Дилдаги гаплар

0
54
My parents. Attractive girl with widely opened eyes from unhappy family holding colorful pencils in right hand and picture in both hands while looking straight at camera

Касбим ўқитувчи бўлганлиги сабаб, ота-оналари спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка ружу қўйган болалар ҳаёти билан яқиндан танишиш баробарида уларнинг бетартиб ҳаёт тарзи, дарсларни қониқарсиз ўзлаштиришлари, ўзларини синфдошларидан узоқ тутишининг гувоҳи бўлганман.

Бу нарсалар келажакда уларни чексиз жарликка улоқтиришидан хавотирга тушасан киши. Муқаддас бўлган оила, жамият ва миллат учун бу фожиадир.

Бир сафар шаҳарга тушиб, йўл-йўлакай бир ўқувчи билан кечган суҳбат, унинг аянчли қисмати ҳали-ҳали хавотиримни оширади.  У менинг ўқитувчи эканлигимни билгач;

— Ота-онаси кундалигини текширадиган, дам олиш кунлари бирга қариндошларникига ёки бирон жойга борадиган, фарзанд лари билан кўнглига қараб маслаҳатлашадиган болаларга ҳавас қиламан, — дейди ўқувчи кўзларидаги ёшни яширишга уриниб.

Бу боланинг илҳақ сўзларидан сездимки, улар ҳам тенгқурлари қатори рисоладагидек оиланинг илиқ тафтидан баҳраманд бўлишни жуда-жуда хоҳлашади. Бу ўқувчининг теран фикрлари мени ҳайратга солди. Аммо у бу каби теран мулоҳазали фикрлардан йироқ бола бўлса-чи?… Фикримча, у мактаб чоғиданоқ ота-онасидан бекитиб безори болалар билан дўст бўлади. Дарсларга ўз вақтида бормайди, синфдошларидан ўзини олиб қочади. Уларнинг ота-оналари эса доимо ўзларининг нобоп кайфиятларини кўтариш, “улфатлари” даврасини ахтариш билан овора, фарзандлари эса саёқ юришни ўзларига одат қилишади.

Суҳбатдош шаҳарлик ўқувчи “Устоз менга алам қиладигани ота-онам менинг олаётган баҳом билан ҳам, тарбиям билан ҳам иши йўқ. Улар ҳам мени мақташларини, яхши бола бўл, деб уришишларини хоҳлайман”,— деб қолди. Бу менга қаттиқ зарба бўлди. Ундай ота-оналарга ҳеч ким ҳавас қилмаса керак. Аммо қалбимга таскин берган нарса, бу боланинг фаросати, ўз қарашларига эга эканлиги бўлди.

Донишманд халқимиз “нима эксанг шуни ўрасан”, дейишади. Илоҳим фарзандлар ота-онасининг ибратли эзгу амаллари, эътибори билан фахрланиб юришсин.

Орзугул ЯНГИБОЕВА,
Музработ тумани

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг