Бош саҳифа / Жамият / Дардларга шифо излаб

Дардларга шифо излаб

Юртимизда тиббиёт соҳасида изчил ислоҳотлар олиб борилаяпти. Шифохоналарни таъмирлаш, янгисини барпо этиш, замонавий тиббий анжомлар билан таъминлаш, беморларга сифатли дори-дармон етказиб бериш, врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, хуллас, соҳани ривожлантиришга катта маблағ сарфланаяпти.  Буни вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ҳозир вилоят шифохонаси ҳудудига қадам қўйган киши ўзини пойтахтдаги даволаш муассасаларига кириб қолгандай ҳис этади.

Охирги беш йил орасида бу жойда катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари бажарилди.  Ўтган асрнинг 40-50-йилларида қурилган шифохонанинг пастқам иморатлари ўрнида кўп қаватли кўркам бинолар қад ростлади.

Шифохонада 2010 йилда қурилиш ишларининг биринчи босқичи бошлаган бўлса, 2015 йилга келиб якунига етказилди. Шу давр мобайнида 60 ўринли хирургия мажмуаси (урология, абдоминал хирургия, торакал хирургия), анестезиология, реанимация ва интенсив терапия, жарроҳлик блоки (4 та жарроҳлик хонаси), ички дорихона ва ПСС блоки, тиббиёт маркази, “А” блокида 45 ўринли пульмонология (аллергология) ва қабул бўлимлари, “Б” блокида консультатив – диагностика, лаборатория ва мутахассис кабинетлари, кирхона, дизенфекцион камера блоки қурилди. Шунингдек, сув қудуғи бурғулаш ва минора ўрнатиш, 2 дона ёнғинга қарши сув ҳавзасини таъмирлаш, муфел печларини қайта қуриш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш, “В” блокда 20 ўринли нефрология гемодиализи, 20 ўринли гематология бўлими, “Г” блокида 35 ўринли неврология, 20 ўринли гастроэнтерология, физиотерапия ҳамда реабилитация бўлимлари, озиқ-овқат блоки, газ таъминоти тизимлари тўлиқ капитал реконструкциядан чиқарилди. “Д” блокида эса компьютер томография, 30 ўринли нейрохирургия, 40 ўринли йиринг хирургияси ва проктология, 40 ўринли жағ-юз хирургияси жойлашган бўлимлар биноларини том ва ташқи фасад қисмлари таъмирланди. Бу қурилиш-монтаж ишлари учун жами 12 миллиард 639,2 миллион сўм маблағ сарфланди.

Энг муҳими, шифохона бўлимлари умумий қиймати бир миллиард 147,8 миллион сўмлик рақамли УЗИ аппарати, пикаглоуметр, лаборотория ускуналари, компьютерли ЭХОЭЭГ, 16 каналли ЭЭГ, велоэргометр стресс тизими билан, видеогастроскоп, видеоколоноскоп, невроскоп, дизенфекцион камера, аквадистилятор  каби 20 турдаги чет элда ишлаб чиқарилган сўнгги русумдаги замонавий тиббиёт асбоб-анжомлари билан жиҳозланди.

Дастлаб 1924 йилда иш бошлаган  шифохона 10 ўринга мўлжалланган бўлса, ҳозирда бу ерда 415 нафар беморни даволаш имконияти мавжуд. Вилоят касалхонаси кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳисобланади ва ҳар хил хасаталиклар  билан оғриган беморлар  дардларига шифо топаяпти. Марказ даволаш профилактика тизимида абдоминал хирургия, нейрохирургия, кардиоревматология, урология, нефрология-гемодиализ, гастроэнтерология, физиотерапия каби 16 та клиник ва 7 та параклиник бўлимлар фаолият кўрсатаётир. Тиббиёт маркази қошидаги кўп тармоқли поликлиника ва бўлимларда жаҳон тиббиётида қўлланилаётган замонавий аппаратлар мавжудлиги боис инсон танасидаги барча аъзолар текширишдан ўтказилиб, аниқ ташхис қўйилмоқда ва зудлик билан даволаш чоралари кўрилаётир.

Гарчанд шифохона бўлимлари энг замонавий аппаратлар билан таъминланмасин, билимдон, маҳоратли врачлар хизмат қилмас экан, улар жонсиз бўлиб қолаверади. Фидойи, маҳоратли, тажрибали шифокоргина ўша аппаратлар орқали хаста кишиларга аниқ ташхис қўйиб, дардини даволайди. Ана шундай қўли енгил шифокорлар тиббиёт марказида кўпчилик. Марказ бош врачининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Зайрулла Оқбоев, анестезиология реанимация ва интенсив терапия бўлими врачи Мамаражаб Пирматов, неврология бўлими бошлиғи, олий тоифали нев- ропатолог Жўра Жумаев, консультатив поликлиника отолоринголог врачи Холиқберди Ҳайитов, урология бўлими шифокори  Каромат Саидалимов, офтальмология бўлими бошлиғи Раҳмон Муҳаммадиев, гастроэнтерология бўлими бошлиғи Абдурасул Убаев, пульмонология бўлими врачи Барот Соипов, бош фельдшер Баҳодир Усанов, жароҳат оқибатлари ва ортопедия бўлими катта ҳамшираси Зарифа Сатторова, кардиоревматология бўлими катта фельдшери Ботир Бахтиёров, катта ҳамширалар Дилором Пардаева, Гулбаҳор Мирзаева, Саодат Норматова, Нодира Таганова сингари фидойи соҳа ходимлари узоқ йиллардан бери эл саломатлиги йўлида  меҳнат қилиб келишмоқда.

Бугун вилоятдаги кўпгина тиббиёт муассасаларига пойтахт ва мамлакатимизнинг йирик шаҳарларидаги клиникаларда самарали меҳнат қилиб, тажрибали шифокор сифатида элга танилган соҳа профессорлари, фан номзодлари раҳбарлик қилмоқда. Мақсад вилоятдаги шифохоналарда ҳам замонавий сифатли тиббий хизматини кўрсатиш. Жумладан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига ҳам яқинда маҳоратли врач, тиббиёт фанлари номзоди Жамшид Алимов бошлиқ этиб тайинланди. У республикада моҳир шифокор сифатида танилган, тиббиёт фанлари доктори, профессор марҳум Рустамжон Алимовнинг фарзанди. Шифокорлар оиласида камол топган, соҳанинг кўпгина сирларини отасидан обдон ўрганган, пойтахтдаги номдор шифохоналарда узоқ вақт меҳнат қилган Жамшид Рустамжонович тиббиёт маркази жамоаси қалбига тез тил топди. Ҳар бир масалада марказнинг тажрибали шифокорлари маслаҳатига суяниб иш юритмоқда. Шифо масканида врачлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор берилаётир. Айниқса, ёш шифокорлар билими ва маҳоратини ошириш мақсадида пойтахтдаги клиникаларга амалиёт ўрганиш учун юбориляпти. Энг асосийси, врачлар сафи маҳоратли ва тажрибали мутахассислар ҳисобига кенгаймоқда.

Янги раҳбарнинг  ташаббуси билан тиббиёт маркази бўлимлари қайта таъмирланиб, замонавий асбоб-анжомлар билан янада бойитилмоқда. Бўлимларда даволанаётган беморларга бир қатор қулайликлар яратилган. Соҳа вакиллари томонидан имтиёзга эга бўлган беморларга бепул тиббий хизмат кўрсатилаётир. Ижтимоий хасталикларга чалинган беморлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, шифохонадан уйига соғлом қайтишига эришилаётир.

Н. УСМОНОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan