Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Даромаддан уч машина

Даромаддан уч машина

ёхуд томорқанинг хазина эканлигини исботлаётган оилалар тажрибаси

Термиз туманидаги “Қорахон” маҳалласида яшовчи аҳоли асосан деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланиб, ҳеч нарсага зориқмай тўқ ва фаровон турмуш кечираяпти.

Бундан йигирма-йигирма беш йил аввал одамлар томорқасига нари борса икки-уч пушта помидор, тўрт-беш жўяк картошка экишарди, элнинг асосий қисми эса моли учун маккажўхори ўстирарди. Бугун-чи? Аҳвол тамоман ўзгарган. Томорқага фақат картошка, помидор ўстириб қўймай, маҳсулотларни эртачи чиқариш ва мўмай даромадли бўлиш ниятида экинларни плёнка остида парваришлашаяпти ва иссиқхона қуриб, бир йилда икки-уч ҳосил етиштиришга интилишмоқда. Бугун кўпчилик оилаларнинг ихчам иссиқхонаси (маҳаллада жами 50 хонадонда иссиқхона қурилган) бор.

Маҳалладаги Қорахон-1 қишлоғида яшовчи Ислом Хуррамов оиласига, уларнинг меҳнаткашлигига, уддабуронлигига кўпларнинг ҳаваси келади. Чунки бу оила қишлоқда биринчи бўлиб иссиқхона қурган, томорқа даромадидан ҳаммадан илгари “Cobalt” автомашинаси минган. Яшаш уйлари шинамгина ва замонавий. Бугун Ислом акада “Spark”, ўғиллари Абдуғаффор, Абдумаликда “Gentra”, “Damas” русумли машина бор. Қўша автоулову шинам уй-жойлар томорқа даромадидан.

Ҳали одамлар “уйқуда ухлаб ётган” кезлар Ислом аканинг оиласи томорқасининг бир четида иссиқхона қуриб, ҳаммадан илгари помидор, бодрингни бозорга чиқаришарди. Охирги пайтда қишлоқда неча киши иссиқхона қурган бўлса, ҳаммаси Ислом акадан маслаҳат сўраган.

Томорқадаги ишларга уй бекаси Шаҳар Худойбердиева раҳбар.  Нафақага чиққунича Ислом ака бир неча ташкилотда ишлади, томорқанинг увол-савоби Шаҳар опанинг елкасида бўлди.

Шаҳар Худойбердиева эрига: “Сиз кўчанинг ишини эпланг, рўзғорни ўзимиз обод қиламиз” деб келинларга, қизларга, ўғилларга бош бўлиб, томорқада ҳар хил зироат ўстириш билан банд бўлди. Эпли аёл Шаҳар опа айрим аёлларга ўхшаб томор-қанинг даромадини кийим-кечакка, ҳар хил латта-путталар йиғишга сарфлаб юбормади. Рўзғордан ортган пулни даста-даста қилиб Ислом аканинг қўлига тутқазарди ва ҳар гал пул тутқазганда эрига: “Яна беҳуда сарфламанг, битта бўлса ҳам арматура келтиринг, цемент олиб келинг”, деб тайинларди. Шунинг эвазига ҳар бири 5-6 сотихдан иборат учта иссиқхона барпо этилган.  Биттасида 40 туп “Мир” навли лимон дарахти яшнаб турибди, ўтқазилганига 9 йил бўлган бу дарахтларнинг ҳар бири 90 килограммдан ҳосил тугаяпти. Ўтган йили 3,5 тонна лимоннинг килосини 7,5 минг сўмдан сотишди. Иккинчи иссиқхонада 28 туп апельсин парваришланаётир. Бу йил кузда ниҳоллар нишона ҳосил беради. То апельсин ҳосилга киргунича оралиқ ерда помидор ўстирилмоқда. Ҳар куни помидорларнинг пишгани бозор учун узилади. Учинчи иссиқхонада Туркиядан келтирилган 18 туп лимон кўчати ўтқазилган. Ниҳоллар орасидаги бўш жойга экилган картошка эрта-индин қазилади.

Томорқанинг очиқ қисмида ўстирилаётган помидор ва бодринг ниҳоллари гуллаб, пешма-пеш ҳосил тугаяпти.

Халқимизда “Сувга яқин ўтирган одам, Худога яқин киши” деган гап бор. Ислом Хуррамов оиласи томорқа-сидаги экинларни суғориш учун сувга навбат кутмайди, томорқамни сувлайман, деб қўни-қўшнилар, мироблар, фермерлар билан ҳуда-беҳудага асабини бузмайди. Ҳовлисининг ёнгинасидан “Янгиариқ” СИУ ҳудудидаги далаларни суғорадиган, икки бети бетонланган катта анҳор ўтган. Ислом аканинг томор-қаси ана шу анҳордан бир метр баландликда. Томорқани суғориш учун анҳор ўртасида чархпалак ўрнатган. Анҳор сувининг шиддатидан чархпалак гир айланади, сатилчалари сувни жилдиратиб томорқага оқизиб туради. Зарурат бўлмаганда новчани қайириб, сувни яна анҳорга бошқариб қўяди.

Хонадоннинг бекаси, эпли аёл Шаҳар опа томорқа, мол-ҳол, рўзғор юмушларидан вақт орттириб онасидан ўрганган пахта ва жундан тақир гилам тўқишни ҳам канда қилмайди. Ҳар ойда икки-учта гилам тайёрлаб, рўзғорига барака киритади. Гилам тўқишни қўшни аёлларга, келинларга, қизларга ўргатишдан эринмайди. Қишлоқнинг  аёллари қиз чиқармоқчи, ўғил уйлантирмоқчи бўлса, сепига Шаҳар опанинг қўлидан чиққан гиламлардан қўшайин, деб буюртма беришади.

Ислом Хуррамов ва Шаҳар Худойбердиева иссиқхона устидаги плёнкани май ойига бориб очишади. Эртачи зироатлар ҳосили йиғиб бўлингач, изига такрорий экинлар, жумладан, дон учун маккажўхори ўстирилади. Чунки томорқа бўла туриб катакдаги товуқ, қўралардаги қорамол, қўйнинг озуқаси-емини бозордан сотиб олишга на ҳожат?

Ҳовлининг шундоққина этагидаги 10 туп ўрик, анжир дарахтлари ҳар йили шиғил-шиғил ҳосил тугади. Абжир бека меванинг бир қисмини ҳовлисида бир туп ҳам дарахт ўстирмайдиган кишиларга сотса, қолганидан 100 банкалаб мураббо тайёрлаб, қишга ғамлайди. Уч йил илгари ўтқазилган 20 туп олма ниҳоллари бу йил илк бор гуллади.

Музаффар МАРДОНОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ishning egasi bo’lish osonmas

— O’tgan yili “Har bir oila tadbirkor” dasturi asosida bankdan yigirma sakkizmillion kredit oldim. Kredit …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan