Бош саҳифа / Спорт / Дунё алплари Термизда беллашади

Дунё алплари Термизда беллашади

Термиз шаҳрида 5-6 октябрь кунлари кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал Ҳаким ат Термизий хотирасига бағишланган XIV халқаро турнир мусобақаси бўлиб ўтади.

Қадим-қадимдан кўҳна ва навқирон Сурхон воҳаси ўзининг полвонлари, чавандозлари, бахшилари, олим ва шоирлари билан етти иқлимга донг таратган. Алпомишлар юрти бўлган бу диёрда тўйлар, байрамлар, ҳайитлар курашсиз, кўпкарисиз ўтмаган. Истиқлол шарофати билан халқимизнинг бебаҳо удумлари, анъаналари қайта тикланди.

Маълумингизким, 1993 йилдан бошлаб улуғ бобомиз Ҳаким Термизий хотирасига бағишланган халқаро турнир ҳар икки йилда мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бунинг натижасида ёшлар ўртасида спортга бўлган муносабат ўзгариб, ўнлаб иқтидорли полвонлар кашф этилишидан ташқари, ўзбек миллий курашининг довруғи кириб бормаган мамлакат қолмади.

Халқаро мусобақа баҳонасида ўтган йиллар давомида юзлаб хорижлик спортчилар, халқаро ҳакамлар, нуфузли ташкилотлар вакиллари Ватанимизнинг бугунги тараққиёти, халқимизнинг фаровон турмуш тарзи, Президентимиз ва давлатимизнинг ёшлар ҳамда спорт борасида олиб бораётган сиёсати билан яқиндан танишдилар.

Навбатдаги XIV халқаро турнирга ҳар қачонгидан яхши тайёргарлик кўрилди. Хориждан келган спортчилар, ҳакамлар, тегишли халқаро ташкилотлар вакилларини кутиб олиш учун барча ҳозирлик кўрилган. Жумладан, уларни замонавий меҳмонхоналарга жойлаштириш, транспорт воситалари ажратиш, барча қулайликларга эга бўлган спорт ареналарини тайёрлаш ишлари талаб даражасида амалга оширилди.

Бизга берилган маълумотга қараганда, дунёнинг 47 давлатидан 110 нафар спортчи халқаро кураш мусобақасида иштирок этишини билдирган. Бу галги халқаро кураш мусобақаси янада муросасиз ва қизиқарли бўлиши кутилмоқда. Мусобақада 10 вазн тоифасида (55, 66, 73, 81, 90 +100 килограммда эркаклар, аёллар эса 48, 57, 70, 78 килограмм вазн тоифасида) гиламга чиқадилар. Катта полвонлар ўртасидаги кураш эса мутлоқ вазн тоифасида бўлиб ўтади. Бу мусобақага жаҳоннинг энг кучли ва иқтидорли полвонлари қатнашаётганлигини эътиборга оладиган бўлсак, турнир янада қизиқарли баҳсларга бой бўлади.

Халқаро турнирнинг мукофот жамғармаси 100 минг долларни ташкил этади. 10 та вазн тоифасидаги беллашув ғолибларига мукофот қуйидагича бўлинган. 1-ўринлар учун 3 минг, 2-ўринлар учун 2 минг, 2 та 3-ўрин учун 1 минг доллардан, жами 70 минг АҚШ доллари 10 та вазн тоифасидаги ғолибларга берилади.

Ҳар галгидек мутлоқ вазнда ғолиб бўлган полвонга Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини -10 минг АҚШ доллари насиб этади. Жумладан, 2-ўрин соҳибига 5 минг, 2 та учинчи ўрин соҳибига 3,5 минг, жами 22 минг АҚШ доллари билан тақдирланишади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 3-ўрин соҳибларидан кейинги 4 нафар иштирокчининг ҳар бири учун икки мингдан, 8 минг АҚШ доллари мукофоти таъсис этилган.

Бир сўз билан айтганда, 2 кун давомида хорижий меҳмонлар ва воҳамиздаги кураш ишқибозлари такрорланмас мусобақа ва беллашувларга гувоҳ бўладилар. Иккинчидан, халқаро кураш мусобақаси муносабати билан нафақат Сурхон воҳаси, балки бутун мамлакатимиз дунё спорт ишқибозлари нигоҳида бўлади. Биз бу қутлуғ халқаро турнирда қатнашаётган барча спортчиларга зафар ёр бўлишини тилаб, азиз диёримизга хуш келибсизлар, деб қоламиз!

Сафар ОМОН,

“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Сурхон” мухлисларини шодлантираяпти

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси баҳсларида қатнашаётган жамоалар яна олти турдан сўнг бу йилги мавсумни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE