Бош саҳифа / Жамият / Дунёнинг саккизинчи мўъжизаси

Дунёнинг саккизинчи мўъжизаси

— Китоб ўқисам бошим оғрийди. Шунинг учун сарлавҳасини ва бошидаги унга изоҳ берилган матнни ўқиб, у ҳақида умумий маълумотга эга бўлсам, кифоя.
— Китоб ўқиб олим бўламанми? Ўзим қизиққан машғулот билан шуғулланганим яхши. Масалан, телевизор кўриш.
— Кўп вақтимни дўстларим билан мулоқотда ўтказаман. Бўш вақтимда эса уй ишларини қиламан. Шунинг учун китоб ўқишга вақтим бўлмайди.

Бу айрим тенгдошларим томонидан “Китоб ўқишни ёқтирасизми?” деган саволимга берилган жавоблар эди. Афсуски, уларнинг турли билимлар тўпланган хазинага — китобга бўлган бундай муносабати мени ўйлантириб қўйди. Жилла қурса, дарсликларни ўқишяпти-ку деган таскин билан юрардим, кейин билсам, аксарияти ҳатто, дарсликлардаги мавзуларни батафсил ўқиб, тушуниш ўрнига айрим жойларини конспект учун ёзиб олиб, сўнг, боши ва охиридаги жумлаларни ёд олишдан нарига ўтмас экан.

“Охирги марта харид қилган китобингиз қайси?” деган саволимга эса: — Китоб олгандан кўра, “Даракчи”, “Бекажон” газеталарини олсам, кўпроқ маълумотга эга бўламан.

— Китобларнинг нархи қиммат, ҳар ким ҳам ололмайди.

— Мутолаа учун қайси китобларни ўқиш кераклигини билмайман. Чунки бугунги кунда савиясиз асарлар кўпайиб кетган, — дея жавоб беришди. Қизиқ, ёшларнинг китобхонлик борасидаги фикрлари нега бундай саёз экан-а? Ё уларнинг оиласида китоб ўқийдиганлар, уларга мана бу китобни ўқиб чиққин, дея йўл кўрсатадиган йўлбошчилар йўқми?

— Мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс бераман, — дейди Қизларгул Бадалова. — Ўқувчиларни китобхонликка ошно қилиш учун дарсда турли усулларни қўллашга, уйга вазифа қилиб беришга ҳаракат қиламан. Шунга қарамай, битта синфда ўттизта бола бўлса ҳам улардан атиги уч-тўрт нафар бола китоб ўқиб келади. Бу нимадан далолат беради? Демак, ота-оналар фарзандининг илм олишига, китоб мутолаасига бефарқ. Чунки, ота-онанинг ўзи мутолаа завқини туймайди. Ҳатто, болага дарс қилиши учун дарсхона ажратмайди. Ёшлар эса бебаҳо дамларини интернетдаги турли кераксиз ижтимоий тармоқларда ўтказаяпти. Бу нафақат таълим муассасалари ходимларининг, балки ота-оналарнинг ҳам, қолаверса, жамиятнинг барча вакиллари муаммоси.

Ҳа, ўқитувчининг сўзларида жон бор. Негадир аксарият хонадонларда меҳмон учун алоҳида хона ажратиладию, аммо фарзандлар учун дарсхонага келганда эътиборсизлик қилинади. Натижада болалар у ер, бу ерда ерга мук тушиб дарс тайёрлайди. Бундай ҳолатда унинг танаси тез чарчайди. Ахир дарсхона — бу ижодхона-ку. Бола у ерда ўзини эркин ва яхши ҳис қилади. Агар ана шу мўъжаз ижодхонада кичиккина бир кутубхонача қилиб, китоб териб қўйингчи, бола уни олиб ўқимайдими?!

Яқинда бир дугонам қўлида Раҳима Шомансурованинг “Келиннома” китобини кўриб қолдим. Унинг биринчи муқовасини очиб қараганимда эса “Қизим, Мадинага саодатли келин бўлишингни истаб отанг” деган ёзувга кўзим тушди. Дугонам эса уни туғилган кунига айнан отаси совға қилгани учун қўлидан қўймай олиб юрарди. Мен ундан китоб сизга нима беради, деб сўраганимда эса у “Китоб бу қалб қуёши. Уни ўқиганингиз сари, яна ўқигингиз келаверади. Ундан юксак маънавият, теран дунёқараш, одоб-ахлоқ каби фазилатларни ўрганиш мумкин. Китоб мутолаасидан оладиган маънавий озуқани ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди”, дея жавоб берди. Демак, орамизда бундай ёшлар, фарзандига ёшга доир китобларни танлаб, совға қиладиган ота-оналар борлигидан қувондим.

Бугун дунёнинг саккизинчи мўъжизаси сифатида эътироф этилаётган китоб инсонни ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишида ёрдам беради. Чунки у инсонни мушоҳада қилиб, фикрлашга ундайди. Фикрлашдан тўхтамаган одам эса умр дафтарини фақат эзгуликлар билан тўлдиради.

Дилдора АШУРОВА,
коллеж ўқувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan