Бош саҳифа / Маданият / Деновнинг маънавий қиёфаси

Деновнинг маънавий қиёфаси

Археолог ва тарихчилар манбалар ва моддий топилмаларни ўрганиб, Денов шаҳри ва теварак-атроф бундан икки-уч минг йил илгари ҳам ривожланган ҳудуд бўлганлигини асосладилар. Шуни билинг: қолоқ халқ ҳеч қачон минг йилларда ҳам ер билан битта бўлиб кетмайдиган қўрғонларни қуролмайди, ҳа, боболаримиз маърифатли, маданиятли, топқир одамлар бўлишган.

Тарих, умуман, ўтмиш камол топиш ва заволга юз тутиш силсиласидан иборат. Бу қисмат ҳеч бир тамаддунга бегона эмас, қайсидир маънода, келажак ўтмишда суратланади, тарих шу боис ҳам биз учун азиздир.

Деновнинг тарихини айтаверсак, катта бир достон. Шаҳарнинг қоқ марказида бундан беш юз йил илгари қурилган Саййид Оталиқ мадрасаси рўпарасидаги “Эгизи”ни ўтган асрнинг йигирманчи йилларида “Эскилик сарқити” сифатида бузиб, беш юз йилдан бери қилт этмай турган пишиқ ғиштларни бошқа мақсадлар учун ишлатиб юборишган. Хайрли тасодиф туфайли сақланиб қолган Саййид Оталиқ мадрасаси тимсолида буюк қадриятларимизнинг завол билмас ҳайкалини кўргандай бўламан. Деновнинг бугунги камоли ана шундай мустаҳкам пойдевор устида турганлигига иқрор бўлиш одамнинг кўнглини тоғдай кўтаради.

Денов чўллар тугаб, тоғлар бошланадиган минтақага тўғри келади. Ёзи салқин, қиши мўътадил. Шунинг учун ҳам бир вақтлар Деновда шакарқамиш етиштирганлар. Денов хурмоси Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳур. Қўшни туманларда ҳам хурмо бор, аммо бирор жойники Деновникидек серҳосил ва ширин эмас.

Деновнинг марказида “Дендрарий“ боғи бор. У ерда қандай дарахтлар ўсмайди, дейсиз. “Лола” дарахтини кўриб, бу дунёнинг турган-битгани мўъжиза экан-да, дейсиз. Бир пайтлар Петрарканинг бошида гултож бўлган дафнага бу ерда жайдари ўсимлик сифатида қарашади. Ҳай-ҳай, демасангиз, бамбук бир кеча-кундузда беш метрга ўсади. Бир қарашда эътиборни тортмайдиган бу тафсилотлар Деновнинг тупроғи ва иқлими созлигини исботловчи далиллардир.

Мустақиллик йилларида Деновдан беш нафар киши: Иброҳим Файзуллаев, Аҳмад Нарзуллаев, Раҳмон Муҳаммадиев, Ҳамза Маҳкамов, Юсуф Зиёевлар Ўзбекистон Қаҳрамони бўлди.

Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Тоғай Мурод, Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Расулов, Ўзбекистон ҳалқ бахшиси Боборайим Маматмуродов шу замин фарзандлари. Адабиёт йўналиши бўйича тўрт нафар шоира қиз  Феруза Қурбонова, Шаҳноза Турсунова, Фарида Тошпўлатова, Дилрабо Норқулова Зулфия мукофоти совриндорлари. Деновлик Академик Назар Тўраевни илм аҳли яхши билади. Назар акадан бир сафар илмий фаолиятининг мазмунини сўрадим. Ўн миллион даражадаги иссиқликда сиртнинг емирилишини қандай қилиб камайтириш муаммолари устидаги тадқиқотларини шогирдлари ҳамроҳлигида давом эттираётган экан. “Агар ижтимоий тараққиёт шундай суръатлар билан давом этаверса, 50-60 йилдан сўнг инсоният ер юзидаги ва ер остидаги ёқиш мумкин бўлган ҳамма нарсани битиради. Ана ўшанда инсониятнинг энергияга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш ва қондириш керак бўлади. Қандай қилиб? Бу ёқда ёқиш мумкин бўлган ўтин ҳам, кўмир ҳам, газ ҳам тугайди… ўшанда одамларда сувнинг таркибидаги водород атомини парчалашдан бошқа илож қолмайди. Дунёдаги барча денгиз, уммонларнинг водород атомини эса ҳавода парчалаб бўлмайди. Бунинг устига унинг парчаланиши учун 10 миллион даражада иссиқлик керак. Биз ҳозир водород парчаланаётган, тўғрироғи, портлаётган макон деворининг емирилиши даражасини камайтириш муаммоларини тадқиқ қилаяпмиз”, деган эди у.

Денов шаҳрининг кун ботишида Қизилсув дарёсининг бўйида, Тупроққўрғон деган манзил бор. Унинг ярмини дарё тошқини ювиб кетган. Ана шу ўпирилишлар чоғи чиқиб қолган буюмларни кўздан кечирган академик Галина Пугаченкова уларнинг милоддан олдинги даврларда ясалганини аниқлади. Икки минг йилга бардош берадиган Тупроққўрғонни ота-боболаримиз бунёд этган. Манбаларда Қизилсув дарёсининг таги билан ўтиб қўрғоннинг ичидан чиқадиган лаҳм — ерости йўли ҳақида ҳам гапирилади.

Бундай азамат қўрғонлар хўжакўрсинга қурилмаган ва  ҳақиқат шундан иборатки, Қизилсув ҳам шунча вақтдан бери ўзанини ўзгартиргани ё қуриб қолгани йўқ, қўрғон ҳам эртаклардаги афсона эмас, жойида турибди.

Бугун иқтисодиётимиз ва мафкурамиздаги барқарорликнинг бир чети қадриятларимизнинг улуғланаётганига ҳам бориб боғланади. Биладиганларга маълумки, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг садоқатли издоши ва суюкли шогирди Шайх Алоуддин Аттори Валий ҳазратларининг хилхонаси Деновда. Буни қарангки,  шундай улуғ зот мангу қарор топган тупроқ устида мақбара кўтариш бизга, тўғрироғи, бизнинг авлодга насиб этган экан: Амир Темурнинг Аҳмад Яссавий ҳазратлари қабри устига кўтарган мақбараси ва улуғ ҳимматини олти юз йиллардан бери миннатдор бўлиб эслаганимиздек, Шайх Алоуддин Аттор ҳазратларининг бу муаззам мақбараси ҳам тафаккур ва тариқатга бўлган муҳаббатнинг тимсоли сифатида келажак авлодларни ҳам худди биз сингари ҳайрат ва ҳаяжонга солажакдир. Деновнинг халқида аввал-охир тижоратга мойиллик кучли, шунинг учун Денов бозорининг гавжум бўлмаган куни йўқ. Деновликлар майда-майда томорқалардан ҳам катта даромад ола билишади.

Тоғнинг устида турган одам унинг юксаклигини ҳис қилмагани сингари Деновда яшаётган киши бу шаҳарнинг ноёблигини доим ҳам англаб етавермайди. Унга бошқаларнинг кўзи билан ёки четдан туриб қараш керак, шунда у бутун салобати ва беқиёслиги билан намоён бўлади. Биласизми, Деновда аллақандай жозиба бор, кўп кузатувлардан сўнг бунга иқрор бўлганман. Кун сайин Деновда тараққиётнинг ёрқин изларини кузатасиз. Енгил машиналарнинг кўплигидан ҳатто йўллар ҳам торайиб қолаётганга ўхшайди. Мустақиллик шарофати билан тадбиркорликка йўл очилган қисқа пайт ичида шундай иморатлар қурилдики, шўро замонида уларни орзу ҳам қилиб бўлмас эди.

Чағониён амири Абдулмузаффар Чағонийнинг назмни яхши тушуниши ва ўзи ҳам гўзал шеърлар ёзишини ўқигансиз. Буни қарангки, бу анъана давом этмоқда. Бугун зиёлилар орасида “Денов адабий муҳити” деган ибора эҳтиром билан тилга олинади. Чоршанби Деҳнавий, Хуррам Райимов, Искандар Музаффарзода, Шуҳрат Азизов, Холбиби Эргашева кабилар Деновнинг таниқли ижодкорлари. Мустақиллик шарофати билан Денов тумани янада чирой очди, яшарди, навқирон паллага кирди. Бетакрор ўтмиши, бой тарихи, гўзал маданияти билан у Ватан ичра яна бир Ватандир.

Тоштемир Турдиев,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган маданият
ходими, Ўзбекистон
Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan