Бош саҳифа / Сиёсат / Дастурий вазифалар ижроси

Дастурий вазифалар ижроси

аҳоли ҳаётида қандай акс этмоқда?

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиш керак”. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ил-гари сурилган мазкур эзгу ғоя мамлака-тимизда олиб борилаётган ислоҳот-ларнинг туб моҳияти-ни ташкил этади.

Айни шу жиҳатдан келиб чиқиб, Ҳаракатлар стратегияси асосида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг бугун бахтли яшашини таъминлаш, эртанги кунини янада ёруғ қилиш мақсадида давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ҳамда имкониятлари сафарбар этилмоқда. Эътиборлиси, рўй бераётган ўзгаришларнинг дастлабки натижалари юртдошларимиз ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда.

Юртбошимиз ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятларда бўлганларида оддий одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган масалаларни ўзларидан эшитиб, ҳал этмокда. Бу эса барча раҳбарлар учун ибрат сифатида хизмат қилаётир. Чунки авваллари мутасаддилар кабинетда ўтириб ишлагани учун ҳудудидаги аҳволдан, мавжуд вазиятдан деярли бехабар эди. Турли ҳисоботлар, қоғозда акс этган кўрсаткичларга ишонилиб, шундан хулоса чиқариларди. Ваҳоланки, ҳақиқий ҳолат бутунлай бошқача бўлган. Фуқаролар муаммоларига ечим топа олмай қийналган. Бугун эса раҳбарлар кабинетдан ташқарига чиқиб, жойларда аҳолини безовта қилаётган долзарб масалалар, ҳақиқатан ҳам, кўплигига амин бўляпти, уларнинг амалий ечими билан шуғулланмоқда. Натижада одамларнинг кайфияти ўзгариб, эртанги кунга ишончи ортяпти.

Лекин ҳали бажариладиган вазифалар жуда кўп. Қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорларида қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган. Уларнинг ижроси катта масъулият талаб қилади. Хўш, бугунги кунда Сурхондарё вилоятида бу борадаги ишларнинг аҳволи қандай? Қурилиш ва ободонлаштириш жараёнлари, тадбиркорлик, туризмни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, умуман, устувор соҳалар бўйича нималар қилинмокда? Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир ПЎЛАТОВ билан суҳбатимиз шу хусусда бўлди.

— Бугун барчамиз катта ўзгаришлар даврида яшаяпмиз, — дея сўз бошлади Баҳодир Бахтиярович. — Давлатимиз раҳбарининг эзгу ғоялари, ташаббуслари асосида жонажон Ватанимиз ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Ана шу жараёнлар бутун мамлакатимиз бўйлаб, энг олис ҳудудларни ҳам қамраб олгани билан диққатга сазовордир. Бундан ташқари, юритилаётган прагматик ташқи сиёсат туфайли узоқ ва яқин давлатлар билан дўстона алоқалар мустаҳкамланиб, ҳамкорликда қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилаётир. Шунга мос равишда вилоятимизда ҳам дастурий вазифалар ижроси натижасида ҳудуд тобора равнақ топиб бормокда.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10-11 февраль, жорий йил 19-20 январь кунлари Сурхондарёга ташрифи чоғида берган йўл-йўриқ ва маслаҳатлари, топшириқлари, тавсиялари вилоят аҳлини янада руҳлантириб, шижоат билан ишлашга ундади.

Сурхондарё вилоятини ком- плекс ривожлантириш дастурига биноан ишлаб чиқариш тармоқларини яратиш, хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, табиий бойликларни ўзлаштиришга доир умумий қиймати 3 триллион 915 миллиард сўмлик 2585 та лойиҳани рўёбга чиқариш кўзда тутилган. Бугун улар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, саноат корхоналарини техник ҳамда технологик янгилаш саъй-ҳаракатлари олиб бориляпти.

—    Аграр соҳа мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Бугун мазкур тармоқни ривожлантириш бўйича ҳам талаб мутлақо бошқача. Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Сабаби, бу моддий жиҳатдан ҳам, аҳоли бандлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам айни муддаодир. Шундай экан, вилоятда ушбу йўналишда қандай амалий ишлар қилинмоқда? Аниқ мисоллар билан гапириб берсангиз.

—    Сурхон заминида йил давомида очиқ усулда уч мартагача ҳосил олиш мумкин. Табиатнинг бундай саховатидан омилкорлик билан фойдаланиш эвазига вилоятда ҳар йили икки миллион тоннадан ортиқ мева, полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. Афсуски, бу маҳсулотларнинг, бор-йўғи, 11 фоизигина ўзимизда қайта ишланади. Эндиликда маҳсулотни етиштиришдан тортиб, уни истеъмолчига етказиб бериш, экспорт қилишда ҳам замонавий ёндашувларга эътибор берилмоқда. Йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиляпти. Масалан, «Gold Agro Fresh» агрофирмасида ташкил қилинган 100 гектар майдондаги иссиқхонада помидор, гулкарам, брокколи, руккола ва ялпизнинг харидоргир навлари парваришланиб, йилига 30 миллион АҚШ долларилик маҳсулот ташқи бозорга чиқарилаётир. Шунингдек, «ASG Group» корхоналар уюшмаси таркибидаги 6 та корхона вилоятимизда ташкил этилган. Жорий йилда мазкур корхоналар томонидан 150 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш мўлжалланган.

Ҳозирги кунда яна бир истиқболли лойиҳа, яъни «Жарқўрғон мева-сабзавот экспорт» масъулияти чекланган жамияти томонидан картошкани Франция технологияси асосида етиштириш йўлга қўйилмоқда. У тўла амалга ошгач, 1500 та иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари кўрсатмаларига биноан, вилоятда тўқимачилик кластери фаолиятини йўлга қўйиш, пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича ҳам саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Хусусан, 2017 — 2019 йилларда Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 365 миллион долларга тенг 15 та замонавий тўқимачилик ва енгил саноат корхонасини ишга тушириш кўзда тутилган. Бу ор- қали 4 мингта қўшимча меҳнат жойи очилади.

—    Сурхон заминида Менделеев жадвалидаги деярли барча элемент учрайди. Бундан ташқари, тошкўмир, газ, нефть, мармар, ош тузи, калий тузи, оҳак, гранит тош… Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Ана шу табиий бойликлардан унумли фойдаланиш, саноатни ривожлантириш бўйича нималар қилиняпти?

— Дарҳақиқат, бундай табиий захираларнинг мавжудлиги катта имкониятдир. Улардан мамлакатимиз равнақи йўлида фойдаланиш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилмокда. Мисол сифатида айтиб ўтсам, Россия Федерацияси ишбилармонлари ҳамкорлигида Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида лойиҳа қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ бўлган, йилига 4 миллиард куб метр газни қайта ишлаш, 289 минг тонна полипропилен, 211 минг тонна полиэтилен ва 293 минг тонна олтингугурт ишлаб чиқариш қувватига эга газ-кимё мажмуасини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Сариосиё туманидаги «Шарғун кўмир» конини модернизация қилиш эвазига йилига 900 минг тонна, Бойсундаги «Тўда» кўмир конида эса 450 минг тонна кўмир ишлаб чиқариш ло- йиҳаси амалга оширилмокда.

Истиқлолимизнинг 27 йиллиги арафасида Шеробод туманида лойиҳа қиймати 212,8 миллион долларга тенг цемент заводи фойдаланишга топширилди. Йилига 1,5 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур корхонада мингдан ортиқ кишиларнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, Термиз шаҳрида йилига 7 минг тонна калава ип тайёрланадиган «Амудар Текс» Ўзбекистон — Англия қўшма корхонаси ишга туширилди. Кўзда тутилган лойиҳалар кўп. Уларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш ҳаракатидамиз.

—    Президентимиз юқори иқтисодий ўсишга эришиш ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлашда инвестицияларнинг муҳимлигини қайта-қайта таъкидлаб келмоқда. Бир неча бор ўтказилган видеоселектор йиғилишларида бу борада ҳудудлардаги аҳвол, хорижий инвестицияларни жалб этишдаги сусткашликлар қаттиқ тан қид қилинди. Сурхондарёда бундан тегишли хулоса чиқарилдими?

—    Чиндан ҳам, инвестиция бўлмаса, ривожланиш ҳам бўлмайди. Юртбошимиз бу масала хусусида қайта ва қайта тўхталишлари бежиз эмас. Биз шундан тўғри хулоса чиқариб, астойдил ҳаракат қилишимиз, хорижлик бизнес вакиллари, ишбилармонларни Ўзбекистон бозорига қизиқтиришимиз лозим. Чунки улар учун ҳамма имтиёзлар жорий қилинган, эркин ишлашга имкониятлар етарли. Буни тушунтира билишимиз зарур.

Шу йилнинг 31 июль — 3 август кунлари вилоятимиз делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Сичуань провинциясида бўлди. Йирик компания вакиллари ва сармоядорлар билан амалий мулоқот қилдик. Ташрифимиз чоғида таълим, санъат ва маданият, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ҳамда озиқ-овқат саноати каби йўналишлари бўйича инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказдик. Ташрифимиз якунлари бўйича 257 миллион АҚШ доллари қийматидаги 6 та меморандум имзоланди. Хитойнинг Шимоли-Шарқий университети Ипак йўли археология маркази билан Бойсун туманида археология музейи қурилиши бўйича келишувга эришилди.

Нафақат Хитой Халқ Республикаси, балки Европанинг бир қатор ривожланган давлатлари ҳамда Россия, Туркия сармоядорлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича муайян ишлар олиб бориляпти. Бинобарин, Президентимизнинг жорий йил 19 июлдаги қарорига кўра, вилоятга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни жадаллаштириш дас тури ишлаб чиқилди. Унинг асосида, 2018 — 2020 йиллар давомида Сурхондарёда умумий қиймати 869 миллион долларга тенг жами 33 та ҳудудий лойиҳа рўёбга чиқарилади. Ҳозирги кунгача айни мақсадда 20 миллион долларлик тўғридан-тўғри йўналтирилган хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

2019 — 2020 йилларда Туркиянинг «Etka Со Enerji A.S» компаниясининг 500 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестициясини жалб этиш орқали Бойсун туманида шамол электр станциясини барпо этиш ҳамда Буюк Британиянинг «Shefra Energy Limited» компанияси томонидан 220 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштирилиши эвазига Шеробод туманида фотоэлектр қуёш панелларини ишлаб чиқариш лойиҳалари бажарилади.

Жанубий Кореянинг «Naturayn Ко LTD» компанияси томонидан Ангор туманида умумий лойиҳа қиймати 18 миллион долларга тенг бўлган биоорганик минерал ўғит ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилинади. Тожикистоннинг «Евро инвест Сохтмон» компанияси томонидан Шеробод туманида умумий лойиҳа ҳажми 175 миллион долларга тенг цемент заводи барпо этилади.

Шуни ҳам айтиш керакки, вилоятнинг шаҳар ва туманларида сектор раҳбарлари ташаббуслари билан ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида хорижий инвесторлар билан олиб бораётган ўзаро келишувлар асосида умумий қиймати 450,7 миллион долларга тенг 53 та истиқболли лойиҳа юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

— Бугун Термизда жуда катта қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Кўплаб уй-жойлар барпо этилди. Бу жараёнлар одамлар кайфиятига қандай таъсир қиляпти?

—    Албатта, ҳар ким яхши шароитда,барча имконият мавжуд бўлган муҳитда бахтли-саодатли яшашни истайди. Бундай эзгу орзу-истакни рўёбга чиқариш учун Юртбошимиз барча саъй-ҳаракатни йўналтирмоқда. Ташаббусларнинг жойлардаги ижросини тўлақонли таъминлаш эса олдимизда турган энг улкан вазифадир.

Бугун қуруқ гапларни бир четга суриб, амалий ишларга қатъий эътибор қаратилаётгани одамларда давлатга ишонч туйғусини мус- таҳкамламоқда. Мисол учун, қанчадан-қанча оилалар ўз уй-жойига эга бўляпти. Уларнинг чеҳрасидаги мамнунликка қараб, кўп нарсани англаш мумкин. «Бўлар экан-ку», «Барака топинглар», деган самимий гаплар одамга куч бағишлайди.

Фикримизга асос сифатида аниқ рақамларни келтирсак. Ўтган йили 42 та кўп қаватли уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг учун 326 миллиард сўм сарфланди. Жорий йилда эса вилоятимиз марказида жами 91 кўп қаватли тураржой бунёд этилмоқда. Жумладан, уларнинг 62 таси тижорат банки кредитлари ҳисобидан, 10 таси арзонлаштирилган 7 қаватли 420 хонадонли уй-жой, 19 таси эса «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ маблағлари ҳисобидан қурилаётган 3 қаватли 342 хонадонли кўп қаватли уйдир.

Термиз шаҳар бош режасига биноан, ҳудудда 30 та етти қаватли уй барпо этилиши белгиланган эди. Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида бунга қўшимча яна 32 та етти қаватли уй қуриш бўйича кўрсатмалар берди. Бундай улкан ғамхўрликдан, албатта, аҳоли жуда қувонди.

Вилоят марказининг ўзи ҳақида тўхталсак, бугун Термиз деярли қайтадан қурилмоқда. Яқинда 700 ўринли Санъат саройи, 3000 томошабинга мўлжалланган амфитеатрнинг фойдаланишга топширилиши Сурхон элига катта туҳфа бўлди.

—    Президентимиз томонидан илгари сурилган «Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё бош устувор йўналиш» тамойили минтақада мутлақо янги сиёсий муҳитни яратиб, асрлар давомида қон-қардош бўлиб яшаб келган, қадриятлари ўхшаш халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга замин яратмоқда. Бундай ижобий тенденциялар аллақачон чегара ҳудудларида яшовчи одамлар ҳаётида кўзга яққол ташланаётир. Шундай эмасми?

—    Буни Афғонистон мисолида айтадиган бўлсак, икки давлат халқлари азалдан бир дарёдан сув ичиб, дўст ва биродар бўлиб ҳаёт кечирган. Бугун Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Бунда икки давлат раҳбарлари ўртасида мунтазамлик касб этган олий даражадаги учрашувлар муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон қўшни мамлакатда тинчлик ва осойишталик таъминланиши тарафдоридир. Бунинг учун амалий қадамлар ташлаяпти. Хусусан, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили тайинлангани, Тошкент ва Кобул ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилгани, шунингдек, Термиз туманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонис- тон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Жорий йил март ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш, барқарор ривожланишни янги босқичга кўтариш истиқболларини белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 18 сентябрдаги фармонига мувофиқ, чегарадош мамлакатлар, хусусан, Афғонистон Ислом Республикаси билан савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида «Термиз» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди.

Бугун нафақат Афғонистон Ислом Республикаси, балки Тожикистон, Туркманистон республикалари билан ҳам ҳамкорлигимиз кучайиб боряпти.

—    Яна аҳоли билан мулоқот мавзуига қайтсак. Одамларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш, уларга ечим топиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.

—    Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида секторлар ишини фаоллаштирмокдамиз. Ҳар бир ҳудудда аниқланган камчиликлар бўйича «Йўл харитаси» шакллантирилиб, унинг ижроси босқичма-босқич таъминланмоқда. 5 та жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этилган бўлиб, улар шаҳар ва туманлар кесимидаги маҳалла ва қишлоқлар, аҳоли хонадонларида бўлиб, секторлар фаолияти устидан мунтазам жамоатчилик назоратини амалга оширмоқда. Бундан ташқари, кенг аҳоли қатламининг талаб ва истакларини ўрганиш, мурожаатларини қайд этиб бориш мақсадида ижтимоий тармоқлардан ҳам унумли фойдаланяпмиз. Аҳоли турмуш фаровонлиги йўлидаги бундай саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилади.

“Халқ сўзи” мухбири
Илҳом РАҲМАТОВ
суҳбатлашди
(“Халқ сўзи” газетасидан олинди)

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Муносиб тенглик

Бугунги кунда давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда аёллар сони кам эканлиги давлатимиз раҳбари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE