Бош саҳифа / Жамият / Дард борки, давоси бор

Дард борки, давоси бор

Иссиқ жон иситмасиз бўлмас,—дейди халқимиз. Ўзининг соғлиғи ҳақида мудом қайғурадиган энг соғлом одам ҳам шамоллаш, грипп ва бошқа касалликлар туфайли йилига камида бир ёки икки марта тиббиёт ходимларига мурожаат қилади. Ташхисдан сўнг табиийки, врач албатта, беморни дорихоналарга йўллайди. Дорихоналарда эса дори-дармон воситаларининг нархи ҳар хил. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди. Мамлакат Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан сўнг, бу масалада бир қатор ижобий ишлар қилина бошланди. Мухбиримизнинг “Сурхон дори-дармон” МЧЖ директори Низом Шарипов билан суҳбати шу ҳақда бўлди.
—Аввало МЧЖ жамоаси фаолияти билан таништирсангиз…
—Ташкилотимиз ва ходимларимизнинг асосий вазифаси аҳоли ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори воситалари, шунингдек, тиббиёт буюмлари билан таъминлашдан иборат. Бугунги кунда жамият тасарруфида 14 та марказий дорихона ҳамда 123 та дорихона шохобчаси (шунинг 80 таси чекка қишлоқлардаги ҚВПлар қошида)да дори-дармон савдоси амалга оширилаяпти. Бундан ташқари, махсус жиҳозланган 6 та “Damas” русумли автомашинада “Кўчма дорихона” ташкил қилганмиз, улар орқали дорихона мавжуд бўлмаган олис қишлоқлар аҳолисига манзилли режа бўйича дори-дармон билан савдо қилинаяпти. Шунингдек, вилоятнинг турли гўшаларида фаолият кўрсатаётган 345 та хусусий дорихонани ҳам шартнома бўйича зарур дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаяпмиз. Албатта, барча дорихоналарга фақат “Сурхон дори-дармон” МЧЖ маҳсулот етказиб бераолмайди. Рақобатчиларимиз “Асклепий”, “Соната холдинг”, “Ўтан полвон” каби турдош ташкилотлар ҳам шартнома асосида дорихоналарга дори-дармон ва тиббиёт буюмлари етказиб бермоқда.
—Сиз раҳбарлик қилаётган жамият дори-дармонларни фармацевтика корхоналаридан келтирадими ёки мутахассисларингиз ҳам айрим дориларни тайёрлашадими?
—Жамиятимиз дори-дармон ва тиббиёт буюмларини республикамиздаги “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси, “Ўзбекистон дори таъминоти” ташкилоти тизимидаги фармацевтика корхоналари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналардан шартнома асосида келтириб, биринчи навбатда ташкилотимизга қарашли дорихоналарга ҳамда даволаш-профилактика муассасаларига, сўнгра хусусий дорихоналарга тарқатади. Ўтган йилдан бошлаб жамиятимизга қарашли Бойсун, Олтинсой, Сариосиё туманларидаги доривор ўсимликлар хом ашёсини қайта ишлаш ва қадоқлаш цехларида 6 турдаги шифобахш ҳамда доривор гиёҳлар ишлаб чиқарилаяпти. Шунингдек, Бойсун туманидаги 4-, Термиз шаҳридаги 14- марказий дорихоналарда 18 турдаги стерил дори тайёрланиб, дорихоналар ҳамда даволаш профилактика муассасаларига етказилмоқда. Ўар соҳанинг етук мутахассислари бўлгани каби жамиятимизда ишлаётган 272 нафар ходимнинг барчаси тажрибали. Уларнинг 43 нафари олий маълумотли, 93 нафари ўрта махсус маълумотли фармацевтлардир. Термиз шаҳридаги 14-марказий дорихона ва унинг мудираси Марҳабо Аллаёрова, Бойсун туманидаги 4- марказий дорихона мудири ўулом Тошбоев, Шўрчи туманидаги 6-марказий дорихона ва мудири Неъмат Жўрақуловлар фаолияти ҳар томонлама ибратга лойиқ. Қаҳҳор Худойназаров, Чори Нуриддинов, Дилмурод Раҳмонов, Соатмурод Холбоев каби тажрибали ҳайдовчиларимиз жамиятимизга қарашли 4 та “Damas” ва иккита “Isuzi” русумли автомашиналарда ҳар куни олис қишлоқ ва туманлардаги дорихоналарга дори-дармон етказишмоқда.
—Авваллари бир шаҳар ёки туманда саноқли аптека бўларди. Ҳозир ҳар қадамда дорихонага дуч келасиз. Масалан, бир касалхона атрофида йигирма-ўттизталаб аптека бор. Дори-дармон нархи эса ҳар хил. Нега?
—Дорихоналарнинг кўпайишига сабаб аҳолининг дори-дармонга талаб-эҳтиёжи ортиб бораётганидандир. Одамлар ўз соғлиги ҳақида кўпроқ қайғурадиган бўлиб қолишди, соғлом бўлишни исташаяпти. Бир сўз билан айтганда, ўз соғлиқларига нисбатан бепарво бўлмай, тезроқ тузалишни хоҳлашаётир. Нарх-наво масаласига тўхталадиган бўлсак, хусусий дорихоналар дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини асосан улгуржи савдо билан шуғулланувчи фирмалардан харид қилишади. Менимча, айни пайтда, бизнинг жамиятга қарашли бўлмаган бошқа дорихоналарда ҳам нарх-наво тартибга солинди. Республика Президентининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан кейин тизимимиздаги барча дорихоналарда 343 номдаги (116 номдаги маҳаллий ва 227 номдаги хориждан келтирилган) дори-дармон воситалари ва тиббий буюмлар қатъий белгиланган нархларда сотилмоқда. Дори-дармонларнинг нархномалари рўйхати ҳар бир дорихонада алоҳида кўринадиган жойда илиб қўйилган.
—Алоҳида тоифадаги ва бир қатор имтиёзларга эга бўлган беморларни дори-дармонлар билан таъминлаш аҳволи қай даражада?
—Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги 204-сонли қарорига асосан “Сурхон дори-дармон” МЧЖ га қарашли Термиз шаҳри ва туманлар марказий дорихоналаридан онкологик, сил, мохов, эндокринологик, руҳий касалликларга чалинган, ОИВни юқтирган, юрак клапанини протезлаш ва органларини кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган кишилар, фронт орти меҳнати иштирокчилари, чернобилчилар, байналминалчи жангчилар, ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга имтиёзли рецепт асосида дори-дармонлар етказиб берилмоқда.
—Яқиндан бошлаб ижтимоий дорихона, деган гап чиқди. Улар фаолияти ҳақида нима дейсиз?
—Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунига асосан ўтган йили ижтимоий дорихоналар ташкил этиш бўйича қабул қилинган Низом ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги фармацевтика фаолиятини лицензияловчи органи томонидан берилган лицензияга кўра вилоятимизнинг барча шаҳару туманлари марказий дорихоналари қошида ижтимоий дорихоналар очилди. Бундан кўзланган асосий мақсад биринчи галда аҳолини ижтимоий ҳимоялашдир. Мазкур дорихоналар савдо залида мижозлар доривор ўтлардан тайёрланган дамламалар истеъмоли учун ҳамма қулайликлар яратилди. Бир бурчакда юмшоқ ва қаттиқ мебеллар тўпламлари жойлаштирилган, фитобарлар ташкил қилинган. Бу дорихоналарда харидорларга тавсия этилаётган дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг асосий қисми маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган, аммо импорт ўрнини босувчи, шунингдек арзон нархлардаги импорт дори-дармонларидир.

Суҳбатдош:
Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE