Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Даромад солиғи камайтирилади

Даромад солиғи камайтирилади

Ёдингизда бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз парламентига тақдим этган Мурожаатномасида илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш ҳақида таклиф билдирилган эди.

Ушбу таклиф ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётда чинакам янгилик бўлди. “Истеъмол саватчаси”ни қонунчилик асосида белгилаб қўйишдан кўзланган асосий мақсад, аввало, ижтимоий соҳада долзарб бўлган энг муҳим йўналишларни ва ижтимоий давлат дастурларини қабул қилишда мамлакат аҳолисининг ҳаёт даражасини инобатга олишдир. Яъни бу орқали мамлакат қонунларига мувофиқ, иш ҳақи ва ёшга доир нафақаларнинг энг кам миқдори ўрнатилади. Кўп болали оилаларга, ишсизларга ижтимоий ёрдам, стипендия ва бошқа ижтимоий тўловларнинг ҳаётий миқдори белгиланади. Фуқароларнинг солиққа тортилмайдиган даромадларининг паст кўрсаткичдаги миқдори ўрнатилади. Энг муҳими, бунинг натижасида мамлакатнинг Давлат бюджети ва маҳаллий бюджетларини шакллантиришда аҳолининг кам таъминланган ижтимоий қатламлари манфаатлари инобатга олиниб, фуқароларга муносиб турмуш шароитини яратишга эришилади.

“Истеъмол саватчаси” тушунчасига оммавий ахборот воситалари орқали ҳам тўлалигича изоҳ берилди. Шундан сўнг, одамлар орасида “Истеъмол саватчаси” қачон жорий қилинади?” деган савол пайдо бўлди.

Бироқ ҳар қандай янги лойиҳани бирдан ҳаётга жорий қилиб бўлмайди. Бунинг ҳам ўзига яраша объектив ҳамда субъектив сабаблари бор. Яхши натижага эришиш учун эса, ушбу янгилик албатта, босқичма-босқич равишда амалга татбиқ этиб борилади.

Ваҳоланки, мамлакатимизда аҳолининг даромадларини ошириш, турмуш даражасини яхшилаш мақсадида босқичма-босқич равишда ўзгаришлар қилинмоқда. Тадбиркорлик қилиш учун имтиёзларнинг берилиши, айрим касб эгалари меҳнатининг муносиб рағбатлантириши ёки жорий йилнинг ўзида энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг икки маротаба кўтарилиши бунга мисол бўлади. Айнан 2019 йил 1 январдан барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ягона ставкасининг 12 фоиз этиб белгиланиши эса бу йўлда ташланган навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Бугунги кунда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 0 (энг кам иш ҳақининг 1 бараваригача), 7,5 (ЭКИҲнинг 1 бараваридан 5 бараваригача), 16,5 (ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача) ва 22,5 фоиз (ЭКИҲнинг 10 бараваридан юқориси) этиб белгиланган.

Шунингдек, суғурта бадали ставкаси 8 фоизни ташкил қилади. Кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун 15 фоизлик ва бошқалар учун 25 фоизлик ягона ижтимоий тўлов ставкалари амал қилмоқда.

Бироқ эндиликда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони билан 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида белгиланадиган бўлди. Шундан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади. Аммо фуқароларнинг айрим тоифалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинди.

Яна бир янгилик – фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари ҳам бекор қилинади.

Пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар, шунингдек, уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов 25 фоиз миқдорида белгиланади. Бундан ташқари, бошқа юридик шахслар учун ушбу тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилади.

Албатта, бу ҳам маълум маънода аҳоли реал даромадларини ошириш учун навбатдаги пиллапоя вазифасини ўтайди.

Сухроб РАҲМОНҚУЛОВ,
Қарсоқли хизмат кўрсатиш касб-ҳунар
коллежи ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сохта чипталар…

Мажбурий ижро бюросининг Сурхондарё вилоят бошқармаси ва Олтинсой туман бўлими тумандаги электр таъминоти корхонаси ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE