Давлат хизматлари учун тўланадиган йиғимлар

0
65

Юртимизда барча соҳалардаги ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида инсон манфаатларининг бош мезон сифатида белгиланиши ҳамда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган улуғвор ғоянинг илгари сурилиши давлат хизматларини янада такомиллаштиришни тақозо этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши мамлакатимизда мазкур соҳада бошланган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Унга мувофиқ давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиб, агентликка жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш, идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш, Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш, мазкур соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг инновацион шакллари ва услубларини жорий этиш, соҳада қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш каби вазифалар юклатилди.

Фармонга мувофиқ, жорий йилнинг 1 июнь кунидан бошлаб синов тариқасида Термиз шаҳар Давлат хизматлари марказида юридик ва жисмоний шахс- ларга қўшимча янги 30 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди. Жумладан, ҳайдовчилик гувоҳномалари бериш, турар жой тоифасидаги кўчмас мулк объектлари бўйича кадастр хизматини кўрсатиш каби қатор хизмат турлари қўшилди.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси жойлардаги Давлат хизматлари марказлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда ундириладиган бож, йиғим ва пуллик хизматлар учун ғазначилик бўлимларида 2018 йилнинг 15 март кунидан 490 та шахсий ғазна ҳисоб варақлари ва 1 апрелдан бошлаб қўшилган хизмат турлари бўйича жами  280 та янги шахсий ғазна ҳисобварақлари очилди. Бугунги кунда шаҳар ва туманлар Давлат хизматлари марказлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатишда хизмат турлари бўйича тасдиқланган регламентлар доирасида ундирилиши кўзда тутилган миқдорда бож ва тўловлар ундириб борилиши таъминланмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда ундириладиган бож, йиғим ва пуллик хизматлар миқдори бўйича қуйидагиларни мисол келтириш мумкин. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги “Муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларни газ, электр, иссиқлик, сув ва оқова сув канализация тизимига уланиш бўйича Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғимларни тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилиб, Давлат хизматларини кўрсатиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилиш белгиланган.

Хулоса қилиб айтганида, мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ва модернизация қилинмоқда, бу эса, энг аввало, халқимизнинг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини беради.

К.БАЗАРОВ,
Давлат хизматлари агентлиги вилоят
бошқармаси молия-иқтисод бўлими  бошлиғи

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг