Бош саҳифа / Жамият / Давлат хизматлари агентлиги ишончни оқлаяптими?

Давлат хизматлари агентлиги ишончни оқлаяптими?

Аҳолига тезкор, қулай, шаффоф ва сифатли принциплар асосида хизмат қилувчи давлат хизматлари марказлари бугун халқ оғирини енгил қилаётгани ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали кўп марта эшитяпмиз. Аслида-чи? Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Давлат хизматлари агентлиги ва унинг вилоятлардаги ҳудудий бошқармалари уларга қўйилган барча талабларни оқлаяптими? Фуқаролар давлат хизмати кўрсатилишида ҳозиржавоблик, аниқлик ва ижро назоратини ҳис этишаяптими?

2018 йил 1 апрелдан эътиборан Давлат хизматлари маркази томонидан нафақат тадбиркорлик субъект ларига, жисмоний шахсларга ҳам хизмат кўрсатиш жорий этилди. Шунга мувофиқ, вилоятимизда ҳам жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган 66 турдаги, Термиз шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан эса 101 турдаги давлат хизматлари рўйхати тасдиқланиб, шу асосида воҳа аҳлига хизмат кўрсатилаяпти. Мисол учун, вилоятда ушбу марказлар томонидан 2018 йилнинг январь ойидан жорий йилнинг сентябрь ойига қадар жами 115 165 та давлат хизматлари кўрсатилиши таъминланди.

Мазкур кўрсатилган давлат хизматлари турларининг айримлари бўйича таҳлил қилинганда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо сертификатини бериш учун 45 062 та, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш учун ариза бериш бўйича 28 514 та, фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича 15 875 та, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларнинг янги намуналарини бериш бўйича 299 та, туғилганликни қайд этиш бўйича 647 та, ўлимни қайд этиш бўйича 115 та, ФХДЁ органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича 567 та, такрорий гувоҳномалар бериш бўйича 142 та ва бошқа турдаги давлат хизматлари кўрсатилган.

Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан ўз фаолиятида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси мавжуд бўлмаган болаларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бунда “Биронта ҳам бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас” ва “Туғилганликни қайд этилиши — бола ҳуқуқларини рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслигини олдини олишнинг ҳуқуқий асосидир” деган эзгу ғояларга амал қилган ҳолда бир қанча ижобий ишларни амалга оширдилар.

Жумладан, фуқаро Шаҳноза Холмирзаеванинг 2008 йил 23 декабрда туғилган ўғлига тегишли ҳужжатларни йиғишда амалий ёрдам кўрсатилиб, Термиз шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан жорий йилнинг 21 сентябрида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилди.

Шу билан бир қаторда Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, соҳа фаолиятига оид муҳим жиҳатларни аҳоли ва тадбиркорларга етказиш бўйича муайян тадбирлар ҳам амалга ошириб келинмоқда. Бугунги кунга қадар вилоят миқёсида фуқаролар томонидан Давлат хизматлари марказларига 4423 та ариза келиб тушган бўлиб, шундан туман ҳокимликлари томонидан 630 та мурожаатлар ижобий ҳал этилган. Қолганлари айни пайтда тегишли ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда.

Хусусан, Бойсун тумани “Косиблар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўзбошимчалик билан 0.06 га ер майдонида уй-жой қуриб олган фуқаро Бахтиёр Раҳмонов туман давлат хизматлари марказига мулк ҳуқуқини этироф этиш бўйича ариза билан мурожаат қилган ва унинг мурожаати шу куннинг ўзида туман Ер ресурслари ва кадастр бўлими филиалига электрон ҳамкорлик тизими орқали ўрганиб чиқиш учун жўнатилди. Комиссия ижобий хулосага келиб, фуқаро томонидан керакли тўловлар амалга оширилгач, Б. Раҳмоновга мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича туман ҳокимининг қарори қабул қилинди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Албатта, интернет ва мобиль технологияларнинг фаол жорий этилиши, мурожаатларни расмийлаштиришдаги аниқлик фуқароларнинг давлат идораларига шахсан бориш заруратини кескин камайтириб, муаммоларини таниш-билишчиликсиз, адолатли ҳал этишга кўмаклашади. Марказга келган ҳар бир фуқарога биз айни шу жиҳатни тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз. Туман ҳокимликлари ташаббуси билан Давлат хизматлари марказлари автомобиллар билан таъминлангани натижасида бундай қулайликдан ҳатто, олис ҳудудда яшовчи аҳоли ҳам баҳраманд бўлаётир.

Яна бир муҳим жиҳати, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали интеграция қилиб келинмоқда. Бу эса фуқароларга яратилган яна бир қулайлик бўлиб, яшаш ҳудудидан чиқмасдан хизмат кўрсатиш ташкилотларига мурожаат қилишларига имконият яратмоқда.

Фарҳод ҚУЛМАМАТОВ,
Давлат хизматлари агентлиги
вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Термизда замонавий лаборатория маркази очилди

Вилоятимизда Туркиянинг “Kani-med” компанияси томонидан замонавий лаборатория маркази ишга туширилди. Компаниянинг Термиз шаҳрида марказий офиси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan