Бош саҳифа / Спорт / Дастлабки ўйин, дастлабки очко

Дастлабки ўйин, дастлабки очко

2005 йили олий лига ўйинларидан маблағи кам, деган баҳонада четлатилган Термизнинг “Сурхон” жамоаси, ниҳоят, яна кучлилар сафига қайтди.

Бу гал у бир вақтлар ўз ўрнини эгаллаган Самарқанднинг “Динамо” жамоаси билан бирга суперлига ўйинларида иштирок этадиган бўлди.

 Ўтган дам олиш куни термизлик чарм тўп усталари чемпионатнинг биринчи ўйинини “Сурхон” стадионида Бекободнинг “Металлург” жамоаси билан ўтказишди. Таъкидлаш жоизки, бу йилда “Металлург” ўтган мавсумдагидан анча кучли. Чунки унинг таркибида терма жамоада ўйнаган, асли ҳамюртимиз бўлган, ўтган йили “Пахтакордан” ижарага берилган Станислав Андреевдан ташқари мавсум арафасида Қозоғистоннинг “Жетису” жамоасидан Сервер Жепаров, “Пахтакор” дан Камолиддин Тожиев, “Қизилқум” дан Дониёр Усмонов, “Бухоро”дан Шавкат Муллажонов каби кучли, бир вақтлар аксари терма жамоада ўйнаган футболчилар келиб қўшилган.

Шунга қарамай, таркибини Забиҳилла Ўринбоев, Шерзод Ҳакимов, Шерзод Каримов, Асилбек Омонов, Дарко Станоевич каби 12 нафар тажрибали ва истеъдодли футболчилар билан кучайтириб олган “Сурхон” клуби аъзолари ҳам таниқли рақиб олдида чўчиб турмади. Дарҳол ҳужумга ташланди. Бу ўз натижасини берди. Ўйиннинг 5-дақиқаси ниҳоясига етаётган пайтда Шерзод Ҳакимов жарима белгиси яқинидаги масофадан дарвозага тўпни аниқ йўллаб, мезбонларни олдинга олиб чиқди. Мухлислар учрашувни “Сурхон”нинг ғалабаси билан тугашини ва у пешқадамлардан бири бўлишини кутиб турарди. Чунки бир кун аввал бўлган кўпгина учрашувлар дуранг натижа билан тугаганди. Аммо учрашув тугашига уч дақиқа қолганида мезбонлар жарима майдони яқинида, дарвозанинг ўнг томонида ўйин қоидасини бузишди. Учрашув бош ҳаками А. Рисқуллаев жарима тўпи белгилади. Кучли зарб билан тепилган жарима тўпини дарвозабон Асилбек Омонов қайтарди. Аммо меҳмонлар уни термизликлар дарвозасига киритишни уддалашди. Шундай қилиб, дастлабки учрашув 1:1 ҳисобида тугади. “Сурхон” футболчилари навбатдаги учрашувни 30 март куни ўз майдонларида Самарқанднинг “Динамо” жамоаси билан ўтказишади.

Таъкидлаш керакки, дастлабки ўйинга тайёргарлик суст бўлгани боис стадионга томошабинлар ўйин бошланишидан ярим соат аввал қўйилди. Бунинг устига, учрашув эълонлар ва рекламаларда кўрсатилганидай соат 14:00 да эмас, бир соат олдин бошланди. Натижада, кўплаб мухлислар учрашувнинг фақат иккинчи бўлимида иштирок этишди, холос. Ўйлаймизки, бундай ўзгартиришлар бош қа такрорланмайди.

М. АЗИМОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мусобақалар олдидан

Жорий йилнинг 15-17 август кунлари Термиз шаҳрида “Ёшлик спорт жамоалари” Республика мусобақасининг ҳудудий саралаш босқичи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE