Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Деҳқонлар буни билиши шарт

Деҳқонлар буни билиши шарт

Экинлар ҳосилдорлиги ошиб бориши тупроқ унумдорлигига ва уларни озиқлантиришга боғлиқлиги фан ютуқлари ва илғор тажрибалардан аён. Шунга қарамай экинларни етиштиришда ушбу муҳим масалага етарлича эътибор берилмаяпти.

Ердан ундирилаётган ҳосилнинг 50-60 фоизи экинга берилаётган озиқ моддалар ҳисобига шаклланади. Режалаштирилган ҳосилни етиштириш учун белгиланган озиқа элементлари тўлиқ қўлланилмаса ёки уларни қўллаш меъёрлари, нисбатлари ва муддатлари бузилса, ҳосил кечки бўлади, иқтисодий зарар салмоғи ҳам ортиб боради.

Шундай экан, фермерларимиз мўл ва сифатли, арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун экинларни тегишли меъёрларда, нисбатларда ва мақбул муддатларда керакли озиқа элементлари билан озиқлантиришлари шарт. Бунда қайси экинни қанақа озиқа элементи ва қанча миқдорда озиқлантиришни аниқ белгилаш муҳим.

Ҳозирги вақтда пахта, ғалла ва бошқа экинлар ҳосилининг ҳар бир цент нерини етиштириш учун қайси элементдан қанча миқдорда ўзлаштириши амалда аниқланган. Мисол учун, пахтанинг ҳар бир центнер ҳосили 5 килограмм азот, 1,5 килограмм фосфор ва 5 килограмм калий ўғитини тупроқдан ўзлаштиради. Экинларни озиқлантиришда озиқа элементларининг қўлланилиш нисбатлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Ғўзани озиқлантириш меъёрлари белгиланганда, азотга нисбатан фосфорнинг қўлланилиш меъёри 70 фоизни ташкил этиб, калий 50 фоиздан иборат бўлади. Бироқ бошоқли дон экинлари, жумладан, буғдой озиқлантирилганда озиқа элементларининг асосий қисмини азот ташкил этади. Чунки, азот ёрдамида дондаги оқсил ва клейковина синтез бўлиб, нон маҳсулотларининг сифати таъминланади. Шу сабабли ҳам буғдой етиштиришда азотли ўғитлар фосфорга нисбатан 2, калийга нисбатан эса 3 баробар кўп қўлланилади.

Минерал ўғитлар нархи қиммат, гўнг ва бошқа маҳаллий ўғитлар етишмаётган ҳозирги даврда тупроқдаги ўғитлар қолдиқларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Масаланинг жиддий томони шундаки, тупроқдаги ўғитларнинг қолдиқлари муттасил кўпайиб бормоқда ва минераллашув жадал ўсмоқда. Натижада тупроқ экологиясининг бузилиши оқибатида ундаги фойдали микроорганизмлар нобуд бўлиши билан бирга оғир металлар кўпайиб, тупроқдан радиактив нурлар ажралиб чиқадиган бўлиб қолади. Шу боис, экинларни озиқлантириш учун қўлланилган ўғитлар қолдиқларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Экинлар далага солинган гўнгнинг 60 фоизини биринчи йили, 30 фоизини иккинчи йили, 10 фоизини учинчи йили ўзлаштиради. Шунингдек, қўлланилган фосфорли ўғитларнинг 55 фоизи биринчи йили, 30 фоизи иккинчи йили, 15 фоизи учинчи йили экинлар томонидан ўзлаштирилса, калийли ўғитларнинг 70 фоизи биринчи йили, 30 фоизи иккинчи йили ўзлаштирилади. Азотли ўғитларнинг эса барчасини экинлар биринчи йилиёқ ўзлаштиради. Чунки, азотли ўғитлар жуда ҳаракатчан бўлиб, тез сарфланади. Азотли ўғитларнинг қолдиқлари кузги, қишки ва баҳорги ёғингарчиликлар таъсирида ювилиб, экинлар ўзлаштира олмайдиган тупроқнинг пастки қатламларига сингиб кетади. Лекин такрорий экинлар экиш орқали ёзнинг иккинчи ярми мобайнида азот қолдиқларидан самарали фойдаланиш мумкин.

Ўғитларнинг қўлланилиш меъёр ва нисбатларининг бузилиши оқибатида ҳосилдорлик ўғитлар қўлланилмаган даражадагига тенглашиб қолмоқда. Суғориладиган ерларда минерал ва маҳаллий ўғитлар қўлланилмаса ҳам пахтадан ўртача 19, буғдойдан 28,3 центнергача ҳосил олиш кўп йиллик илмий ва амалий тажрибада исботланган. Чунки, тупроқларимиздаги чириндилар алмашинуви оқибатида ҳаракатчан фосфор ва калий миқдори тенглашиб, мақбул ҳолатга тушиб қолган.

Тупроқда катта миқдорда фосфор ва калийли ўғитлар минераллар таркибига киргани бизга маълум. Шу нуқтаи назардан улардан самарали фойдаланиш учун деҳқончиликда биологик ўғитлардан фойдаланиш ва уларнинг керакли дастурларини ишлаб чиқиш ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларнинг муҳим вазифасидир. Исроил, Туркия, Индонезия, Япония, Бразилия, АҚШ каби давлатларда аллақачон қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш ҳамда экологик тоза озиқ-овқат ишлаб чиқаришда бу усулга ўтишган.

Ишлатиладиган биологик ўғитлар тупроқдаги қийин ўзлаштириладиган озиқаларни ўсимлик томонидан тез ва осон ўзлаштирадиган ҳолга ўтказади. Яъни маданий ўғитлар самарасини 25-30 фоизга оширади. Шунингдек, тупроқдаги барча заҳарли моддаларни элементларга парчалаш хусусиятига эга. Шулардан бири “Ер малҳами” бўлиб Ўзбекистон ФА Микро-биология институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган “азотобактер хроококкум штамм-2А” тупроқ бактерияси ҳисобланади. Бу ўсимликларда гуллаш ва ҳосилнинг пишишини 10-20 кунга тезлатади, ҳосилдорликни гектарига 5-20 центнергача оширади. Шунингдек, фотосинтез жараёнларини тезлатади, ҳосил сифатини, ўсимликларнинг касалликларга, иссиққа чидамлилигини оширади. Бундан ташқари, ўсимликларда иммунитетни мустаҳкамлаб, озиқада нитрат миқдорини камайтиради. Бу эса инсонлар соғлигига путур етказмаслигини ҳамма билиши шарт.

Б. ЖЎРАЕВ,

қишлоқ хўжалик фанлари номзоди,

Ж. ЖЎРАЕВ,

Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали 2-босқич талабаси, изланувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan