Боғаро” ҳамда “Элобод” маҳалла фуқаролари ҳиссасига тўғри келади. Қолган еттита маҳалла ҳудудидаги айрим хонадонларгина зарар кўрган. Учта маҳаллада 172 та уй яроқсиз ҳолга келиб қолиши натижасида қайта қуриш белгиланган. Маълумотларга қараганда “Боғаро” маҳалласида 5544 нафар аҳоли истиқомат қилади. Жами 1018 та хўжалик, 1394 та оила мавжуд. Сел келиши натижасида эса 394 та хонадон зарар кўрган бўлиб, шундан 51 та уй яроқсиз ҳолда. 20 тасига ҳомий ташкилотлар бириктирилган. Ҳозирда уйлар қуриб фойдаланишга топширилмоқда. Қолган 31 та хонадонга компенсация ажратилган. “Азларсой” маҳалласида эса 5521 нафар аҳоли яшайди. Ҳудуддаги 1223 та оиладан 347 таси селдан жабр кўрган бўлиб, 29 та уй қайта қуришга муҳтож. Шундан 12 тасига ҳомий бириктирилиб, 25 та оилага товон пули ажратилган.

Одамларнинг Худога айтгани бор эканми, босими 2 метрдан ошадиган сел тунда эмас, куппа-кундузи келди. Бу билан айтмоқчимизки, агар ушбу табиий офат тунда содир бўлганда бундада  жиддий зарар етиши мумкин эди. Сел оқибатида қанча одам зарар кўрди, қанча хонадон яроқсиз ҳолга келиб қолди.

Хўш, табиий офатдан азият чеккан оилаларга қандай кўмак берилаяпти?  “Элобод” мақалласига батафсил тўхталадиган бўлсак, маҳаллада 4033 нафар аҳоли истиқомат қилади. Жами 607 та хўжалик ва 1040 та оила мавжуд бўлиб, ушбу маҳалладаги 92 та хонадон жиддий талафот кўрган. Кўпчиликнинг ошхонаси, молхонасидан ташқари ўзлари истиқомат қилиб турган уй-жойлари ҳам яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Бундай хонадонлар сони 45 та. Маҳалла ҳудудининг ён-атрофи адирлик бўлганлиги ҳам одамларга селдан ҳимояланиб, жон сақлашига қўл келган. Кўплаб фуқаролар селдан қочиб тепаликларга чиққан. Қувонарли томони шундаки, сел бирорта ҳам фуқаронинг ҳаётига жиддий хавф солмаган.

—    Табиий офат юз берган бўлишига қарамасдан фуқароларимиз омон қолганлиги энг катта бахт, — дейди “Элобод” маҳалласи раиси Исмоил Астанақулов. — Ўша пайтда ҳамма саросимага тушиб қолганди. Уйлар вайрон бўлган, кўплаб моллар кўчаларда ўлиб ётибди, атрофни эса одамларнинг ваҳимали овози, бақир-чақир қоплаган. Бундай вазиятда уларга далда беришнинг бирдан бир йўли яқинлари соғлиги, уларнинг офатдан омон қолганлигини тушунтириш эди. Бизга тезда барча ташкилотлар ёрдамга келди. Кўплаб техника жалб қилиниб, уй-жойлар, кўчалар лойқадан тозаланди. Селдан, молларнинг ўлигидан чиқаётган ҳидлардан касаллик тарқалиб кетмаслиги учун тезда дезинфексия қилинди.

Қумқўрғон туманида юз берган табиий офатдан хабар топган барча ташкилот ва идоралар кўмакка келишиб, аввало, аҳолини хавфсиз жойга олиб чиқишди. Вайрон бўлган уйларни қайта қуриш учун вилоятдаги барча мутасадди ташкилотлар беркитилиб, ҳар бир хонадонга биттадан ташкилот белгиланиб, уйларни қайта қуриш ва тиклаш ишлари бошлаб юборилди. Аҳоли тиббий текширувдан ўтказилди. “Ҳа, деган туяга мадад”, деганларидек, тез орада қўшни вилоятлардан қам инсонпарварлик ёрдамлари юборилди. Жумладан, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах ҳамда Навоий вилоятларидан кийим-кечак, кўрпа-тўшак ҳамда турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари юборилди ва зарар кўрган фуқароларга тарқатилди. Маҳалла оқсоқолининг айтишига қараганда, уйлари қайтадан қуриб берилаётган хонадонлардан ташқари, айрим зарар кўрган оилаларга ҳам  цемент  тарқатилган.

Селдан зарар кўрган уй-жойлар мутасадди ташкилотларнинг саъй-ҳаракати ва ёрдами билан қисқа муддат ичида қуриб битказилаяпти. Хусусан, “Сариосиёдон” МЧЖ томонидан “Элобод” маҳалласида яшовчи фуқаро Жўра Ҳамзаевнинг уйи биринчилардан бўлиб, янгидан қуриб берилди. Бундан ташқари, қайта қурилиши белгиланган барча уй-жойларда қурилиш ишлари кетмоқда. Уйлар мустаҳкамлиги ҳам инобатга олиниб, пойдевори бир, бир ярим метр баландликда ташланган бўлса, аксарият уйлар пишиқ ғиштдан қурилаётганлиги аҳолининг қулай ва мустаҳкам уйларда истиқомат қилиши ва келгусида юз бериши мумкин бўлган хатардан ҳимоя ҳамдир.

—    “Асака банк” кўмаги билан нураб қолган 5 хонали уйимни пишиқ ғиштдан қайта қуриб беришаяпти, — дейди Зокир Қодиров. — Уйим яроқсиз бўлиб қолган пайтда энди қаерда яшайман, йиллар давомида қурган уйимни қандай қилиб қайтадан қуриб битказаман, деб кўзимдан уйқу қочганди. Вилоятимиз ҳокимига, тегишли ташкилотларга миннатдорчилигимни билдираман. Улар бизни оғир кунда ташлаб қўймади. Ҳаётда тушкунликка тушмасдан дадил одимлашга ундади. Одамларнинг дардига шерик бўлиб, кўмак берди. Мен оқибатли халқим, бағрикенг давлатим билан фахрланаман.

Ҳа, бугун Қумқўрғонга борсангиз, у ерда селдан вайрон  бўлган жойларни эмас, янгитдан бунёд бўлаётган қурилиш майдонини кўрасиз. Одамларнинг қувончи чексиз. Аввало, уларнинг тану жони соғ қолди. Қолаверса, уларни оғир, синовли дамда эли ва юрти қўллади.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan