Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Деҳқонларга қўшимча даромад

Деҳқонларга қўшимча даромад

Бу йил ғаллакорларимиз юқори ҳосил етиштириб, давлатга дон сотиш режасини ошириб бажаргани кўпчиликка маълум. Яхши ишлаган фермерлар ихтиёрида тонна-тонна дон қолди. Мўл-ҳосил етиштирган деҳкон ғаллачиликдан мўмай даромадга эга бўлган бўлса, ғалланинг барвақт йиғиштириб олингани қўшимча даромад олиш учун имконият яратди.

Чунки ҳосили эртачи йиғиштириб олинган далалар иккинчи экин ўстириш учун барвақт бўшади.

Деҳқонларимиз бир даладан икки марта фойдаланиш имкониятига эга бўлгани учун 85,8 минг гектар майдонга такрорий экинлар ўстиришмоқда. Такрорий экинлардан 462 минг тоннадан ортиқроқ ҳосил олиниши кўзда тутилмоқда. Демак, бу халқимизга қўшимча даромад ва дастурхонига баракадир.

Авваллари вилоятдаги саноқли хўжаликларда, жумладан, Музработ туманининг айрим фермер хўжаликларида тариқ етиштириларди. Тариқнинг нафақат дони, балки пояси ҳам парранда ва чорва учун тўйимли озуқа.

Аёнки, ҳукумат қарорига асосан жорий йилдан бошлаб тариқ донини хорижга экспорт қилиш учун имконият яратилди. Шунинг учун вилоятимиз аҳолисининг тариқ экишга бўлган қизиқиши кучайди. Аввал асосан Музработ тумани ерларида шу экин ўстирилган бўлса, жорий йилда Олтинсой, Термиз, Шўрчи, Шеробод, Қизириқ, Бойсун, Ангор туманлари аҳолиси ҳам ғалладан бўшаган майдонларни ижарага олиб, тариқ парваришлашаяпти. Вилоят бўйича 13,8 минг гектар майдонда тариқ ўстирилаётганлиги қувонарли ҳол.

Деҳқонларимизнинг ғайрат-шижоати туфайли охирги йилларда бозорларимизда кеч куз ва қиш ойларида ҳам қовун-тарвуз сероб. Чунки далаларимизда қовун ва тарвузнинг кечки навлари уруғи экилиб, парваришланмоқда. Кўп йиллик анъаналарига содиқ деҳқонларимиз бу мавсум ҳам ғалладан бўшаган майдонларнинг 3111 гектарига полиз экинлари ва ошқовоқ экишган.

Ерёнғоқнинг даромади халқимиз турмушини фаровонлаштиришга хизмат қилаётгани кўпчиликка маълум. Бу экиннинг нафақат дони, пояси ҳам пул, ҳам чорва учун тўйимли озуқа. Ойлаб сақласа ҳам бўладиган ерёнғоқ етиштириш бўйича халқимиз бой тажрибага эга. Айни пайтда ғалладан бўшаган далаларнинг 15,4 минг гектарида бу экин парваришланаяпти ва 38 минг тоннадан кўпроқ ерёнғоқ йиғиштириб олиш кўзда тутилмоқда. Тайёрлов идораларининг мутахассислари эса ҳозирдан ижарачи деҳқонлар, фермер хўжаликлари ва оилавий звенолар билан ерёнғоқ харид қилиш ва экспортга жўнатиш юзасидан шартномалар тузишаётир.

Бозорларимизда мош, нўхат, ловия сингари озиқ-овқат маҳсулотлари нархини арзонлаштириш ва дуккакли экинлар ҳосилининг бир қисмини экспортга жўнатиб, мўмай даромадли бўлишни ният қилган тадбиркор деҳқонлар бу мавсум ҳар йилгидан кўп майдонга дуккакли экинлар уруғини экиб, намунали парваришлашмоқда. Кам ҳаражат ва меҳнат талаб қиладиган ҳамда юқори ҳосил берадиган мош, ловия, нўхат сингари зироатлар қарийб 20 минг гектар далаларда ўстирилаяпти.

Халқимиз истеъмол қиладиган асосий маҳсулотлардан бири – гуручнинг нархи бозорларда анча баландлаб кетганини ҳисобга олган миришкор деҳқонлар кечки бўлса-да шоли ўстиришмоқда. Музработ тумани шоликорлари 856 гектар чекларга шолининг маҳаллий навлари уруғини сочишган бўлса, Ангор, Қизириқ, Шеробод, Термиз ҳамда Узун туманлари деҳқонлари дарё бўйлари ва сувга яқин далаларда чеклар ташкил этиб, шоли ўстиришаяпти. 14 минг гектар ерда экилган ва намунали парваришланаётган турфа сабзавотлар ҳамда кунгабоқардан ҳам юқори ҳосил олиш мўлжалланган. Хуллас, деҳқонларимиз бир йилда бир даладан икки ҳосил олиш ва даромадларини кўпайтириш, энг муҳими, халқимизни турфа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш йўлида ҳамжиҳатликда меҳнат қилишаётир.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE