Бош саҳифа / Жамият / Дардга дармон бўлиш бахти

Дардга дармон бўлиш бахти

Мамлакатимизда барча жабҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳаси, шу жумладан, онкология тизимини ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил  4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам тизимни янада ривожлантиришда  муҳим  омил  бўлаётир. Соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий хизматлар  самарадорлигини янада ошириш, даволаш ишларини яхшилаш ва самарали усулларни амалиётга татбиқ этишда янги инновацион технологияларни  қўллаш  муҳим ўрин тутади.

Бугунги  кунда вилоят  онкология  диспансерида 199 нафар  олий ва ўрта-махсус маълумотга эга, малакали  ходимлар  фаолият  олиб  бораяпти.

Cўнгги  технологиялардан саналган “Edan Dus”, “Leatz Biomed”, “Screen master”, “Humaclot  junior”, “Gif”  аппаратлари  ёрдамида касалликнинг олдини олиш ва эрта босқичларда аниқлашга эришилаяпти. Жамоанинг муваффақият қозониши бевосита унда раҳбарлик қилаётган кишига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Тиббиёт муассасаси бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори, таниқли  онколог  Жамолиддин  Қаҳҳоров ҳам  ана  шундай  тиниб-тинчимас, фидойи  ва  изланувчан инсонлардандир. Мухбиримиз таниқли шифокордан воҳада онкологиянинг бугунги ривожи ва  истиқболлари  каби   бир  нечта  саволларга  жавоб олди.

Жамолиддин  Неъматуллаевич, сизни онколог шифокорлар оиласи  бошлиғи  сифатида  билишади. Шифокорлик касби сизга отамерос касбми ёки сиздан бошланганми? Суҳбатимиз  дебочасида  шу ҳақда гаплашсак

Бойсуннинг  “Пойгабоши” маҳалласида туғилиб улғайганман. Ҳарбий  бўлишга  қизиқар  эдим. Онамнинг  қатъий истаклари билан шу касбни  танлаганман. Оналар эса фарзандидаги чинакам қобилиятни яхши англай оладилар.

Тошкент тиббиёт институтини тамомлаб, мазкур муассасада илмий  ходим, бўлим  мудири  вазифаларида ишладим. Республика онкология илмий маркази Фарғона филиалида раҳбар  сифатида ҳам фаолият  юритдим.  Айни  пайтда эса вилоятимизда  иш  олиб  бораяпман. Турмуш ўртоғим  Фотима Қаҳҳорова ҳам олий тоифали онколог шифокор. У республика онкология илмий марказида бўлим мудири. Инсон болалигидан касбга меҳр қўйишида у ўсаётган муҳит ва атрофдагилар таъсири кучли бўлади. Ўғлим Алишер ҳам Тошкент тиббиёт академиясининг онкология бўлими илмий ходими, қизим  Диларо  эса Тошкент  стоматология  институтида терапевт-онколог сифатида иш олиб боришаяпти.

— Барча соҳалар қатори онкология йўналишига ҳам катта эътибор қаратилгани боис, бу соҳада ҳам шифокорларимиз томонидан кенг миқёсли изланишлар  олиб  борилмоқда. Буни сизнинг фаолиятингизда  ҳам  кўриш мумкин. Шундай  эмасми?

— 1999 йилда  тиббиёт  фанлари номзоди, 2010 йилда эса фан доктори  бўлдим. Жаҳоннинг кўп давлатларида илмий, амалий  семинарларда Ўзбекистонимиз  номидан  қатнашдим. “Қизилўнгач саратони ташхиси”, “Радиотерапиядан қўлланма”, “Умумий онкология” каби бир нечта асарларим  чоп  этилди. Фан  номзодларини  етиштириб  чиқардим. Баъзан бир йигитнинг бўлгани шунчада — деган гапни эшитганимда, кўнглим хира тортади. Билимнинг,  мақсаднинг  чегараси  бўлмайди. Ўттиз йиллик фаолиятим давомида   ҳар  куни   уч  соат  дарс тайёрлайман, ўз устимда ишлайман, фанларни  ўрганаман.  Абулқосим Фирдавсий айтганидек: Шубҳа йўқ, илмдан тирикдир инсон, машаққат меҳнатни енгади осон.

— Онкология соҳаси кенг бир майдон. Унда қилиниши керак бўлган илмий ишлар, ҳали бу фаннинг очилмаган муаммолари талайгина. Вилоятимизда тиббиётнинг  мазкур  йўналишининг бугунги кундаги ҳолати ва ривожини қандай баҳолайсиз?

— Бугунги кунда кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи, таянч ҳаракат тизимлари, юмшоқ тўқималар, урология, сут безлари, кистектомия, вульваектомия, бачадон экстрипацияси билан боғлиқ онкологик касалликларни ўзимизда жарроҳлик  йўли  билан  самарали  даволаяпмиз. 20 дан ортиқ ходимларимизни нуфузли илмий  таълим муассасаларида малака оширишлари  учун  имконият  яратиб  бердик.  Тиббиёт муассасаси дунёдаги энг  сўнгги  русумдаги техник жиҳозлар билан  жиҳозланиши мумкин, лекин уни ишлатувчи  малакали ходим бўлмаса ундан нима наф? Шу боис ёш ходимларимизни малакасини  янада ошириш учун доимий изланишдамиз. Агар менга ҳазрати Хизр учраб, — Тила тилагингни — дея сўраса, беморларимга дардни оғриғи билан бергин — деган бўлардим. Чунки, бу касаллик яширин ва дастлабки босқичларда оғриқсиз кечади. Онкологик касалликлар оғир босқичларида аниқланса, аксарият ҳолларда беморларни даволаш имконияти бўлмайди. Касаллик эрта босқичларда аниқланса,  онкологик муассасаларда тўлақонли шифо олган беморлар  бу хасталикдан бутунлай фориғ бўлиши мумкин. Бир нарсани айтиш жоиз, Ватанга, ишга  бўлган садоқатли муҳаббат оиладан бошланади. Чунки шифокорликка бўлган меҳримиз, садоқатимизга оиладаги муҳит сабаб бўлган бўлса керак, деб ўйлайман. Қолаверса, инсонларнинг дардига малҳам бўлиш  савоб ишлардандир.

Сарвар ТЎРАЕВ  суҳбатлашди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE