Дўмбира наволари

0
44

ВАХШИВОРДА ЎТКАЗИЛГАН БАХШИ-ШОИР,
ОҚИН ВА ЖИРОВЛАРНИНГ РЕСПУБЛИКА
ФЕСТИВАЛИДАН РЕПОРТАЖ

Вахшивор. Бу қишлоқ воҳамизниннг Олтинсой туманидаги тоғли аҳоли манзилгоҳларидан бири. Унинг таърифу тавсифи ҳақида гап кетганда пурвиқор тоғлар бағридаги сўлим гўшалиги, аҳли меҳнаткаш, боғдорчиликда, деҳқончиликда тенгсизлиги ҳақида кўп айтишади.

Қир-адирлари доимо яшилликка бурканиб турувчи, ҳавоси бағоят мусаффо Вахшивор қишлоғига зеб берувчи аломатларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Ўзбек мумтоз шоири, тасаввуф илми намояндаси Сўфи Оллоёрга сўнгги қўнимгоҳ бўлган бу манзил ҳақида кўплаб ҳикоят ва ривоятлар юради. Республика Маданият вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида 27-29 июль кунлари “Бахши-шоир, оқин ва жировларнинг республика фестивали” ўтказилди. Вазирлар Маҳкамасининг “2010-2020 йилларда номоддий-маданий меросни муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур фестиваль юқори савияда ўтказилган илк тадбир сифатида ҳам аҳамиятли бўлди. Бахшичилик санъатининг улуғворлигини кенг тарғиб қилиш, ёш авлод вакилларини аждодларимизнинг маънавий меросидан баҳраманд этиш, улар қалбида миллий ғурур, Ватанга садоқат туйғуларини шакллантириш ва бир қатор эзгу мақсадларни ўзида жамлаган маънавият ва маърифат тадбирида республикамизнинг барча ҳудудларидан 80 нафардан ортиқ бахши-шоир, оқин ва жировлар иштирок этишди.

Фестивалнинг биринчи куни юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган бахши ва оқинлар, жировлар, адабиётшунос ва фольклоршунос олимлар кутиб олинди. Шу куннинг ўзида Олтинсой туманидаги маҳалла ва мактабларда ижодий учрашувлар ташкил этилди. “Ипоқ”, “Жилибулоқ”, “Шакарқамиш”, “Янги қурилиш”, “Обод турмуш” маҳаллаларида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Хоразм, Қашқадарё ва вилоятимизнинг бахшичилик санъати вакиллари ўз ижод намуналарини намойиш этдилар

— Азалдан олтинсойликларнинг тўй-ҳашамлари, маросимлари бахши-оқинларсиз ўтмаган. Бунинг натижасида улуғ-улуғ ақли донишлар, бахшилар, шоир ва оқинлар етишиб чиққан. Кейинги пайтларда туманимизда бу санъат бироз даражада сусайгандек эди. Ўтказилаётган бу тадбир эса бахшичилик санъатида янгидан янги булоқларнинг кўз очишига замин яратади, — дейди олтинсойлик ижодкор Аслиддин Алмардонов.

Шунингдек, туман марказида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, бахши-шоир, оқин ва жировлар, нуронийлар ва ёшлар иштирокида тадбир ўтказилди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди Болтаев мамлакатимизда 5 та достончилик мактаби мавжуд бўлса-да, улар орасида Сурхондарё мактаби ўзига хослиги билан ажралиб туриши, ҳамон жонли жараёнда мавжудлиги ва бардавом ривожланаётганлигини таъкидлади.

Тадбирнинг иккинчи куни эрта тонгданоқ, бобоқуёш Вахшивор қишлоғи тепасида виқор билан турган Хўжабаркўҳ тоғ чўққиларини эндигина ёритган бир маҳал воҳамиз меҳмонлари, фестиваль иштирокчилари буюк мутафаккир, шоир Сўфи Оллоёр мақбарасини зиёрат қилишди. Зиёратгоҳнинг кенг миқёсда таъмирланганлиги ҳам кўпчиликнинг кўнглига хушнудлик бағишлади.

Туманнинг “Ҳайрондара” маҳалласида А.Мажидов раҳбарлигидаги фермер хўжалигида “Узум сайли” ҳам ташкил этилиб, фестиваль қатнашчилари таниқли фермернинг боғлари, иш тажрибалари ва етиштирган маҳсулотлари билан яқиндан танишишди.

“Вахшивор” болалар оромгоҳидаги сўлим табиат қўйнида ташкил этилган амфитеатрда фестивалнинг асосий қисмига навбат берилди. Таниқли олимлар, фольклоршунослар, халқ бахшиларидан иборат ҳакамлар ҳайъати бахши, оқин, жировларнинг чиқишларини бир неча мезон асосида баҳолаб боришди.

— Президентимиз Термиз шаҳрида фаолият бошлаган бахшилар мактабининг очилиш маросимида биз билан учрашувда “Достончилик ва бахшичилик — миллий ғуруримиз. Унинг замиридаги эзгу қадриятларни халқимизга етказиш лозим”, — дегандилар. Бу каби тадбирларни ўтказишдан бош мақсадимиз ҳам айнан шу. Чекка ҳудудларда истиқомат қилиб келаётган воҳадошларимиз учун ҳам кенг миқёсли маънавият тадбирларини ташкил этаяпмиз, — дейди Ўзбекистон халқ бахшиси, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Абдуназар Поёнов.

Кун давомида республикамизнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган иштирокчилар бахши ва оқин, жировлар ўз санъатларини намойиш этишди. Уларнинг турфа мавзу ва йўналишдаги чиқишлари санъат ихлосмандлари, томошабинларга бир олам завқ-шавқ улашди. Фестиваль якунида ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Олим Алиқулов, Қобул Муҳаммадиев, Эрқобил Чориев, Эрисбой Асқаров, Илҳом Норов, Қаҳрамон Рашидовлар фестивалнинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланишган бўлса, Жаҳонгир Қораев, Зулхумор Шерназарова, Сафар Шайдулов, Равшан Маматмуродов, Бойқўчқор Аҳмедов, Каримбой Отамуродов, Аҳрор Пардаев, Дилмурод Гулмуродов, Ўрол Раҳмонов, Зайниддин Нуриддинов, Шерали Жумаевлар тадбир дипломига эга бўлишди. “Энг ёш бахши” танловида Абулфайз Нормуродов, “Энг яхши халқ термалари ижрочиси” бўйича Умида Қурбонова, “Энг яхши достон ижрочиси” сифатида Бахшиқул Тоғаев, “Бахшичилик санъати жонкуяри” йўналишида Исмоилхон Анваровлар фестиваль ғолиблигини қўлга киритди. Бахши-шоир, оқин ва жировларнинг республика фестивалида Акрам Мамаражабов, Майсара Раҳимова, Абдураҳмон Абдуназаров, Рўзиқул Болтаев, Алишер Ҳолиқовларнинг бахшичилик санъатидаги иқтидорлари учинчи ўринга лойиқ топилди. Иккинчи ўринга Баҳром Раҳимов, Муҳаммад Эшбоев ҳамда Қулбахон Дўсимов ва Талғат Ўринбоев дуэти сазовор бўлди. Фестивалда биринчи ўрин Бахтиёр Ортиқовга берилди.

Уч кун давомида Олтинсой туманида кўтаринки руҳда ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар боқий дурдоналаримизни асраш, ёш авлод вакиллари қалбида номоддий маданий меросимизга бўлган ҳурмат туйғуларини юксалтириш, бахшичилик анъаналарини кенг тарғиб қилишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятли бўлди.

Сарвар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг