Бош саҳифа / Жамият / Денов тиббиёт муассасаларида нима гап?

Денов тиббиёт муассасаларида нима гап?

Бугун том маънода тиббиёт соҳаси фаолияти бир мунча ўзгарди. Табиийки, бундай ўзгаришларга давлатимиз раҳбарининг соҳа фаолиятига танқидий-таҳлилий ёндошиб, тегишли қарорлар қабул қилгани ва улар асосида масъуллар зиммасига вазифалар юклатилгани сабаб бўлди.

Худудий дастур амалда

2016 йилда 3 миллиард 723 миллион сўмлик 80 ўринга мўлжалланган уч қаватли туман сил касалликлари диспансери биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
  Туманда фаолият кўрсатган 34 та ҚВПдан 30 таси тугатилиб, улар ўрнида 16 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 8 та тез тиббий ёрдам пункти ташкил этилди.
 Жорий йилда туман аҳолисига хизмат қилувчи 21 та янги тез тиббий ёрдам санитар автоулови берилди.
 18-қишлоқ оилавий поликлиникасининг “Ўзбекистон-2” шахобчаси биноси таъмирланди.
 Туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими учун уч қаватли 60 ўринга мўлжалланган янги бино қурилди. Унга 4 миллиард 103 миллион сўм маблағ сарфланди. 
 Ҳозирда 23-қишлоқ оилавий поликлиникасида капитал реконструкция ишлари олиб бориляпти.

Албатта, ислоҳотлар элга келган тўйдек гап. Вилоятимиз ҳам ўзгариш ва янгиланишлардан четда қолаётгани йўқ. Айниқса, воҳамиздаги шифо масканларидаги аҳвол, тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшилангани сари аҳолининг фикри ҳам ижобий томонга ўзгараяпти. Денов туман тиббиёт бирлашмасида бўлганимизда бунга яна бир бор амин бўлдик.

— Юрак хасталиги билан оғриб, туман тиббиёт бирлашмасининг кардиология бўлимига келдим, — дейди Сариосиё тумани “Жаннатмакон” маҳалласи фуқароси Содиқ Жумаев. — Янгидан таъмирланган бинода жойлашган бўлимда барча шароит ва қулайликлар яратилганидан хурсанд бўлдим. Озода, ёруғ, иссиқ-совуқ сув муҳайё, чо- йимиз дамланган. Ҳамширалар елиб-югуриб хизматимизни қилишмоқда.

Ўтган йили шифохонанинг 170 ўринли уч қаватли биноси қайта таъмирланганди. Ҳозирда бу ерга жойлашган кардиология, эндокринология, неврология, терапия ҳамда болалар бўлимларида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Аммо, шифохонанинг қолган қисми эски бинода бўлгани учун шароит унча яхши, деб бўлмайди. Мисол учун шифохонанинг қабул бўлимига кирганимизда зал чироқларининг айрим жойлардагина ёниб турганига қарамай, қоронғу. Ҳамроҳингизни фақат яқиндангина таниш имкони бўлган бу жойда бироз туриб қолсангиз, хира нурдан беихтиёр ноқулайлик сезасиз.

— Касалхонада тартиб анчагина ўзгарган, — дейди тумандаги “Ойбарак” қишлоғидан келган Мансур Ниёзалиев. — Тиббиёт ходимларининг муомала-муносабати ҳам яхши. Бироқ, хоналар совуқ,  ленолиумлари  кўчган, сувараклар кўп.

Бунга изоҳ сўраганимизда эса бинода 2018 йилда реконструкция ишлари бажарилишини эшитиб, хотиржам торт- дик.

— Туман марказий шифохонаси ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган. Шифохонанинг иситиш, иссиқ ва совуқ сув узатиш ҳамда чиқинди оқова сув тизими қувурлари эскириб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган эди, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ю.Ўроқов. — Жумладан, чиқинди сувлар маҳаллий чуқурларга тўкиларди. Ниҳоят, узоқ йиллик орзуимиз амалга ошиб, шифохонанинг оқова сув қувури шаҳар марказий тизимига уланди. Шунингдек, жорий йилнинг июль ойидан иккита сув насоси ўрнатилиб, шифохонананинг тоза ичимлик сув тизими тубдан яхшиланди. Ҳовлида 20 дан ортиқ ўриндиқларнинг қўйилгани беморлар ва уларнинг яқинларига қулайлик яратди. Биргина муаммомиз жойларда, хусусан марказий шифохонада ҳам эски  бинолар бор. Уларнинг  ўрнини  замон  талабларига жавоб берадиган иншоотлар  билан тўлдириш борасида иш олиб бораяпмиз.

Хусусан, ўз ечимини кутиб турган муаммолардан туман перинатал марказига қарашли Ш.Қобилов номли СИУ ҳудудидаги 3-туғруқ бўлимида ҳам бор. 50 ўринга мўлжалланган масканда иккита: физиологик ҳамда жарроҳлик туғруқ  бўлими фаолият кўрсатмоқда. 15 нафар врач реаниматолог, неонотолог, акушер гинеколог каби мутахассислар, шунингдек, 110 нафар ўрта тиббиёт ходими аҳолига хизмат қилмоқда. Бино   анча  эскилиги  боис,  кўримсиз,  иситиш тизимлари  ҳам тўлиқ ишламайди. Айрим хоналарда эса беморларнинг  ўзлари олиб келган иситиш печларига, шунингдек палаталардаги антисанитария ҳолатига ҳам кўзимиз тушди.

— Туғруқ бўлими жойлашган бино таъмирталаб ҳолатга келиб  қолган, — дейди бўлим бошлиғи Ҳабибулла Ходиев. — Имкон  даражасида беморларни даволаб, уларга тиббий хизмат кўрсатяпмиз. Масалан, янги туғилган чақалоқларни эмлашдан ташқари, уларга мияда қон айланишини яхшиловчи К витамини бериляпти. Беморларга эса давлат томонидан берилган бепул дори воситалари, тиббиёт буюмларидан фойдаланиляпти, муассасада йўқ бошқа дори воситаларини эса уларнинг ўзлари олиб келиб беришяпти.

Маскандаги беморларнинг яқинларини суҳбатга тортганимизда айримлар бу гапларни тасдиқлади. Бироқ, ҳалиям шифокорларга суюнчи, “қўл ҳақи” узатишаётганини айтишди. Ҳатто, айрим беморларнинг яқинлари “Шифокорлар сўрашмаса-да, аслида биз, ўзимиз нотўғри йўл тутамиз, уларга пул узатамиз”, деган иқрорларни эшитдик.

Ҳар бир нарсанинг яхши ва ёмон жиҳатлари бўлгани каби туман тиббиёт бирлашмаси ва 3-туғруқ бўлимларидаги аҳвол ҳақида ҳам шундай хулосага келдик. Яъни бир томондан тиббиёт бирлашмасидаги янгиликлардан қувонган бўлсак, иккинчи томондан айрим камчиликлар, таъмагирлик каби ҳолатларга баъзи шифокорларнинг мойиллиги, одати қолмаганидан кўнглимиз хира бўлди. Албатта, бу ҳолатни батамом бартараф этиш учун эса аввало, воҳадошларимизнинг ўзи ташаббускор бўлиши ва жамоатчилик назорати амалда ўзини кўрсатиши шарт.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
Сарвар ТЎРАЕВ,
“Сурхон тонги” мухбирлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan