Бош саҳифа / Маданият / Достончилик мактабларининг фарқи нима?

Достончилик мактабларининг фарқи нима?

Муайян бир маҳаллий шароитда айтилган достонлар иккинчисидан фарқланиб борган. Бу эса достончилик мактабларининг вужудга келишига сабаб бўлган.

Ўзбек фольклоршунослигида Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Шеробод, Жанубий Тожикистон ва Хоразм каби поэтик достончилик мактаблари бахшичилик санъатининг марказлари сифатида эътироф этилади. Мисол учун, Булун ғур мактабига мансуб Фозил Йўлдош ўғли кўпроқ қаҳрамонлик достонларини ёки достондаги қаҳрамонлик лавҳаларини ижро этишга мойил бўлган. Мазкур мактабнинг ўзига хос белгиси ҳам ана шу билан изоҳланади. Нурота (Қўрғон) мактаби намояндалари эса кўпроқ муҳаббат мавзуидаги достонларни ижро этганлар. Бу мактабда муҳаббат лавҳалари, руҳий ҳолатлар, ҳис-туйғуларни ифодалашга кўпроқ эътибор берилган.

Достончилик мактаблари орасида Хоразм достончилиги мусиқийлиги, достоннинг жўр овоз бўлиб ижро этилиши, достон ижросида бир нечта мусиқа асбобларининг жўр бўлиниши билан ажралиб туради. Қадимги сайилларда, тўйларда 3-4 та бахши чақирилган ва ҳар бир бахшига алоҳида-алоҳида давра берилган. Сайил якунида моҳир бахши атрофидаги одамлар кўпайиб, қолганларининг олдида ҳеч ким қолмаган. Бу одат эса санъаткорни ўз устида муттасил иш олиб боришга мажбур қилган.

— Муҳаммад Раҳимхон Феруз ҳар йили бахши ва хонандаларнинг кўригини ўтказиб, шахсан ўзи уларга достон айтиш ҳуқуқини берган, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Омонбоев. — Ижро даражаси заиф бахшини омма ўртасида достон айтиш ҳуқуқидан маҳрум қилган. Достончиликка бу қадар масъулият билан ёндашиш Хоразм достончилигининг ривожини таъминлаган. Бу мактабда Амат бахши, Бола бахши, Қодир созчи, Мурод бахшилар ижод қилишган ва “Бозиргон”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Ошиқ Маҳмуд” каби достонларни ижро этишган. Халқаро бахшичилик санъати фестивалида Хоразм вилояти мусиқали драма театри томонидан намойиш этиладиган дастурларда айнан бахшиларга алоҳида эҳтиром кўрсатган Феруз образи ҳам гавдалантирилди. Ушбу қаҳрамоннинг сиймосини яратишдек шарафли иш менга юклатилганидан эса беҳад мамнунман.

Ф. УМИДУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ноанъанавий сабоқ

Милоддан аввалги II асрда Юнон-Бақтрия подшолиги чегара ҳудуди қандай ҳимоя қилинганини биласизми? Оғир ва енгил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan