Деҳқон дала наққоши

0
54

Ҳайитали Неъматов ниятига орадан роппа роса 8 йил ўтиб, аниқроғи, 1993 йили эришди. Тожикистон давлат университетининг иқтисод бўлими талабаси бўлди.

У бугун ўрта ёшда-эллик бирнинг устида.  Ҳайиталига 12  ойнинг ичида энг севимлиси август. Бу ой келаверса, унинг кўнгли кўтарилиб, қулочларини кенг очиб, худди шеър ўқиётган шоирга ўхшаб “Кел, ўзимнинг энг суюкли ойим, августим”, дея ҳайқира бошлайди. Бу энтикиш, бу севинчларнинг эса сабаблари кўп. Биринчиси ва энг муҳими, 1991 йилнинг 31 август куни Ватанимиз мустақил деб эълон қилинди. Бу эса халқимизнинг асрий орзуси эди. 1991 йилнинг авгус- тида унинг орзуси ушалиб, фермер бўлди.

Шу йилнинг августи. У укасига барча ака-укаларини бир жойга тўплашни буюрди. Улар Ҳайитали яна яхши бир иш бошлаган кўринади, дея йиғилишди. Уларнинг хаёлига келмаган гапни ўртага ташлади:

— Акалар, укалар, фермер бўламиз. Ҳаммамиз муштни бир жойга қўйиб, бир жону бир тан бўлиб ишлаймиз.

— Фермеринг нима ўзи? Аввал бизга шуни тушунтириб бер, — деди Ражабали акаси.

Шу ерда Ҳайиталининг тили тутилди. Бу янги ҳаракат  учун ҳали мукаммал низом, тузукроқ йўл-йўриқ бўлмагани учун маънилироқ қилиб тушунтириб бера олмади.

— Бирга ишлаш. Бирга ишлаб, фойдани тенг бўлиб ейишдир, —  деди сўнг.

Аммо, лекин бирга ишлаб фойдани тенг бўлиб ейиш эса осон бўлмади. Фермерлик ҳақида одамлар тугул, ҳатто раҳбарларда ҳам тузуккина тушунча бўлмагани учун улар ака-укалар устидан кулгандай бўлди. Баъзи оғзи каттароқлари эса: “фермерлик Ҳайиталига идорада ўтириб чўт ташлаш, иқтисодчилик қилиш эмас, ҳали кўрамиз, бир ойга қолмай далани ташлаб қочмаса”, дейишди.

Бошқа бўлганда, балки қочарди. Уларга ажратилган ер ташландиқ, захира  эди. Энг ёмони, сув келиши минг азоб. Ерга урилган кетмон осмонга сапчирди. Буёғи техника йўқ. Ёрдамга келганлар эса мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида ишлашарди. Ака-ука бўлган билан, барибир, юрак бир эмаску.

Шундай кунларнинг бирида дала бошига туманнинг ўша пайтдаги раҳбари Иноятулла Суннатов келиб қолди:

— Янги ишнинг ташвиши кўп бўлади. Тўғри, ерларинг анча нобоп экан. Мен ака-укаларнинг қўшқанот бўлганларидан қувониб турибман. Қўрқманглар, чунки бу ишнинг бошида давлатимиз раҳбарининг ўзлари турибди. Билиб қўйинглар, қийнала-қийнала пиширилган ошнинг таъми бўлак бўлади. Бу йўлда туман раҳбари сифатида менинг қаровим ёмон эмас.

Бу гаплар ака-укаларга далда бўлди. Иккиланаётган юракларга учқун ёқди — нур берди. Бу гаплар устига болаларининг ишидан хабарлашиш учун далага келган ота — хўжаликнинг собиқ бош муҳандиси Ўроқбой Неъматовнинг “ҳов йигитлар, пилла қуртига ўхшанглар. Бир эътибор беринглар-а. Ипак қурти ипак  бўлгунча  озмунча  азият, азоб чекадими?  Ҳатто ғанакнинг ичига қамалиб-а? Кейин эса сўлқиллаган, кўзолар пилла, ипак газлама бўлади”, деган сўзлари мадад бўлди.

Эл бирлашиб пуфласа, бўрон бўлади, деганларидек фермерликнинг биринчи йилиёқ далага саховат ёғилди. Ғалла мўл бўлди —гектарига қирқ центнердан. Пахтанинг серҳосиллиги туфайли одам пахтазорда суратга тушгиси келарди.

Оталари Ўроқбой аканинг “Йигитлар, ҳамма нарса секинлик билан бўлади, аввал шу икки гектарда ишлаб кўринглар-чи, кейин бир гап бўлар, бу далани сенларга синов даласи деса ҳам бўлади, энг муҳими, ҳамжиҳат бўлинглар. Худо кўрсатмасин, қариганда ёмон гапларни кўтара олмайман — бирдан нурайман. Нураганда ҳам ўхшаб нурайман”, деган гаплари яна далда бўлди.

Оталарининг ҳар бир гапини ҳаёт ҳикмати деб билган йигитлар эшитган қулоқларни ҳайратга солиб ишлай бошлади. Сув танқислиги ишнинг белига тепа бошлагач, қудуқ қазишга тушишди. Қудуқдан насос орқали ер ости сувидан чиқариб суғоришга киришдилар. Ҳамжиҳатлик имкониятларга йўл очди. Шу икки гектарга йил сайин ер қўшилиб, тумандаги йирик фермерлардан бирига айландилар.

2010 йилда 30,1 гектарга пахта, 30 гектарга ғалла экиб, қирқ уч ва эллик центнердан хирмон уйилди. Бу юксак кўрсаткичлар қадр топди. Хўжаликка “Олтин фермер” мақоми берилди.

2017 йилда ғалла режасини салкам бир ярим ҳиссага еткардилар. Пахта режасини 120 фоизга адо этишди. Самарадорлик йил сайин ошиб борди ва 2016 йилда 29,4 фоиз бўлса, 2017 йилда эса 32,3 фоизга кўтарилди.

Элда  “Отлиқнинг ризқи олтита, аммо олтитаси ҳам нақд, пиёданики битта, у ҳам бўлса насия”, деган гап юради. Узун туманидаги “Навбаҳор” фермер хўжалигининг бошлиғи Ҳайитали Неъматов ҳам олти ризқли одам. Нега десангиз “Дамас” минади-пойи пиёда юрмайди. Бунинг ҳам шарафлилигининг сабаби бор. 2013 йили республика Бош вазири, ҳозирги Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Режадан ташқари 50 тонна сара дон” деган ташаббус ўртага ташланган эди. Бу ташаббусни қизғин қўллаган “Навбаҳор” фермер хўжалиги миришкорлари режадан ошиқча 50 тонна сара дон топширишга муваффақ бўлдилар. Шунда улар “Дамас” русумли машина билан тақдирланганди.

Далани меҳнат безайди, меҳнат обрўлантиради. Меҳнат туфайли камҳосил дала олтин далага айланади. Аҳил жамоанинг ҳамжиҳатлик ила қилаётган меҳнати туфайли режалар бажарилиб, даромад ортиб бормоқда.

Тоштемир ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият
ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг