Дилшоднинг суратлари

0
45

Санъат мўъжизаларидан ҳайратланган, таъсирланган инсон борки, у мудом эзгулик жарчиси бўлиб қолаверади. Олам ҳодисалари ва манзара-ларини ранглар тилида ифода этувчи санъат, шубҳасиз, таҳсинга, эътиборга лойиқ.

Истеъдодли ёшларнинг давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланиши эса ана шу эътиборнинг ифодасидир.

Мактабимизнинг 9-синф ўқувчиси Дилшод Сафаров ҳам шундай умидли ёшларимиздан бири. У болаликдан рангтасвир санъатининг шайдоси. Мактаб сабоқлариданоқ ўхшатиб расм чизишни уддалар, бунга таажжубланган вақтларимиз ҳам кўп бўлган. Илк машқларида она табиатни, қишлоғимиз манзаралари ва меҳнаткашлари қиёфасини тасвирлаган болакайнинг ишлари кейинчалик туман, вилоят танловларида юқори баҳоланди. Ёшликнинг жўшқин нафаси акс этган суратларда орзулар ҳам бўй кўрсатди. Мактаб жамоаси Дилшоднинг бу истеъдодини доимий рағбатлантириб, танловлардаги иштирокига муносиб шароит яратди. Ота-онаси ҳам унга хайрихоҳ бўлиб, янада катта мувафаққиятларга эришишини истади.

Дарҳақиқат, Дилшод дарсдан бўш вақтларида “Баркамол авлод” туман марказининг рассомчилик тўгарагида ҳам иштирок этади. Тенгдошлари орасида ҳам ижодий фикрлаш қобилияти, фаол интилишлари билан ибрат бўлаётган ўқувчимиздан яқинда хушхабар олдик. У шу йилнинг 25-26 июнь кунлари халқ таълими вазирлиги томонидан “Баркамол авлод” марказлари ўқувчилари ўртасида пойтахтда ўтказилган “ОИТС ва гиёҳвандликка қарши бирлашайлик” республика ижодий ишлар танловида фахрли учинчи ўрин соҳиби бўлди. Унинг мавзуга оид чизган сурати танлов ҳайъати томонидан эътироф этилиб, вазирликнинг дипломи ва қимматбаҳо совғаси — ноутбук билан тақдирланди. Истеъдодли ўқувчимизнинг ижодий парвози юксалаверишини истаймиз.

Оллоназар МЕНГЛИЕВ,
Жарқўрғон тумани 46-мактаб директор
ўринбосари

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг