Бош саҳифа / Сиёсат / Дўстлик кўприги

Дўстлик кўприги

Ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналиши этиб белгиланган.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу хусусда алоҳида тўхталиб, ҳақли равишда “Ўтган давр мобайнида ташқи сиёсат соҳасида хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришдик”, деб таъкидлаган эди. Чиндан ҳам бу борада дадил қадамлар қўйилди. Айниқса, “Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё – бош устувор йўналиш” тамойилини амалда татбиқ этишга киришилгани таҳсинга лойиқ.

Жумладан, Қирғизистон билан давлат чегаралари тўғрисида битим имзоланди. Қозоғистон ва Туркманистон билан ҳам яхши қўшничилик, стратегик шериклик алоқалари ўрнатилди. Шунингдек, Тожикистон билан дўстона муносабатлар хусусида ҳам илиқ фикрлар айтиш мумкин. Яъни ўзбек ва тожик халқлари асрлар мобайнида яқин қўшнилар сифатида ёнма-ён яшаб келган.

Тили бошқа бўлса-да, дини ва урф-одатлари, анъаналари бир. Бамисоли эт билан тирноқ. Афсуски, ўтган йилларда давлатлараро алоқалар узилиб қолган эди. Президентимизнинг Тожикистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи мобайнида бу икки қардош халқ ўртасида сиёсий, савдо ва иқтисодий, маданий алоқалар ўрнатилди. Ўз навбатида Тожикистон Республикаси Президентининг юртимизга қилган ташрифи чоғида муҳим келишувга эришилди. Яъни стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзоланди. Учрашув чоғида муҳтарам Президентимиз ўзаро муносабатларга оид битта ҳам муаммо қолмаганини маълум қилди.

Шу тариқа мустаҳкам дўстлик кўприги бунёд этилди. Икки давлат ўртасида ҳаво, темирйўл ва автомобиль қатнови йўлга қўйилди. Қўшниларимиздан бирининг ота-онаси Тожикистонда яшайди. Қўшнимиз авваллари ота-онасини йиллаб бориб кўролмасдан хуноб бўлиб юрарди. Шу қўшнимиз яқинда ҳордиқ чиқариш учун Тожикистондаги машҳур “Оби гарм” сиҳатгоҳига бориб келди. Шу аснода яна бир воқеа эсимга тушди. Бундан чамаси эллик йил муқаддам бир акамиз Қирғизистоннинг Андижон вилояти билан битта сой ажратиб турадиган қишлоғидан Тошкентга ўқишга келиб, шу ерда қолиб кетган. У отаси бандаликни бажо келтирганда лоақал эл қатори унинг таъзиясига боролмаганини, Худонинг зорини қилса ҳам чегарадан ўтказишмаганини сўнгсиз армон ва алам билан гапириб берганда унга ачинган эдим.

Яқинда Ўзбекистон телевидениесининг “Борига барака” кўнгилочар кўрсатуви иштирокчиларидан бири “Қирғизистоннинг ўша туманидан келганини айтганида унга ҳавасим келди. Ана энди ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг.

Россия дунёдаги кучли давлатлардан бири. Қолаверса, халқларимиз ўртасида алоқалар илдизи асрларга бориб тақалади. Тақдир тақозоси билан узоқ давр мобайнида иқтисодий, ҳарбий-техникавий, илмий, маданий-маърифий ва бошқа соҳаларда яқин ҳамкорлик қилиб келинган. Аммо кейинги йилларда бундай дўстона алоқалар сусайиб қолган эди. Ҳаётнинг ўзи халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни қайтадан жонлантиришни тақозо этмоқда. Президентимизнинг 2017 йилда ушбу мамлакатга қилган ташрифи бу борада муҳим қадам бўлди. Ўтган йили Россия Федерацияси Президентининг юртимизга амалга оширган давлат ташрифи чоғида икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик алоқалари янада мустаҳкамланди.     

Кези келганда таъкидлаш ўринлики, вилоятимиз ҳудудида “Мустақилликнинг 25 йиллиги” номли йирик газ-кимё мажмуаси ҳамда сабзовот маҳсулотлари етиштирувчи агромажмуанинг барпо этилиши қувончли воқеа бўлди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган бундай оқилона сиёсат пировардида Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга дунёда, хусусан, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Қурбон ЖЎраназаров,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хатосини тан олди

Дин инсонни гуноҳдан, ёмон ишлардан сақловчи, виждон поклигини таъминловчи кучдир. Диний билимларни яхши ўзлаштирган инсон …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan