Бош саҳифа / Жамият / Дунёни гўзаллик қутқаради

Дунёни гўзаллик қутқаради

Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова билан суҳбат

1959 йил Денов туманида туғилган. Тумандаги ўрта мактабдан сўнг Термиз шаҳридаги тиббиёт билим юртини тугатгач, Денов марказий касалхонаси болалар бўлимида ҳамшира бўлиб ишлаган. 1995 йил Тошкент педиатрия тиббиёт институтини тамомлаб, ўзи туғилиб ўсган туман марказий касалхонаси туғруқ бўлимида бош мутахассис бўлиб ишлаган. 1998-2003 йиллар Тошкент педиатрия институтида кафедра ассистенти, доцент, ўқув-услубий бўлим бошлиғи вазифаларида фаолият юритди. 2003-2004 йилларда “Ҳазарбоғ” шифохонаси бош врачи. 2004-2005 йилларда Денов туман марказий касалхонаси бош шифокори ўринбосари, 2005 йилдан вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлиб ишлаб келмоқда. Тиббиёт фанлари номзоди, доцент. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

— Мавлуда Умаржоновна, муҳтарам Президентимиз томонидан кейинги икки йил ичида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қарорлар ижроси воҳада қандай кечмоқда?

— Қадимдан Шарқда хотин-қизларга нисбатан ҳурмат, эътибор юксак даражада бўлган. Шу сабабли ҳам довруғи дунёга таралган олима, фозила, орифа аёллар етишиб чиқишган. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Бизнинг асримизда, ҳаётнинг файзи ва кўрки, оила ва жамият устуни бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш янада улуғ қадриятга айланиб, бу давлат сиёсати даражасида давом этмоқда. Юртбошимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5325-сонли фармони бу борада туб бурилиш бўлди, десам тўғри келади. Шунга кўра, хотин-қизлар қўмиталари, унинг жойлардаги ҳудудий бўлинмалари такомиллаштирилди ва уларнинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун устувор вазифалар белгилаб берилди.

Бугунги кунда биргина вилоятимизда хотин-қизлардан 1 нафар сенат аъзоси, 12 нафар вилоят, 50 нафар туман, 7 нафар шаҳар Кенгаши депутатлари фаолият юритмоқда. Жорий йилда 12 нафар хотин-қиз турли даражадаги давлат мукофотлари билан тақдирланди. Яна бир муҳим жиҳат, юқоридаги фармонга мувофиқ хотин-қизлар қўмитаси ҳудудий бўлимларида 28 нафар ходим бўлган бўлса, эндиликда 56 нафар хотин-қиз фаолият кўрсатмоқда. Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги 3808-сонли қарорига кўра, республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. ФҲДЁлар хотин-қизлар қўмитаси тасарруфига ўтказилди.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 мартдаги 200-сонли қарорига кўра “Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис тўғрисида”ги Низом қабул қилинди. Унга биноан вилоятимизда 718 та маҳаллада шу соҳа бўйича мутахассис-маслаҳатчи хотин-қизлар ишлашмоқда. Жойларда аёллар ижтимоий мослашуви марказлари ташкил этилганлиги эса кўпгина муаммоларни жойида ҳал этиш имкониятини бермоқда.

Президентимиз ва ҳукуматимизнинг амалий ёрдами билан бугун Сурхон воҳасида 2287 та хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилоти иш олиб бораяпти. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида яна 44 та бошланғич ташкилот ўз фаолиятини бошлади.

— Хотин-қизларга янги иш жойи яратиш, ногиронларга уй-жой ажратиш, моддий ёрдам бериш, тадбиркорликни ва истеъдодларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар натижасига тўхталсангиз?

— Хабарингиз бор, фан, таълим, маданият, спорт, бадиий ижодкорлик бўйича иқтидорли ёшлар тизимли равишда қўллаб-қувватланиб, рағбатлантириб борилмоқда. Илгари йилига ҳар вилоятдан 1 нафар қизга Зулфия номидаги республика давлат мукофоти бериларди. Жорий йилдан бошлаб 2 нафарига бериладиган бўлди. Бу ҳам қизларимиз учун жуда катта имконият. Бундан ташқари, республика ва халқаро фан олимпиадалари, халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндорларига алоҳида эътибор ва имтиёзлар берилаяпти. Бу борадаги хотин-қизларимиз рўйхатини келтирсак, бир китобга сиғмайди.

Шу ўринда бир нарсани таъкидламоқчиман. Қўмитамиз томонидан халқ қабулхоналари, виртуал қабулхоналарга қилинган 2791 та мурожаатнинг 71 фоизи ижобий ҳал этилди. Воҳадаги оилалар чуқур мониторинг қилиниб, аҳвол ойдинлаштирилди. Бу борада тўрт-беш йилда эришиб бўлмайдиган натижаларга жорий йилнинг ўтган ойларида эришилди, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан. Юртбошимиз айтганларидек, “…нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хомхаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этиш”дек номаъқул иш услуби танқидий қайта кўриб чиқилди.

Айниқса, халқ ва давлат ўртасида олтин кўприк вазифасини бажарувчи жамоатчилик назорати гуруҳлари хотин-қизлар борасидаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда. Мана шундай ҳаракатлар натижасида жорий йилда 1220 нафар хотин-қизга тиббий ёрдам кўрсатилиб, 2091 нафари турли касб- ларга ўқитилди. 1210 нафар ногиронга аравача, 198 нафарига эшитиш мосламаси берилди.

Ўтган ойлар давомида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида корхона ва ташкилотлардаги бўш ўринлари, касаначилик, оилавий тадбиркорлик ва бошқа йўналишларда 32119 та янги иш ўрни яратилди. Жорий йил мавсумда 448 нафар хотин-қиз пилла қурти боқишга жалб этилди. Бевосита қўмитамиз ташаббуси билан 901 та кичик корхонада 2923 та иш ўрни яратилди.

Уй-жойга муҳтож хотин-қизлардан 237 нафари уй-жой билан таъминланди. Муҳими, бир хонадонда 3-4 оила истиқомат қиладиган 21388 оилага уй-жой қуриш учун томорқа ажратилганлиги айни муддао бўлди. Кам таъминланган, ногиронлиги бор 312 нафар хотин-қизга тикув машинаси берилди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оила муҳитини яхшилаш, манфаатдорлигини ошириш мақсадида жорий йилнинг ўтган ойларида тадбиркор аёлларимизга 109 миллиард 734 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу рақамлар остида жуда катта эътибор, бунёдкорлик борлигини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.

— Сиз вилоят ҳокими ўринбосари, депутат, ишчи гуруҳ раҳбари сифатида жойларда кўп бўласиз. Айтингчи, хотин-қизлар мавзусида энг оғриқли нуқта нима?

— Биласизми, агар бир маҳаллада биттагина оила нотинч бўлса, бу маҳаллани намунали маҳалла, деб бўлмайди. Хотин-қизларга муносабат, ҳурмат-эътиборни биз болаларимизга ёшликдан сингдиришимиз лозим. Ҳали қайси бир мутафаккирнинг ҳар бир халқнинг маданияти хотин-қизларга бўлган муносабати билан ўлчанади, деган гапида жон бор. Агар биз онани, аёлни, келинимизни, қизимизни эъзозласак, унга яхши муносабатда бўлсак, ҳар томонлама шароит яратиб берсак, шарқона одоб-ахлоқни ўргатсак, бундан гўзал нарса борми? Гўзаллик дунёни қутқаради, деган гапда жуда қомусий маъно бор. Онасини, аёлини, қизини севган киши ҳеч қачон ёмон ишга қўл урмайди, қўпол гапирмайди. Юқоридагидек тарбия кўрган аёл ўстирган фарзанд эса дунёдаги жамики нарсага меҳр-муҳаббат, садоқат кўзи билан қарайди. Шу маънода ҳам гўзаллик дунёни қутқаради.

— Дунёда бир аёл бўлса, заргарга иш топилади, деган гап бор. Зеб-зийнат аёллар учун яратилган. Лекин уларнинг китобхонлик ва турмуш маданияти ҳақида нима дея оласиз?

— Жуда яхши савол бердингиз. Мен жойларда кўп гувоҳ бўлганман. Катта ёшдаги аёллар маҳалла гузарларида, гап-гаштакларда кийим-кечак, ҳар хил тақинчоқ, дабдабали қиз узатиш, тўй-ҳашамлар ҳақида соатлаб суҳбат қилишади. Лекин жамиятдаги муҳим янгиликлар, янги чоп этилган китоб- лар ҳақида гаплашиш, суҳбатлашиш, фикр юритиш уларга ёт. Эрон шоҳи Анушервон шундай китоб ёзингларки, дунёда барчага ибрат бўлсин, дейди. Доно вазир Бузрукмеҳр ушбу рисолани бир йилда битади ва “Зафарнома” деб ном қўяди. Унда шундай савол-жавоб бор.

Шогирд: — инсонга бахтсизлик келтирадиган нарса нима?

Устоз: — уч нарса. Дангасалик, лоқайдлик ва ёлғизлик.

Шогирд: — инсонга тугал бахт сўраш учун нимани сўрамоқ даркор?

—Устоз: — Уч нарсани соғ лик, хотиржамлик, моддий ва маънавий бойлик, — деб жавоб беради. Кийимга ўч бир аёл туш кўради. Тушида ўзининг хатоларини англайди, эрталаб туриб турмуш ўртоғига меҳр-муҳаббат билан “Юринг, бозорга бориб, сизга бир чиройли уст-бош олайлик”, дейди. Эри хотинининг бу гапидан ҳайратланади. Қаранг ки, аёл турмуши давомида биринчи марта эрини яхши кийиниши ҳақида бош қотирмоқда. Соғлик, хотиржамлик, моддий ва маънавий бойлик устувор бўлган оилада зар, зеби-зийнат иккинчи даражага тушиб қолади. Олдиндан узр сўрайман, нега раҳбарлар, жамоатчилик гуруҳи аъзолари уй бекалари ҳовлисига райҳон экиб бериши керак, кўчат ўтқазиши даркор. Бу қадимда бизнинг Шарқда жуда айб саналган. Саводхонлик, китобхонлик, яхши рўзғор тутиш, турмуш ўртоғини, болаларини ғунчадек безатиб қўйиш бу ҳам аёлнинг фазилатини, зебини, нақшини белгилайдиган мезонлардан бири эканлигини унутмаслигимиз керак.

— Ҳаётда Сиз ёшликдан интилган, ёқтирган ва ёқтирмайдиган нарса? Қўпроқ қандай китоб ва нашрларни ўқийсиз?

— Умрим давомида ҳасадни, чақимчиликни ёмон кўраман. Худодан қўрқмайдиган кишидан қўрқ, деган гап бор. Ҳаромдан ҳазар қилмаган кишидан ҳар нарсани кутиш мумкин. Кимгадир ҳавас қилиб, тақлид қилиб, орзу билан яшаган, интилган кишиларни ҳурмат қиламан. Мен ёшлигимдан яхши кишиларга ҳавас қилиб катта бўлганман. Ўзимга берилган вазифани виждонан бажармасам, ўзимдан қониқмайман. Болалигимдан фанлардан юқори баҳо олишга, тенгдошларим ичида биринчи бўлишга интилиш кучли бўлган. Мактабда Шарофат Абдумажидова деган ўқитувчимизга ўхшашни истаганман. Кийинишда, гапиришда, китоб, шеър ўқишда у кишига тақлид қилганман. У кишининг ишлаш тарзи, ҳаёти, шахсияти мени мафтун этган. Тиббиёт билим юртини 18 ёшимда тугатиб, Деновга ишга борганимда, шифокор Фарида Ғозиевани кўриб жуда ҳавасим келган. Чунки у кишини бутун Денов аҳли “опа” деб чақиришарди. Мени ҳам бир кун келиб одамлар “опа” деб ҳурматлашини ўшанда жуда-жуда истагандим.

Вақтли нашрларни кўп ўқишимдан мақсад ўз соҳамда бошқа вилоятларда бўлаётган воқеалар, янгиликларни муқояса ва таҳлил қилишга ёрдам беради. “Тафаккур”, “Саодат”, “Маънавий ҳаёт”, “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” каби журналлар ҳаётий ҳамкоримга айланган. Бундан ташқари, фалсафий тарихий мавзудаги китобларни ўқишни ёқтираман. Шу туфайли ҳам Сурхон воҳаси, мамлакатимиз тарихи ҳақида кўп нарсаларни билиб оламан, уни яқинларимга фахрланиб айтиб бераман. Маҳбуба момом отинойи бўлганлар. Бир сандиқ китоблари бўларди. Бизга эринмай Навоий, Яссавий, Фузулий, Машраб ғазалларини ўқиб, мазмун-моҳиятини тушунтирардилар. Шундан бўлса керак шеъриятга меҳрим алоҳида. Замонавий ижодкорлардан Абдулла Орипов, Усмон Азим, Зулфия Мўминова, Шафоат Раҳматуллаев, Сирожиддин Сай- йид, Муҳаммад Юсуф шеърларини севиб ўқийман.

— Оилавий ажримлар камаймаётганига асосий сабаб нималарда деб ўйлайсиз?

— Аввало, ўғил-қизларимизни болалигидан оилага тайёрлаб боришимиз керак. Бу иш боғча, мактаб, олийгоҳда ҳам изчил давом этиши лозим. Маълумингизки, мактаб, билим юртларда, олийгоҳларда оила ҳақида махсус дарс соатлари ўтилмайди, минг афсус. Оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларни камайтириш мақсадида бир қатор ижтимоий институтлар фаолият олиб бормоқда. Давлат дастурлари қабул қилинмоқда. Ҳамма гап оиланинг қўш қаноти бўлган келин ва куёвдадир. Агар улар ота-она маслаҳати билан бир-бирини зимдан ўрганиб, бир умр бир ёстиққа бош қўйишга кўзлари етиб турмуш қуришса, ҳаётимизда ажрим, деган сўзнинг ўзи бўлмасди. Не орзу умидлар билан никоҳдан ўтган эркак ва аёлнинг ажрим деган хатарли довонга етиб келишигача жуда кўп омиллар бўлади. Бунда ўзаро ҳурмат, моддий етишмовчилик, ота-она, қайнона-келин муносабати, ёшликда олинган яхши-ёмон тарбия, узоқ муддат бирга яшамаслик, фарзандсизлик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, хиёнат ҳам асосий сабаблардан бири, деб ҳисоблайман.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойида хорижга узоқ муддат ишлашга кетган 7860 нафар аёлдан 5095 нафари оиласи бағрига қайтарилди. Ажрим учун ариза берган ўнлаб оилалар яраштирилди, нотинч оилаларга моддий, маънавий ёрдам кўрсатилди. Юқоридаги саъй-ҳаракатлар туфайли воҳамизда ажримлар 28,2 фоизга камайганлиги ҳам қувонарли ҳолдир.

Сўзимнинг охирида муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг қуйидаги сўзларини такрорламоқчиман: “Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур тушуниб, англаб олишимиз керак. Бугун гап халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахти ва камоли ҳақида бормоқда. Шундай улуғ мақсадлар йўлида барчамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, бор ақл заковатимиз, билим ва тажрибамизни, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз керак”.

Сафар ОМОН суҳбатлашди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan