Бош саҳифа / Жамият / Доривор ўсимликлар

Доривор ўсимликлар

Одамлар ҳам, ҳайвонлар ҳам касалланиши мумкин. Лекин ёввойи ҳайвонларга ким дори тайёрлаб беради? Уларнинг дорихонаси ўрмон.

Ўзига-ўзи ўрмондаги ўсимликлардан дори излаб шифоланади.

Қадимдаёқ Жанубий Америка ҳиндулари касал бўлиб қолган пума (ёввойи мушук)лар қандайдир дарахтнинг пўстлоғини ғажишини сезишган.  Кейинчалик ҳиндулар бу дарахт пўстлоғи қайнатмаси билан безгакдан азоб чекаётган кишиларни даволаб кўрган. Шу йўсинда хин дарахти кашф этилган. Ушбу дарахт пўстлоғидан олинадиган хинин бутун дунёда безгакка қарши дори сифатида ишлатиладиган бўлди.

Бизнинг даврда  марал буғу олимларга янги доривор ўсимлик — левзеяни топишга ёрдам берди. Куз фаслида буғулар ўз рақиби билан олишиш мақсадида левзея илдизини кемиради. Аниқланишича, марал истеъмол қиладиган бу илдиз одамга ҳам куч-қувват бағишлайди.

Лекин инсон ҳамма вақт ҳам ҳайвон кетидан эргашмаган. У доривор ўсимликларни ўзи  излаб топган. Доривор ўсимликларни излаш ва амалда қўллаш бундан минг йиллар илгари бошланган.

Айрим ҳолларда доривор ўсимликларни аниқлаш инсонга қимматга тушган. Сабаби, доривор ўсимликлар таъсирини  дастлаб ўзида синаб кўрган. Зубтурум барги оёқдаги ярани тузатган, қичитқи ўт барги эса куйдирган. Лимонўт меваси овчига кун бўйи толиқмай ҳайвон овлашга ёрдам беради, мингдевона меваси кишининг қўл-оёғини тириштириб, эси паст одамга ўхшаб пойма-пой сўзлашига сабаб бўлади.

Доривор ўсимликларнинг шифобахшлиги — улар таркибида алкалоидлар, флавоноидлар, гликозинлар, витаминлар, ошловчи моддалар ва бошқалар борлигидадир. Кўпгина шифобахш ўсимликлар тиббиётда қўлланилади. Хусусан, моғор замбуруғидан пенициллин дориси тайёрланмоқда. Баъзи доривор ўсимликлар, жумладан, ялпиз плантациялари кўпайтирилмоқда. Ялпиз мойининг асосий қисмини ташкил этган модда — ментол тиш порошогини хушбўй қилади. Ментол валидол ва бошқа юрак касаллиги ва тинчлантирувчи дориларга ҳам қўшилади.

Мамлакатимизда ёввойи ҳолда ўсадиган доривор ўсимликлар ҳам кўп. Ўрмонларда ўсадиган марваридгулдан юрак касаллиги дориси тайёрланади, ўрмон этаги ва нам ўтлоқ ерларда ўсадиган валериана ўсимлигидан тинчлантирувчи дори ишланади. Очиқ ерларда ҳар қадамда далачой (уни халқ орасида 95 та дардга даво бўлади дейишади), бўйимодарон, кўкўт, газакўт, қора андиз ва бошқалар ўсади. Қисқаси, табиатда ўсадиган доривор ўсимликларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятга эга.

Ҳаётхон ЭШМИРЗАЕВА,
ўқитувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабалар учун вилоят ҳокими стипендияси жорий қилинади

Ёшлар фестивали доирасида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Санъат саройи атрофидаги боғда ўтган учрашув …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan