Бош саҳифа / Жамият / Дунё таниган АЛЛОМА

Дунё таниган АЛЛОМА

Буюк ажодлари-мизнинг маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бугунги даврнинг долзарб масаласи ҳисоблана-ди. Ислом дунёсининг етук алломаси Сўфи Оллоёр ҳаёти ва ижодини ўрганиш мақсадида фаол иш олиб борган камтарин инсон, ташкилотчи раҳбар, халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилган Равшан Мирзаевнинг амалга оширган ибратли ишлари ҳар биримизга намунадир.

У кишининг тинимсиз меҳнати, изланишлари туфайли Сўфи Оллоёр ҳақидаги ҳаётий маълумотлар омма эътиборига ҳавола этилди.

Бу  маълумотларга кўра, туркий тасаввуф илмининг йирик вакили бўлмиш Сўфи Оллоёр Туркистон халқлари орасида зўр ҳурмат-эътибор қозонган ва уч тилда: форсий, туркий ва араб тилида маҳорат билан ижод қилган. У “Маҳзан ул-мутъиин” асарини араб тилида, “Маслак ул-мутгақин”, “Мурод ул-орифин”, “Ҳажнома” асарларини форс тилида, “Сабот ул-ожизин” манзумасини ўзбек тилида ёзиб, ислом оламига бебаҳо мерос қолдириб кетган. Унинг китоблари қадимда мадрасаларда ўқитилган, халқ орасида жуда машҳур бўлган. Айниқса, “Сабот ул-ожизин” асари Қуръоннинг мағзи, дея эътироф қилинган. Ушбу асарни талабаларга эътиқод дарслиги сифатида ёдлатиб ўқитилган.

Сўфи Оллоёр ижодининг маърифатимиз тарихи учун муҳим жиҳатларидан бири шундаки, эски усул мактабларида тўрт китоб, яъни “Ҳафтияк”, “Чор-китоб”, “Сўфи Оллоёр” ва “Ҳофиз” ўқитилиши шарт қилиб қўйилган.

Устоз Р.Мирзаевнинг раҳнамолигида 2003 йилдан бошлаб Сўфи Оллоёр зиёратгоҳини қайта барпо этиш, мақбара қуриш, ободонлаштириш ишлари бошланиб, «Сўфи Оллоёр» жамғармаси ташкил этилиб фаолият кўрсата бошлагани катта воқеа бўлди.

— Мен жамғармани ташкил этгач, — деб таъкидлайди Р.Мирзаев  бир шифокор сифатида эътибор берсам, ҳовуздаги сув сарғайиб кетган, сифати бузилган, ичиш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолган, лекин зиёратчилар ва аҳоли иложсизликдан истеъмол қилмоқда. Бу ҳолатни кўргач, жамғарма аъзолари билан маслаҳатлашиб, қурилишдан ҳам олдин, биринчи навбатда, зиёратгоҳни тоза ичимлик суви билан таъминлашга қарор қилдик. Қишлоқ оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб Вахшивор дарасидаги Селбости сойидан тоғ ёнбағрилаб (300-400 метр баландлик) сизиб чиқаётган сувни қишлоққа, сўнг зиёратгоҳга олиб келдик.

Аслида Катта Вахшивор қишлоғининг машҳурлиги Сўфи Оллоёр ҳазратларининг номи билан боғлиқ. Ҳазрат 1713 йилда етти чоғли халифаси билан Вахшиворга келганлар. Катта Вахшивор қишлоғини ташкил этиш учун жой танланган, сўнг халифаларидан бирига ҳассасини бериб, Вахшивор сойининг ўнг қирғоғидан нам (қора) жойга суқиб, орқасига қарамай қишлоққа судраб келишини тайинлайди. Халифаси устози айтгандай ҳассасини суқиб сўнг судралиб кела бошлайди, қишлоққа келишига бироз жой қолганда шайтоннинг васвасасига берилиб, устозининг айтганини унутиб, орқасига қарайди. Не кўз билан кўрсинки, орқасидан ҳасса изидан бир тегирмон ариқ суви оқиб келаётган экан.

Халифа қараши билан сув пастга — жарга қараб оқиб кета бошлайди.

Устозининг сўзини икки қилган халифа одобсизлиги, қулоқсизлиги туфайли хатога йўл қўйганини тан олиб, афсусланиб ўтириб қолади. Анча вақт ўтириб, охири ўрнидан туриб, устозимдан гап эшитаманда, деб қишлоққа бориб устозга кўриниш беради.

Устоз бу ҳолатни сезиб турган экан, халифани уришиш ўрнига кўнглини кўтариб: “Хафа бўлма, бўлган иш бўлди, энди қолганини ариқ қазиб, чим босиб қишлоққа олиб келамиз”, — дейди.

Бу далда сўзни эшитган халифа ҳамроҳларини, қишлоқ аҳолисини тўплаб, ўша ерга бориб, сувни жиловлаб қишлоққа олиб келади.

Халифа орқага қарагани учун шу булоқнинг номи Қорабулоқ деб номланган экан.

Қорабулоқ шундан буён 300 йилга яқин вақт давомида халқ- ни тоза ичимлик суви билан таъминлаган, томорқа, боғларни суғориш учун фойдаланиб келинган. Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи ҳудудида халқ томонидан қурилган масжид, қазилган ҳовуз ва экилган дарахтлар бугунги кунгача сақланиб қолган.

Сўфи Оллоёр кўп жойларда ҳассасининг илоҳий сири билан сув чиқаради. Бунга Олтинсой туманидаги “Жиндибулоқ”ни, Тўхтамиш қишлоғидаги, Қабодиён, Чўнқаймишдаги ва бошқа булоқларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бу булоқларнинг кўзи очилиши, сув чиқиши ҳам бевосита Сўфи Оллоёр номи билан боғланиб кетган.

Олим гидрогеология, геодезия илмини ҳам яхши билгани сабабдан ернинг қайси жойидан сув чиқариш мумкинлигини, у сувни қандай йўллар билан баландликка кўтариш ишларини ҳам жуда яхши билган. Қисқаси, ҳазрат замонасининг кучли ирригатори — мироби ҳам бўлган, десак муболаға бўлмайди.

Халқимизнинг назарига тушган етук маънавият тарғиботчиси Р.Мирзаев хосиятли, мақтовга сазовор ишлари туфайли Сўфи Оллоёр ҳазратлари ҳаёти ва ижоди яна қайта халқимиз маънавиятининг бебаҳо хазинасига айланди. Шундан сўнг, Сўфи Оллоёр шахсиятини ўрганувчи тадқиқотчиларнинг изланишлари бошланди.

С.ТУРСУНОВ,
ТерДУ  профессор

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan