Довруғи оламга ёйилган воҳа

0
57

Бойсунтоғ, Боботоғ, Кўҳитанг тоғлари орасидаги қадим Сурхон воҳаси азалдан полвонлар юрти, деб таъриф қилинади. Бу эътироф замирида жануб офтобида чиниққан фарзанднинг шижоати ва ғайрати, руҳиятидаги ўктамлик, нуфузли спорт мусобақаларида эришаётган ютуқлари мужассамдир.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида жисмоний тарбия ва спортнинг ривожланиши ва иқтидорли авлодни тарбиялашга қаратилаётган эътибор эришилаётган мувафаққиятларнинг бош омили бўлмоқда. Айниқса, жорий йилнинг 5 мартида Президентимизнинг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва шу асосида қабул қилинган қарорда ҳам  соҳани тубдан ислоҳ этиш, истиқболдаги вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгилаб олинганди.

Маълумот ўрнида қайд  этиш  лозимки,  бугун вилоятимизда  спортга  оид 22 та таълим муассасаси фаолият кўрсатиб, уларда  16 минг 971 нафар умидли ёш  1 минг 75 та спорт секциясида мунтазам шуғулланишмоқда. Ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда футбол мактаб-интернатларига жами 486 нафар малакали спорт мураббийи жалб этилиб, вилоят ва республика терма жамоалари учун муносиб номзодлар тайёрланаяпти.

Вилоят бўйича 4 минг 498 та спорт иншооти мавжуд. Эътиборлиси шундаки, ке- йинги йилларда соҳада хусусий сектор вакилларининг  иштирокида 169 та сунъий қопламали кичик футбол майдончаси, 1 та сузиш ҳавзаси, 28 та тренажёр зали ҳамда 9 та аёллар фитнес клуби барпо этилди. Улардан вилоятимиз аҳолиси кенг фойдаланмоқда.

Спорт турлари бўйича фаолият олиб бораётган 41 та спорт федерацияси ва ассоциациясига ҳомийлар бириктирилиб, миллий, олимпия спорт турларининг вилоятимизда ривожланиши йўлида бир қатор ишлар  қилинаётир. Вилоят раҳбариятининг муҳим эътибори ва фаолиятнинг қўллаб-қувватланиши натижасида жорий йилнинг шу давригача воҳамиз спортчилари мамлакат чемпионати ва кубоги баҳсларида жами 342 та медални қўлга киритишди. Шундан 114 та олтин, 105 та кумуш ҳамда 123 та бронза медалидир. Шунингдек, спортчиларимиз томонидан Осиё, жаҳон ва халқаро мусобақа ва турнирларда 23 та олтин, 28 та кумуш ва 22 та бронза медали қўлга киритилди.

Қувонарлиси, шу йилнинг августида Индонезиянинг Жакарта  шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ўйинларига 14 нафар вилоятимиз спортчиси йўлланмани қўлга киритишди. Хусусан, енгил атлетика бўйича Ситора Ҳамидова, Сабина Суханова, Фахриддин Ҳамраев, боксда Маҳмуд Гаипов, каратэда Садриддин Сайматов, Барно Мирзаева, Санжар Абдукаримов, камондан ўқ отишда Дилшод Аҳмадов, Зиёд Қудратуллаев, курашда Шермуҳаммад Жандриев, Муҳсин Ҳисомиддинов, Гулнора Сулаймонова, Яҳё Имомов, эркин курашда Бекзод Абдураҳмоновлар мусобақаларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишади. Хорватиянинг Умаг шаҳрида спортнинг каратэ турида олтин медаль соҳиби бўлган термизлик Дилдора Алиқулова шу йилнинг октябрида Аргентинанинг Буэнос Айрес шаҳрида бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги III ёзги олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Cпортчиларимизнинг эришган натижалари вилоят ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан доимий рағбатлантириб борилмоқда. Жумладан, Ситора Ҳамидова ва Садриддин Сайматовга икки хонали турар жой уйлари, Баҳодир Жалолов, Муҳсин Ҳисомиддиновларга енгил автомобиль ҳамда бошқа спортчиларимиз телевизор, планшетлар билан тақдирланди. Наврўз умумхалқ байрами ва “Бойсун баҳори” фестиваллари доирасида ташкил этилган миллий кураш мусобақаси ва халқ ўйинларининг ғолибларига ҳам енгил автомобиллар, маиший буюмлар совға қилинди.

Вилоятимиз мезбонлигида нуфузли спорт беллашувларини ўтказиш ҳам анъанага айланган. Спортнинг дзюдо, турон якка кураши, таэквандо ВТФ турлари бўйича республика чемпионати ва кубоги  юқори савияда ўтказилгани шунга мисол бўла олади. Спорт ишқибозларининг олқишига сазовор бўлган нуфузли бокс байрамининг Термизда ўтказилиши шубҳасиз катта воқеа бўлди. Шу куни “Алпомиш” спорт саройида бокс бўйича “Uzbеk  Tigers” жамоаси бутунжаҳон бокс сериалари (WSB) VIII мавсумдаги 5-6 турларини  Венесуэлланинг    “Caciques Venesuela” жамоасига қарши ўтказиб  9:1 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди. Дарҳақиқат, куннинг энг қисқа ва ҳаяжонли жангини воҳадошимиз Баҳодир Жалолов ўтказиб, рақибини бир зарбадаёқ нокаутга учратгани мухлисларни ҳайратга солди. Алпомишлар афсона эмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Баҳодирнинг қатор ана шундай  ютуқлари туфайли ҳам Президентимиз қарорига кўра, янги таъсис этилган “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.

Спортдаги натижалар ва марралар доимо янги авлоднинг интилувчан ёшлари томонидан ўзгартириб борилади. Шу маънода спортимизнинг эртанги қиёфаси ва савияси бугунги ёшларга кўп жиҳатдан боғлиқ. Уч босқичли спорт беллашувларининг биринчиси — “Умид ниҳоллари” мусобақасининг бу йилги саралаш баҳслари ҳам таассуротларга бой бўлди. Айниқса, якунда ғолиб Денов жамоасига “Дамас” автомашинаси, совриндорлар Термиз шаҳри вакилларига телевизор, қумқўрғонлик ёшлар кампьютер жамланмалари билан тақдирланди. Уларга Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси томонидан махсус спорт кийимлари топширилди. Жамғарма маблағлари ҳисобидан “Сурхон” спорт мажмуасида, Термиз шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги “Дельфин” сузиш ҳавзасида реконструкция ишлари бажарилмоқда. Қизириқ тумани  2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қошида янги спорт зали қурилиб, минг ўринли трибуна, футбол, баскетбол майдонлари реконструкция қилинаяпти. Шунингдек, туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ва “Сурхон” спорт мажмуаси спорт жиҳозлари билан таъминланмоқда.

Жамоамиз билан воҳамизда спортнинг оммалашуви ҳамда ривожланишига, олдимизга қўйилган вазифаларни изчил бажарилишини таъминлашга бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз.

Дилмурод МАМАТОВ,
вилоят жисмоний тарбия
ва спорт бошқармаси бошлиғи

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг