Бош саҳифа / Жамият / Дилни ўртамасин ажралиш куйи

Дилни ўртамасин ажралиш куйи

“Ажрашамиз!” — очиғини айтай шу сўзни ва уни айтганларни сира хушламайман. Ўзи ҳам жуда совуқ сўз-да. Ортида эса фақат хафачилик, айниқса, болалар кўз ёши борлигини ўйласам, юрагим ўртайди.

Аммо, бу ҳаёт-да. Унда ҳамма нарса биз истагандай бўлавермайди.

Ёмони, бугун бу сўзни айтадиганлар, оғиздан чиқиши билан суд томон етаклайдиганлар кўпайганида. Лекин, у қанча кўп айтилмасин, биз унинг йўлини тўсишда давом этамиз. Биласизми, бу ишга ҳатто, алимент пулини ундиришга оид ижро ҳужжатини юритиш масъулиятини олган Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳам астойдил киришган. Улар ҳам оилалардаги нотинчликдан, айрилишдан, меҳрсизликдан азият чекадиганлар сонини камайтириш ниятида барча имкониятларни ишга солишмоқда.

Бюронинг Музработ туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2015 йил 17 августдаги қарори билан М.Шариповдан 2 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун Ш.Шарипова фойдасига алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушганди. Иш юзасидан ижро ҳаракатларига киришиш жараёнида бўлим ходимлари томонидан олиб борилган профилактик суҳбатлар натижасида, қарздор  М.Шарипов турмуш ўртоғи билан ярашиб, оиласини тиклаш истаги борлигини билдирди. Шу сабаб яна битта оила яраштирилиб, ижро ҳужжатлари бўйича юритилган ижро иши тугатилди.

Худди шунингдек, Бюронинг Термиз шаҳар бўлими давлат ижрочиси иш  юритувида бўлган М.Тоғаева ва унинг турмуш ўртоғи Б.Бўтаевларнинг арзимас сабаблар билан оиласига дарс кетганлигини тушунтириб, уларни яраштиришга муваффақ бўлди.

— Ижро ҳужжатига асосан, вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун алимент пулларини ундириш бизнинг асосий вазифамиз, — дейди Бюронинг Термиз шаҳар давлат ижрочиси Б.Мадиев. — Лекин, ундан ҳам муҳими, ўша оиланинг бутунлигини сақлаб қолиш. Иш жараёнида имкон қадар шунга ҳаракат қиламиз. Бироқ, мақсадга эришгач,  ярашган оилаларни, айниқса, фарзандларининг қувончини кўриб, ишдаги машаққатлар унут бўлади ва бу бизга янада шижоат бағишлайди.

Ҳа, дарз кетган оилани бутунлаш анчагина мушкул иш. Негаки, ақл-ҳуши жойида, оқу қорани танийдиган одамларни бир фикрга кўндиришнинг ўзи осон эмас. Ҳар кимнинг ўзига яраша феъли, қайсарлиги, инжиқлиги бор. Аммо, эр-хотинларни барчасига кўз юмиб, муросаю мадора йўлини танлашга ундаётган ва кўп ҳолларда бунинг уддасидан чиқаётган Бюро ходимларига балли, деймиз.

Ф.Умидуллаева

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ғолиблик кубоги ва миллионлар кимларга насиб этди?

Ватанимиз мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланиши тинч ва осуда ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилади. Бунинг учун эса ҳуқуқ-тартибот …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan