Эҳромлардан баланд эҳтиром

0
35

Имконияти чекланган фуқароларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашга қаратилган чора-тадбирлар миллий қадриятларимиз намунасидир.

Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлими  Олий Мажлис ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг “Улуғ халққа, улуғ тупроққа эҳромлардан баланд эҳтиром” мавзусидаги грант лойиҳаси асосида осойишталик, миллатлараро тотувлик, миллий қадриятларимизга эҳтиром ўқуви ва юртимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш тадбирларини ташкил этдилар. Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ушбу лойиҳа иштирокчилари режа асосида Термиз давлат университети ўқитувчиларидан миллий урф-одатларимиз, қадим кент ва улуғ сиймоларимиз ҳақида маълумот олдилар.

— Мен шу жамиятнинг фаол аъзоси сифатида ўз овозим ва ўрним борлигидан фахрланаман. Айни пайтда Термиз давлат университетиниг талабасиман. Жамият аъзолари билан кўплаб маданий-маърифий тадбирларда, кўрик- танловларда иштирок этамиз. Ушбу лойиҳа асосида тарихимизга, маънавиятга, жаҳонга илму амали билан танилган боболаримиз ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар бизда катта таассурот қолдирди, — дейди Ўрал Мирзаев.

Лойиҳа доирасида Шаҳрисабз, Самарқанд, Бухоро шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига беш кунлик саёҳат  ташкил этилиб, жамият аъзолари бир олам таассуротлар билан қайтишди.

— Имом Бухорий, Баҳовуддин Нақшбандий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Ислом Каримов зиёратгоҳида бўлиш, бетакрор қадимий обидалар ва уларнинг тарихи билан танишиш, маърифатпарвар улуғ сиймоларимизга нисбатан муҳаббатимизни янада оширди, — дейди Термиз давлат университети талабаси Соҳибжамол Назарова.

—  Жамиятимизга қарашли вилоят кутубхонасида 8100 та гапирувчи ва брайл алифбосидаги китоб бўлиб, айни пайтда ўқувчиларимиз сони 972 нафарни ташкил этади. Туманлардаги кутубхоналар  билан ҳисоблаганда 32 минг 484 дона китоб фонди, 4667 нафар ўқувчи бор, —  дейди  Ўз КОЖ  вилоят бўлими раиси Акмал Аннақулов. — Бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратганим боиси, маънавиятли, дунё адабиёти ва ахборотидан хабардор инсонгина шиддатли замон билан ҳамнафас яшай олади. Аъзоларимиздан 27 нафар ёшларимиз олий таълим муассасаларида, 15 нафари эса касб-ҳунар коллежларида таҳсил олади. Ёшларимиз  орасида санъат соҳасида  ижод  қилаётган  30 га яқин иқтидорлиларимиз бор. 200 дан ортиқ жамият аъзоси турли соҳада имкониятлари даражасида фаолият юритишади. Мақсадимиз жамият аъзоларининг фаол ҳаётга бўлган кўникмаларини ошириш.

Қалбида  чексиз ғурур билан  таассуротларини ўртоқлашаётган жамият аъзоларининг мамнунлиги,  мамлакатимиздаги тинчлик, фаровонлик, инсонпарварлик тамойиллари барқарорлигининг  ёрқин намунасидир.

А. МАҲМУДОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг