Бош саҳифа / Жамият / Дўстлик чегаралари очилди

Дўстлик чегаралари очилди

Вазирлар   Маҳкамасининг  Ўзбекистон – Тожикистон Давлат чегараси орқали айрим ўтказиш пунктларининг фаолиятини қайта тиклаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори  ижроси доирасида вилоятимиз ва Тожикистоннинг Хатлон вилояти  Шахритуз тумани ўртасидаги “Гулбаҳор-Амузанг” чегара ўтказув пости  очилди.

Пунктнинг очилиш маросимида  икки  мамлакат  делегацияси — Сурхондарё  вилояти  ҳокими  Э.Турдимов ва Хатлон  вилояти ҳокими Гулмуҳаммадзода  Давлатшо иштирок  этди. Дастлаб, Ўзбекистон ва Тожикистон   делегациялари иштирокида чегаранинг Тожикистон  қисмида ташкил  этилган   тадбирда  яхши қўшничилик, ўзаро  дўстлик  ришталари янада мустаҳкамланиб бораётганлиги, икки  давлат  ўртасида  бориш – келишдаги  муаммоларга ечим топилаётганлиги   хушнудлик   билан  таъкидланди.

— Бу  тадбирнинг алоҳида  аҳамияти жуда  юқори, — дейди  Хатлон  вилояти  Шахритуз тумани  маданият  бўлими  бошлиғи  Гулмурод  Тоғаев. —  Икки  халқ  ўртасида  қон-қариндошлик, қуда-андалик, яхши  қўшничилик  анъаналари минг  йиллар давомида шаклланиб, сайқалланиб  давом  этиб  келган.  Кейинги  чорак  аср  давомида  икки давлат  ўртасида  чегаралар  ёпилгани  кўпгина қийинчиликларни  туғдирганди. Менинг ҳам  қизларим  Ўзбекистонда, Термиз туманида  истиқомат  қилишади. Биз эса Хатлон  вилоятининг  Шахритуз  туманида яшаймиз.  Чегараларнинг  очилиши энди дилларни-дилларга, дийдорларни-дийдорларга   улайди.

Расмий  қисмдан  сўнг,  Тожикистонлик маданият ва  санъат усталари томонидан концерт дастури ҳам  намойиш  этилди.  Тадбирнинг  иккинчи  қисми  Термиз  туманидаги “Гулбаҳор” маҳалласида “Гулбаҳор-Амузанг” чегара  автомобиль  ўтказув  қисмида ўтказилди. Унда  қатнашган  икки  давлат  делегацияси  аъзолари  халқ- ларимиз ўртасида ўзаро дўстлик  ришталарини боғловчи кенг  ислоҳотлар  ва  ўтказилаётган бу  каби  тадбирларнинг  аҳамияти  юқори  эканлигини  таъкидлашди. Воҳа маданият  ва  санъат  усталари  томонидан  намойиш  этилган  тадбирнинг бадиий   қисми ҳам кўпчиликка  манзур  бўлди.

— Қардош  ўзбек  халқи  бизни  юқори кайфиятда кутиб олганлигидан  хурсандмиз, — дейди Хатлон вилояти   хотин-қизлар  қўмитаси  раиси  Гулчеҳра  Наимова.— Бу  тадбир халқларимиз  ўртасида  ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий  алоқаларни  янада  мустаҳкамлаш учун  давлатларимиз  раҳбарлари  томонидан  олиб борилаётган  ислоҳотларнинг самарасидир

“Гулбаҳор-Амузанг” чегара ўтказиш пунктида фуқаролар учун барча зарур ижтимоий-маиший шароитлар яратилган. Чегара постида санитария, ветеринария, карантин  назорати хоналари, махсус касса, валюта айирбошлаш шахобчаси,  пиёдалар  ва  автомобиллар  тўхташ  жойи,  ошхона  фаолияти  йўлга  қўйилган.

— Бугун  Тожикистонда  истиқомат  қилаётган икки синглим Саломатхон ва Сао- датхонни кўриб, дийдорига  тўйдим. Улар билан кўришмаганимга 12 йил бўлганди, Президентимизга раҳмат, — дейди  Термиз туманидаги “Гулбаҳор” маҳалласида яшовчи Санобар Бобомуродова  кўз ёшларини яширолмай.

Мазкур қадам, “Гулбаҳор-Амузанг” чегара ўтказув пос- тининг очилиши,  Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратади.

Сарвар ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan