Бош саҳифа / Таълим / Дарс тайёрлаётганда болага тазийқ ўтказманг!

Дарс тайёрлаётганда болага тазийқ ўтказманг!

Ҳозирги кунда фарзанд билан ота-она ўртасидаги муносабатлар долзарб муаммолардан биридир. Чунки ота-она фарзанд тарбиясида турли муаммоли вазиятларга дуч келади. Ваҳолангки, бундай пайтларда болани сабр-тоқат билан тушунишга ҳаракат қилинса, таълим-тарбия жараёни самарали бўлади.

Одатда ота-оналар онггида кўп ҳолларда улар қўйган талабларни фарзандлари сўзсиз бажарса бўлди, деган тушунча шаклланган. Айрим ҳолларда болага куч ишлатиб, қўрқитиш йўли билан тарбия бериш ҳолатларини ҳам учратамиз. Бу жараён болани турли руҳий инқирозларга олиб келиши мумкин. Инсон болалик пайтида олган руҳий зарбани бутун умри давомида унутмаслигини эсда тутишимиз керак.

Энг асосийси, мактаб ёшидаги боланинг тарбиясига беэътибор бўлманг. Дарс тайёрлаб ўтирган боланинг тепасида туриб, ҳар бир камчилиги учун танбеҳ бериб ёки “қўл ишлатиб” унинг дарсга бўлган қизиқишини сусайтирманг. Бу кейинчалик болани ёлғон ишлатишга мажбур қилади. Бундай ҳолларда фарзандингизни жазолаш ўрнига, унга тўғри талаб қўйишнинг самарали йўлларини ўрганинг, яъни боланинг бирон-бир эришган ютуқларини айтиб, унга берилган топшириқни тўғри ёки нотўғри бажараётганини назорат қилинг. Ўзига юклатилган вазифани тўлиқ бажаришига ишонч билдириб, топшириқни маълум бир пайтда текширишингизни айтинг. Шундагина фарзандингиз сизнинг ишончингизни оқлашга ҳаракат қилади. Фақат мақташ керак экан, деб ўринсиз мақтаманг. Бу ҳолат уни манманлик, ўзбошимчалик ва менсимасликка ўргатади.

Олимларнинг кузатувларига кўра, бугунги кунда ишдан толиқиб келган ота-она боласининг тарбиясига 10-15 да-қиқа вақт ажратар экан. Бу саноқли дақиқаларнинг аксар қисми кундаликни текшириш, камчиликларни кўрсатиш ва танқид остига олишга ажратилиши аниқланган. Ҳатто, баъзи бир ота-оналар ҳаддан ташқари қаттиққўл бўлсак, фарзандимизнинг тарбияси яхши бўлади, деб ҳисоблайди. Бироқ бунақа вазиятларда аксинча болалар тортинчоқ, ўзига нисбатан ишончсиз, ёлғон гапирадиган бўлади.

БОЛА ТАРБИЯСИДА ҚУЙИДАГИ ҚОИДАЛАРГА АМАЛ ҚИЛИНСА, МАҚСАДГА МУВОФИҚ БЎЛАДИ:

  • агар сиз огоҳлантириш бермоқчи бўлсангиз, авваламбор фарзандингизнинг яхши томонларини санаб ўтинг;
  • фарзандингизнинг камчилигини бирданига юзига солмасдан, ётиғи билан тушунтиринг;
  • ўзига буйруқ берилишини ҳеч ким ёқтирмайди. Шунинг учун бевосита буйруқ беришдан кўра, савол бериб, панд-насиҳат йўли билан берилган топшириқни бажартирганингиз маъқул;
  • фарзандингизга ўз обрўсини сақлаб қолишига имконият беринг;
  • инсонлар ҳақида яхши фикрда бўлинг, шунда фарзандингиз уларга ўхшашга ҳаракат қилади.

Дилором ПРИМҚУЛОВА,
Шўрчи туманидаги
36-мактаб психологи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan