Бош саҳифа / Сиёсат / Депутат сўрови

Депутат сўрови

унинг ҳуқуқий асослари ва амалга ошириш механизми

Депутатга беписандлик — халққа беписандликдир.
Ш.Мирзиёев

Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар доирасида амалдаги қонунчилигимизга кўра, маҳаллий вакиллик органларига бир қатор ваколатлар берилган. Шундай ваколатлардан бири, бу депутатлик сўровидир. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашининг намунавий регламентида, “Ўзбекистон Республикасида депутатларнинг мақоми тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунларда депутатлик сўровига тўлиқ ва батафсил таъриф берилган. Шунингдек, халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш доирасида Сенат Кенгашининг 2009 йил 31 июлдаги 653-1-сонли қарори билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутати томонидан депутат сўровини юборишга оид тавсиялар ҳам тасдиқланган.

Депутат сўрови — бу депутатнинг тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби кўрсатилган мурожаати ҳисобланади.

Депутат сўрови суд раисларига, прокурорларга, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарларига ҳам йўлланиши мумкин. Бироқ мазкур сўровлар ушбу мансабдор шахсларнинг юритувидаги аниқ ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Банк ёки тижорат сирини ташкил этувчи ёхуд давлат сирлари жумласига кирувчи маълумотлари бўлган ҳужжатлар ҳам депутат сўрови орқали талаб қилиб олиниши мумкин эмас. Депутат сўрови депутат томонидан фақат унинг депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидангина юборилиши лозим. Депутатлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий манфаатларни кўзлаб депутат сўровини юбориш таъқиқланади.

Депутат сўровини юбориш тўғрисидаги қарор депутат томонидан мустақил равишда қабул қилинади. Уни бирон бир тарзда бошқа шахслар ёки идоралар билан келишиб олиниши талаб қилинмайди. Депутат сўрови давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг битта мансабдор шахси номига ҳам, бир неча мансабдор шахси номига ҳам юборилиши мумкин.

Депутат сўрови қисқа, лўнда ва тушунарли тарзда расмий бланкада ёзилган бўлиб, расмийлаштирилади ва депутат томонидан имзоланади. Сўровда қуйидаги асосий масалалар ёритилган бўлиши керак:

  • депутат сўрови юборилиши сабабларининг қисқача асоси;
  • кимга юборилаётган шахснинг исми-шарифи ва фамилияси;
  • ахборот (ҳужжатлар) тақдим этиш тўғрисидаги ёки тегишли маълумотларни текшириш ҳақидаги талаблар;
  • сўровга жавоб тақдим этиш муддатлари;
  • ахборот (ҳужжатлар) тақдим этилмаган тақдирда айбдор шахсга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чоралари кўрилиши мумкинлиги ҳақидаги ёзувлар кўрсатилган бўлиши лозим.

Депутат сўровининг нусхаси маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссия раисига маълумот учун тақдим этилади.

Бундан ташқари, депутат сўрови қайси мансабдор шахс номига юборилган бўлса, жавоб хати ўша мансабдор шахс ёки унинг вазифасини бажарувчи томонидан имзоланади ва сўров олинган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмай, сўралган барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда депутатга юборилади.

Шунингдек, депутат сўровига доир ахборот маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияси мажлисида ёки маҳаллий Кенгаш сессиясида ҳам муҳокама қилиниши мумкин. Депутат сўровига доир ахборотлар муҳокамаси депутат сўрови юборилган мансабдор шахс иштирокида ўтказилади.

Агар туман, шаҳар Кенгаши депутатида вилоят Кенгаши депутатларининг ваколатига тааллуқли масала юзасидан депутат сўровини юбориш зарурати туғилган тақдирда, ушбу депутат сўрови халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли минтақадан сайланган депутати ташаббуси билан юборилиши мумкин.

Мабодо маҳаллий Кенгаш депутатида умумдавлат ёки республика аҳамиятига молик депутат сўровини юбориш зарурати туғилган тақдирда, у тегишли минтақадан сайланган сенаторларга ёки Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатларига ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин. Шу тарзда туман миқёсидаги муаммо республика миқёсига олиб чиқилиши жоиз.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, юз нафар сенатордан саксон тўрт нафари маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳисобланади. Демак, депутатларимиз мазкур имкониятдан кенгроқ ва самарали фойдаланиш чораларини кўришлари зарур.

Депутат ўзига сайловчилар ва фуқаролардан тушган ёзма ҳамда оғзаки мурожаатларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқиши, уларни ҳал этиш чораларини кўриши лозим.

Бир сўз билан айтганда, маҳаллий давлат ҳокимияти ва халқни боғловчи кўприк вазифасини бажарувчи депутатнинг ўз ваколатидан унумли фойдаланиши жойлардаги муаммолар ечимини топишида самарали воситалардан биридир.

АКБАР КАРИМОВ,
вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ФҲҲБО
ходимларининг малакасини
ошириш бўйича ўқув курси раҳбари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Энг инсонпарвар жамият

Мустақил Ўзбекистон Республикаси 1992 йил март ойида БМТ аъзолигига қабул қилингач, шу кундан бошлаб халқаро …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE