Деҳқон бойишни истаганди…

0
31

ёхуд пиёз етиштирган фермер ва томорқа хўжаликларининг додини ким эшитади?

Олтинсойнинг Қумпайкал қишлоғида яшовчи Жўрабой бобонинг мана бир неча кунки таъби хира. Ҳовлининг у томонига ўтса ҳам, тўнғиллаб офтобани бир тепиб ўтади, бу томонга ўтса ҳамки, тоғорани бир тепиб ўтиб минғиллайди. Ҳовли сув қуйгандек жимжит.

Ҳовлида доимо сахий бобосининг атрофида гирдикапалак бўлгувчи неваралар ҳам энди кўчадан бери келмайди. Бобонинг авзойи бузуқ. Ўғиллар ва келинлар оёқ учида юради. Бобо заҳрини кимга сочишни билмайди.

Энди бобоси… — дея кампир юпатмоқчи бўлса, чол ғазабга миниб, дилидагини тилига кўчиради.

Эй, минг бор айтаман болаларга пиёз экма, пиёз экма, деб. Хонадонга аччиқ маҳсулот бехосият келади. 10 миллион сўм харажат қилиб, тонналаб пиёзни сотолмай чиритиб ўтирибди. Биз тадбиркор ва фермерларни қўллайдиган давлат бор, дейди, аммо муттаҳаму юлғичлар ҳам бор. Донишманд халқ бекорга аччиқ экма, демаган, мана исботи. Минглаб пиёзчи кўчада сарсон-саргардон.

Жорий йилда Сурхондарёда юқоридаги каби ҳолатлар оддий ҳолга айланди. Воҳадаги у ёки бу киши шундай воқеликларнинг гувоҳи бўлди. Бу мавсумда вилоятда 7 минг 815 гектар майдонга пиёз экилганди. Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан фермер ва томорқа хўжаликларига берилаётган эътибордан, хусусан, экспортга қаратилаётган урғудан руҳланган воҳа миришкорлари не-не ниятлар билан ерга уруғ қадашганди. Ер ҳам кишининг меҳнатига яраша рағбатини берди. Вилоятда жами 185 минг тонна пиёз ҳосили етиштирилди.

Халқимизда “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир” деган гап юради. Пиёз экишга ундаган, маҳсулотингизни биз оламиз дея кўкрак керган, тарғибот-ташвиқот қилган ҳайбаракаллачи, экспортга масъул мутасаддилар эса акси бўлди, хирмон кўтарилганда эса уларни топиб бўлмай қолди. Қизиқ ҳолат, тан нархи 590 сўм бўлган 1 килограмм пиёзни халқни бой қилишни хоҳлаган “Ўзагроэкспорт” акционерлик жамияти вакиллари воҳада аввалига деҳқон ва фермер хўжаликлардан 1200 сўмдан ҳарид қилишди. Кейин эса…

Олтинсой, Денов, Шўрчи туманларида ҳам пиёз маҳсулотларининг кўп миқдорда сотиб олиниши ҳақида хабар тарқатилганда кўпчилик миришкорлар хурсанд бўлганди. Давлат раҳбарининг ғайратидан руҳланиб, экспортчи жаноблар ҳам ишлагиси келгандир-да, дея хаёлланишди. Лекин тезда масаланинг миси чиқди. Бу манзиллардаги аксарият деҳқонлар ўзлари етиштирган маҳсулотни сотувга тайёр ҳолатга келтирган бир пайтда тегишли харидорнинг инжиқликлари ва баҳоналари оламни бузди.

Яхши ниятлар билан пиёз эккандим, — дейди Шўрчи тумани “Бобур” маҳалласида яшовчи Холбой Қурбонов куюнчаклик билан.

Кутилгандан-да зиёда ҳосил берди. 60 тонна ҳосил олдим. Ҳар йили ўзимиз харидор излаб, маҳсулотларимизни сотардик. Бу йил эса яхши бир хабар, яъни “Ўзагроэкспорт” томонидан маҳсулотларимиз олиниши ҳақида эшитиб, келишиб қўйгандик. Бошқа харидор ҳам изламадик. Аммо улар 60 тонна пиёздан 60 килограмини ҳам олишмади. Фермер етиштирган ҳосилини масъулларга топшириш учун қатнайвериб, пойабзалининг товони тешилди. Бирида “ўзингизнинг секторингизнинг навбати келса ортамиз”, дейишди. Иккинчисида “ҳозир кам таъминланганларнинг ҳосилини олаяпмиз”, дейишди. Учинчисида эса “экспорт тугади”, дея қисқа ва лўнда гапни айтишди, қўйишди. Фермер маҳсулотини техникага ортиб Элбоён борди, харажат бўлди. Жойлаштиришларини кутиб, бир неча кун маҳсулотни сақлаш учун ҳам тўлов қилди. Охирида эса, олиб борганини яна олиб қайтди. Агрофирмага ишониб қолганига, арзон сўраган харидорларга бериб юбормаганлигига афсусланди.

— Исроф бўлган пиёз ҳатто чорва молларига ҳам емиш бўлмади. Мантиқни қаранг, олти килограмм пиёзнинг нархига бир килограмм сомон бераяпти. Бу нима деган гап, — дейди зор қақшаб Холбой Қурбонов.

Шўрчи тумани “Шалдироқ” маҳалласида яшовчи Алимардон Болтаев 1 гектар майдонга пиёз экиб, 25 тонна ҳосил олди. “Ўзагроэкспорт” ходимлари келиб, етиштирилган ҳосилни килограмини 800 сўмдан баҳолашади ва олишга ваъда беришади. Бироқ…

— Харидорлар етти тонна пиёзни олишди. Аммо бирданига ишни тўхтатиб, “Бу ёғини биз ололмаймиз, вагон йўқ”, дея жўнаб қолишди. Пиёз тез айнувчи маҳсулот бўлса, масаланинг охири билан уларнинг бир пуллик ҳам иши бўлмади. 35 миллион харажат қилгандик, энди шу харажатни қоплашнинг ҳам иложи бўлмади, — дейди Алмардон Болтаев.

Деновлик деҳқонлар томонидан ҳам жорий йилда 62 минг 100 тонна пиёз етиштирилди.

Пиёзнинг Денов бозоридаги нархи ўша пайт 300 сўм бўлганди, уни 800-1000 сўмдан олишга ваъда берганлар эса сўзларининг устидан чиқмади, — дейди яна бир миришкор, деновлик Шуҳрат Алмосов.

Бу маҳсулотни етиштириш асосан қўл кучига асосланади. Масалан, ёлланма ишчи бир кун ишласа 40 минг га ишлайди. Шу пулга эса бозорда 1 центнердан ортиқ пиёз беради, Деҳқон бойишни истаганди, лекин бўлмади. Ишбилармонлар томонидан таклиф этилаётган пул уни қазиб олиш харажатларини қоплашга ҳам етмаяпти. Шу боис, кўпгина пиёз далалари қаровсиз қолиб кетди, айрим пиёз майдонлари кейинги экин учун шудгорланди. Пиёз мавсуми тугади ҳисоб. Унинг муаммоларига чуваланган, дардларидан куйган миришкорлар ерни шудгорлаб оҳ-воҳларини ер остига кўмиб ҳам бўлишди. Олдинда эса токи тирамоҳгача катта йиғим-терим мавсуми жонланаяпти. Хўш, соҳага масъулларнинг узоқни ўйламаган режа ва лойиҳалари яна бўй кўрсатадими?

Менимча, ҳа! Аммо сиз нима дейсиз?

Сарвар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг