Бош саҳифа / Жамият / Дуо билан эл кўкарар

Дуо билан эл кўкарар

Наврўз—янги кун шукуҳи билан деҳқонларимиз дала юмушларига астойдил бел боғлашган баҳор фаслида ҳамжиҳатлик ва меҳнатсеварлик янада жонланади. Қиш фаслидан толиққан халқимиз янги юмушларга отланиш олдидан, ниятларининг ижобати учун кексаларнинг дуосини олишга шошади.

Ушбу анъанадан келиб чиқиб, Термиз шаҳридаги муҳташам “Турон” тўйхонасида вилоят ҳокимлиги томонидан воҳамизда кексалик гаштини сураётган ва турли жабҳаларда муносиб меҳнат намунасини кўрсатиб келаётган 500 га яқин нуроний отахонлару онахонларга табиатнинг уйғониш палласи, шарқона Янги йилнинг бошланиши – Наврўз байрами арафасида кўркам дастурхон ёзилди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик ва тинчликпарварлик, бағрикенглик, оқибат тимсоли ҳисобланган Наврўзи олам билан иштирокчиларни муборакбод этиб, кексаларнинг дуосини олиш, қадрлаш ва меҳр-оқибат кўрсатиш хал қимизга хос бетакрор фазилат намунаси эканлигини таъкидлаб ўтди.

Мамлакатимизда кечаётган шукуҳли кунларга шукроналик билдирган нуронийларимиз юртимиз осойишталигини, барқарорлиги, деҳқонларимиз хирмонларига қут-барака, дастурхонларимиз тўкин-сочинлигини ният қилиб дуога қўл очдилар.
—Шу кунларга етказганига шукур! Бир вақтлар Наврўзда ўзлигимиз, аждодмерос анъаналар, урф-одатларимиз, миллий ғурур ва қадриятларимиз акс этганлигини англаган баъзи қора кучлар томонидан уни нишонлаш қатъиян таъ- қиқланганлиги сабаб йўқотишимизга, бой беришимизга бир баҳя қолган эди. Аммо у халқ қалбида яшаб қолди! Мустақиллигимиз сабаб барча қадриятларни ўзида жо этган Наврўз миллат ўзлигини авлодлардан-авлодларга бус-бутун етказиш билан бирга, инсонлар қалбига эзгу амалларни жо қилувчи, эртанги кундан умид, шукроналик ва шод-хуррамлик белгиси сифатида кундан кун янада қадр топмоқда,—дейди биз билан суҳбатда қизириқлик Норсафар ҳожи Маҳмадалиев.


—Наврўз айёми дарҳақиқат, улуғ байрам! Унда ҳикмат кўп! Табиатнинг уйғониши, одамларга ҳам, қушу ҳашаротларга ҳам бирдек таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам Йилнинг айнан шу вақти аждодларимиз томонидан асрлар давомида байрам сифатида нишонланиб келиниши бежизга эмас, деб биламан. Наврўзнинг сифатини бир-икки оғиз сўз билан ифода этиб бўлмайди. Бир ҳақиқат маълум, бу айём йилбоши сифатида барча эзгуликлар ва яхшиликларнинг дебочаси ҳисобланади. Халқимиз шодлиги, қувончи ҳам шундан,-дейди биз билан суҳбатда Шўрчи тумани, “Гулистон” маҳалласида яшовчи Эркин ота Маматқулов.

Дарҳақиқат, кексалар дуосида ҳикмат кўп. Шу боис ҳам аҳли донишларимиздан “дуо олган элда азиз”, “дуо билан эл кўкарар” каби ибратли иборалар асрлар оша мерос бўлиб келади. Нуронийларимизнинг чеҳрасидаги мамнун кайфият она табиатнинг таровати билан уйғунлашиб, галдаги юмушларимиз самарасини бериши шубҳасиз.

Маҳмуд АЛИЁР

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE