Бош саҳифа / Жамият / Деновда ажримлар нега кўпаймоқда?

Деновда ажримлар нега кўпаймоқда?

Тўрт-беш йил муқаддам Лобардан-да бахтлироқ инсон йўқ эди дунёда. Ҳаммаси қачон бошланди, қаерда хато қилди, ўзи ҳам билмайди. Кетма-кет икки фарзанд кўрди.

Илгарилари қайнонаси бир неча бор ўғлини Лобарга қарши қайрар, турмуш ўртоғи аввалига урушиб қўйган бўларди. Бора-бора вазият ўзгариб, қўл кўтаришгача борди. Лобар оилада бўлади-да, деб буларга эътибор бермасди.

Бир куни ойиси меҳмон бўлиб келди. Онаизор не кўз билан кўрсинки, қизининг юзи моматалоқ бўлган. Она маҳаллага, тумандаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказига мурожаат қилди. Лобар “ажрашадиган эрим йўқ, арз қилмайман”, деб туриб олди. Қайнона эса баттар тутақди, қимматбаҳо мебель олиб келмаганию, арзонгаров сарполарини юзига соладиган қайнонанинг баҳоналари кўпайди. Келинчакнинг ҳомиладорлигига ҳам қараб ўтирмайдиган эр аёлидан аламини олиш учун хуморидан чиққунча калтаклади. Ўзига келиб қараса, Лобар гилам устида қонга бурканиб юзтубан ётарди…

Тез ёрдам орқали туғруқхонага олиб боришди. Шифокорлар бир неча соатдан сўнг чиқиб, бола она қорнида нобуд бўлганини, унинг аҳволи оғирлигини хабар қилишди. Оилавий жанжаллар, калтакланиш оқибатида руҳий зўриқиш олган келинчак фарзанди нобуд бўлганини эшитдию, эс-ҳушини яна йўқотди.

Касалхона ойнасидан кўчага боқаётган Лобарнинг кўзлари ҳеч нарсани илғамас, фақат бир нуқтага тикилганча қўлидаги сочиқни маҳкам бағрига босиб, секин пичирлади

—    Аллаё, алла…

Икки норасида фарзанд эса мўлтираганча онасининг соғлом ҳаётга қайтишини кутарди.

Оилада аёлнинг жабр ланиши, ажримлар сонининг ортиши сабаб, қанчадан-қанча болаларнинг тирик етимга айланиб бораётгани, афсуски, аччиқ ҳақиқат. Худди шу масала юзасидан Денов туманидаги ажримлар ҳақида суриштирганимизда, оилавий муносабатларда учинчи шахс аралашуви туфайли ажримга юз тутган оилалар 72 фоизни ташкил қилар экан. Ўзаро келишмовчилик, иқтисодий етишмовчилик мавжудлиги ҳам оилаларнинг бузилишига сабаб бўлаяпти.

Денов туманида 93 615 та оила мавжуд. Шу йилнинг ўтган ойларида туман ФҲДЁ бўлимида 27 019 та никоҳ қайд этилган. Ўтган йилги қайдларда ажримлар сони 222 тани ташкил этган бўлса, бу йил 252 тага етган..

— Иккинчи оиласи билан шаръий никоҳдан ўтиб, биринчи никоҳни қонунан бекор қилмаган ҳолатларга кўп дуч келдик, — дейди “Оила” маркази туман бўлими мутахассиси Гулзода Авазова. — Ана шундай оилаларнинг биринчи никоҳини бекор қилиб, иккинчи оиласини қонуний никоҳдан ўтказиш ишлари олиб борилиши ҳисобига ажримлар сони ўтган йилгидан кўпайди. Оқибатда 145 нафар бола тирик етимга айланди.

Туман хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” марказининг туман бўлими ва тегишли ташкилотларнинг олиб борган тушунтириш ишлари натижасида 366 та оилани яраштиришга эришилди. Шундай бўлса-да, яна 145 та оила ажрашиш ёқасида.

— Туманимизда айниқса, учинчи шахс аралашуви оқибатида ажрашиш ёқасида турган оилалар жуда кўп, — дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Денов туман бўлими раҳбари Шарофат Илиева. — Уларни ўрганамиз, сўраб суриштирамиз, барчаси билан алоҳида суҳбат олиб борамиз. Бунда отинойилар, психолог, ҳуқуқшунослар хизматидан ҳам фойдаланамиз. Яна шундай ҳолатларга дуч келаяпмизки, кетма-кет туғруқ натижасида ёш оналарнинг депрессияга тушиши, оилада керакли шароит яратиб бериш ўрнига қайноналарнинг “.. биз ҳам фарзанд кўрганмиз, ишлаганмиз, ўлмаганмиз” қабилида иш тутиб, келишмовчилик келиб чиқиши натижасида ҳам оилалар парокандаликка юз тутяпти. Ана шундай пайтда психологлар яқиндан кўмак беришяпти.

Никоҳ муқаддас. Уни асраш ҳар бир инсоннинг бурчи аслида. Аммо шундай кимсалар борки, оила аталмиш қўрғонни мустаҳкамлаш ўрнига дарз кетишига сабабчи бўлишади. Наҳотки, оила арзимаган совға-салом, сарпо-суруғ асосида қурилса. Келин ибо-ҳаёси, касб-ҳунари билан эмас, олиб келадиган сепию, мебеллари билан баҳоланса. Шулар баҳона бўлиб ажримлар сони кўпаймоқда.

Аслида мана шундай низоларнинг келиб чиқиши эътиқодимизнинг сустлиги, ўзлигимизни англамасликдан, назаримда.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan